ЁШЛАР – ЮРТ КЕЛАЖАГИ

ЁШЛАР – ЮРТ КЕЛАЖАГИ

Амалдаги 2024  йил юртимизда – “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” сифатида келажагимиз эгаларининг юрт равнақи ва тараққиёти, юксалиши  йўлидаги ғайрат –шижоатини оширади. Уларни ҳалол ва самарали меҳнати, юксак салоҳият ила билим олишига мустаҳкам омил бўлади. Ҳар бир соҳада ёшларнинг фаол иштироки, ютуқ ва муваффаққиятлари юзага чиқади. Фарғона шаҳридаги юридик техникумда ўтказилган “Ёшлар келажагимиз, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш” шиори остидаги  талаба- ёшлар билан учрашувда ана шу ҳақда сўз борди. 

2024-02-09 13.19.25
Ёшларнинг ҳақиқий маънодаги келажак эгалари қилиб тарбиялаш учун кейинги йилларда мамлакатимизда мустаҳкам  ҳуқуқий ва амалий асос яратилди. Аниқроқ айтганда, кейинги 7 йил давомида ёшлар сиёсати самарадорлигига оид 100 га яқин қонун ва қонуности ҳужжатлари, жумладан, 2016 йил 14 сентябрда Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида” ги қонуни қабул қилинди. 2017 йил 30 июнда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилиб, унинг асосий мақсади ёшларнинг барча ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва амалга оширишга қаратилди. Ўз навбатида, Президент таклифига кўра, “Ўзбекистон Республикасида ёшлар кунини белгилаш тўғрисида” ги қонун билан 30 июнь –“Ёшлар куни” деб эълон қилинди.  

2024-02-09 13.20.29
Учрашувда сўз олган Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Хуршиджон Аҳмедов бу ҳақда атрофлича тўхталиб ўтди. Жумладан, сўнгги йилларда ёш йигит-қизларимиз учун яратилаётган кенг кўламдаги имконият ва шароитлар, уларнинг ўқиб-ўрганишлари, ўзлари қизиққан соҳаларда қизғин фаолият кўрсатишлари учун берилаётган эътибор ва ғамхўрлик нафақат юртдошларимиз, балки дунё ҳамжамияти томонидан ҳам эътироф этилмоқда.  Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг истеъдодини юзага чиқариш учун ҳар бир ҳудудда алоҳида чора-тадбирлар белгиланган. 

2024-02-09 13.20.38
Вилоят ҳокимининг ўринбосари мазкур учрашувда фаол ёшлар билан қизғин мулоқот қилди. Уларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифларини тинглади. Талабалар томонидан берилган саволларга жавоблар берди. 

2024-02-09 13.20.34
Тадбир доирасида йигит-қизлар Фарғона вилоятида ҳозирда ёшларга оид давлат сиёсати доирасида  олиб борилаётган ишлар, айниқса, туризм ҳамда экотуризм борасида эришилган ютуқлар, истиқболдаги режалар, вилоят ёшларига берилаётган имтиёзлар ҳусусида дилдан суҳбат қурдилар.    

2024-02-09 13.20.42
 – Сиз она Ватанимиз, элу-юртимизнинг мустаҳкам ишончи, порлоқ келажаги, эртамизнинг умидисиз, – деди уларга мурожаат қилиб вилоят ҳокимининг ўринбосари Хуршиджон Аҳмедов. – Яратилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланаётган юксак билимли, замонавий фикрлайдиган, қатъий позицияга эга ёшлар мамлакатнинг бугунги ва эртанги тараққиётида тобора ҳал қилувчи кучга айланиб бораётганини ҳар биримиз кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз. Шундай экан, жамиятимиз равнақининг ҳар бир жабҳасида ўз билимингиз, замонавий тажрибангиз билан фаол иштирок этиб, халқимиз, Президентимиз ишончини оқлашингизда зафарлар тилаймиз. Буюк аждодларимизга муносиб ворис бўлиб, янги Ўзбекистонимизнинг янгидан янги марраларини забт этишингиздан умидвормиз. Бу йўлда барча мутасаддилар, раҳбар ва  масъуллар сизга ҳаммаслак ва кўмакдош бўлади.

Учрашув сўнггида вилоят ҳокимининг ўринбосари Хуршиджон Аҳмедов юридик техникум кутубхонасига “Ўзбекистон ҳунармандчилиги” китоб-альбомини совға қилди. 

 

Дилдора Давлатёрова,
Фарғона вилояти туризм бошқармаси 

бўлим бошлиғи.