ТАРҒИБОТ ОЙЛИГИ ДАВОМ ЭТМОҚДА
Ўзбекистон Экологик партияси марказий Кенгаши ташаббуси билан август мамлакатимизда экологик маданиятни тарғиб қилиш ойлиги деб эълон қилинди. Мингбулоқ туманидаги маҳалла ва ташкилотлар, таълим муассасалари, меҳнат жамоаларида ҳам ушбу ойлик доирасида қатор амалий тадбирлар ташкил этилмоқда.
Кишилик жамияти ўз тараққиёти давомида она табиат бағридаги барча унсурларни ўз манфаати учун йўналтира олди. Бу неъматлар хоҳ ер усти ва хоҳ ер ости, чексиз денгизу-уммонлар бағри ва ёки кўкда бўлса-да, одамларнинг ўлжасига айланди. Фан-техниканинг жадал ривожланиши, саноат ва қишлоқ хўжалигидаги янгиликлар даставвал инсонларга фойда келтирган бўлса, кейинчалик табиий ресурслардан нооқилона фойдаланиш ҳамда атроф муҳитга шафқатсиз муносабат бугун дунё миқёсидаги глобал муаммоларга сабаб бўляпти ва тириклик оламини таназзул сари бошламоқда. Бу ташвишли вазият замирида замондошларимизнинг экологик маданият борасидаги эътиборсизликлари ҳам бор. Чунки, одамлар табиат ва унинг бойликлардан фойдаланишда уларни туганмас деб ҳисоблади. Холбуки, бугун айнан шу хато атроф-муҳит ҳолини забун қилди. Ҳозирда ер юзининг баъзи ҳудудларидаги одамлар қатор табиий бойликларнинг тақчиллашиб бораётганидан, озиқ-овқат заҳираларининг етишмовчилигидан азият чекаётган бўлса, яна бошқа манзиллардаги табиий офатлар инсонлар ҳаётига зомин бўляпти. Бу табиатга нотўғри муносабат учун ўзига хос жавобдир.
Қолаверса, туганмасдек кўринган сув ресурслари, хусусан дунё океанларининг каттагина қисми бугун чиқиндига тўлди. Улар бағрида умумий ҳажми 60 миллиард тоннадан зиёд бўлган ахлат ороллари пайдо бўлди. Уммонлар юзаси ва сув остини қоплаган пластик чиқиндилар унинг флора ва фаунасига жиддий зарар етказяпти. Нактижада кўплаб ўсимлик ва ҳайвонот дунёси вакиллари тез фурсатларда қирилиб кетаётир ва яқин келажакда уммонлар инсон учун ҳаёт манбаи эмас, балки ҳалокат майдонига айланиш хавфига юз бурмоқда.
Бундан ташқари бугун саноат ва транспортдан ҳавога кўтарилаётган чиқиндилар атмосферада тўпланиб, ердан қайтаётган қуёш нурини тўсиб қолаётир ва иқлим ўзгаришларини юзага келтирмоқда. Оқибатда сайёрамиздаги асрий музликлар, Антарктида, Арктика, Гренландия каби ороллардаги музликлар тез суратларда эриб боряпти ва жараён шундай давом этса асримиз охиригача океан сувлари ҳозирги сатҳидан икки метргача баландликка кўтарилиши мумкин. Бу дегани, яна ярим аср ичида дунё океанидаги минглаб ороллар, орол давлатлар бутунлай, соҳил бўйи мамлакатларининг эса катта қисми сув остида қолади.
Айни йўналишдаги муаммолардан яна бири сифатида ичимлик сувини алоҳида таъкидлаш жоиз. Чунки, сув она сайёрамизда қанча катта майдонни эгаллаган бўлмасин, унинг атиги икки фоизигина ичишга яроқли, холос. Шу боис ҳозирда курраи заминнинг кўплаб минтақаларида ичимлик суви бошқа табиий бойликлар, хаттоки нефт маҳсулотларидан қиммат туради. Дунё аҳолисининг тўртдан бир қисми тўйиб сув ичмайди.
Албатта, санаб ўтилган муаммолар дунё миқёсидаги холат. Баъзилар буни биз учун унчалик алоқаси йўқ, деб ҳисоблашга уринади. Бу катта хато. Чунки, сув ва ундан оқилона фойдаланиш, ифлослантирмаслик, асраб-авайлаш борасида мамлакатимизда ҳам етарлича камчиликлар бор. Аксарият жойларда ичимлик суви кун бўйи оқиб ётса, бошқа жойда оқар сувларни беҳуда зовурларга ташлаб юборилганлигини кўрасиз. Оқибатда айни зарур пайтда агротехник тадбирлар учун сув етмай қоляпти. Бу ўз навбатида стратегик муҳим хом ашё ҳамда озиқ-овқат етиштиришга салбий таъсир ўтказади. Ёҳуд дарё ва сой сувларининг ўз манзилига етиб бормаслиги туфайли юзага келган Орол ҳалокати, минтақадаги аҳоли ҳаётидаги муаммолар ҳам тоза, ичимлик суви етишмаслиги билан боғлиқ. Айнан Оролнинг қуриши оқибатида ҳудудда юзага келган туз ва қум бўронлари таъсири ер шарининг барча ҳудудларига етиб борди.
Бугун Мингбулоқ туманида ташкил этилаётган тарғибот тадбирларида аҳоли вакиллари, ёшлар ва ишчи-хизматчиларга айнан шу мавзудаги маълумотлар тақдим қилиняпти. Партия фаоллари, халқ депутатлари маҳаллий Кеннгашига сайланган депутатларимиз ўз сайловчилари ҳузурида, жойларда ўтаётган учрашувларда бу ҳақда атрофлича тўхталиб ўтишяпти. Чунки Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йил 15 майда имзоланган “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорда бу борада депутатларимизнинг асосий вазифалари ҳамда муҳим йўналишлар белгилаб берилган.
Шу ўринда ҳаётий бир ҳақиқатга тўхталиб ўтиш жоиз. Ҳар қандай экологик муаммо бутун башариятга дахлдор. Унинг катта ёки кичиги бўлмайди. Буни ҳар бир юртдошимизга етарлича тушунтириш, экологик маданият тарғиботини янада кучайтиришда партия дастур ва мақсадларидан келиб чиқиб иш ташкил қилиш, ҳар бир инсонда она табиат ва унинг моддий бойликларига нисбатан меҳр уйғотиш, хусусан, ёш авлодни Ватанга, атроф-муҳитга нисбатан муҳаббат руҳида тарбиялашга ҳисса қўшиш долзарб вазифамиздир.
Фахриддин Исоқов,
Ўзбекистон Экологик партияси
Мингбулоқ тумани Кенгаши раиси.