ТАБИАТНИ АСРАШ – ТИРИКЛИКНИ АСРАШ ДЕМАКДИР

ТАБИАТНИ АСРАШ – ТИРИКЛИКНИ АСРАШ ДЕМАКДИР

Жами тирик жонзотларга ватан бўлган, ўз бағридан нозу-неъматлар берган Она табиат бугун инсониятнинг эътибори, меҳрига ташна бўлиб турибди. Негаки, асрлар давомида унинг барча бойликларидан истаганча фойдаланди-гу, аммо муносиб жавоб қайтармадик. Асраб-авайлашга, муҳофаза қилишга етарлича эътибор бермадик. Бугун ана шу хатоларимизни тузатмасак эртага кеч бўлади. 

 

photo_2023-08-22_16-51-48

Бугун 5 июнь – Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни. Бу сана инсоният томонидан 1972 йил 5 июндан бери нишонлаб келинади. Бу ҳақдаги қарор ўша йили атроф- муҳитни муҳофаза қилиш бўйича Стокголмда ўтказилган конференциянинг резолюциясига асосан қабул қилинган.  Шундан бери қатор мамлакатларда бу масалага жиддий ёндошув бошланди. Хусусан, ҳозирда табиатни муҳофаза қилиш масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2025  йилни –“Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили” деб номланиши замирида ҳам айнан шу эътибор ўз исботини топган.

Шу боис Фарғона вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш  ва иқлим ўзгариши бошқармаси ходимлари ҳам ҳар йилгидан-да кўпроқ масъулият билан меҳнат қилмоқдалар. Асосий эътибор аҳоли ўртасида экологик маданиятни тарғиб  қилиш билан бирга содир этилаётган қонун, ҳуқуқбузарликларга қарши самарали курашишга қаратилган. Натижада, амалдаги йилнинг шу даврига нисбатан бошқармамиз ходимлари томонидан вилоятда ўтказилган 2096  назорат-рейд тадбирларида 2090 нафар шахсларга нисбатан 1 миллиард 848 миллион сўмлик маъмурий жарималар расмийлаштирилди. Ундан 1519 та ҳолатдаги  647  миллион сўмдан зиёд жарималар эса ундириб олинди. 

photo_2025-04-03_14-38-43

Бундан ташқари ҳозирда асосий эътибор “Яшил макон” умммиллий лойиҳаси ижросига қаратилган. Айни йўналишда вилоятимизда жорий йил баҳорги мавсумида 9,5 миллион туп манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатлари экиш режалаштирилган бўлиб,  “Яшил макон” платформасига киритилган маълумотга кўра 23 май ҳолатига экилган кўчатларнинг умумий сони 11 миллион 916  минг тупни ташкил қилмоқда. 

Очиғини айтиш керак, вилоятимизнинг умумий кўрсаткичи ижобий бўлса-да, айрим шаҳар ва туманларда бу масалага етарлича эътибор қаратилмаган. Жумладан, жойлардаги ободонлаштириш бошқармаларининг сусткашлиги сабаб дарахт экиш режаси  Марғилон шаҳрида 59,4 фоизга, Учкўприк туманида эса 21,3  фоизга бажарилган, холос. Саноат корхонлари томонидан “Яшил белбоғ”лар яратиш бўйича режа Марғилон шаҳрида 67,6 фоиз, Қувасой шаҳрида 43,4  фоиз, Қўқон шаҳрида 51,7  фоиз, Сўҳ туманида 44,4 фоизни ташкил қилади. Бу каби камчиликларни  Олий таълим муассасалари ҳамда уларга туташ ҳудудлар, чиқинди полигонлари атрофида ихота дарахтзорларни барпо этиш  борасида ҳам кўриш мумкин. 

photo_2025-01-30_19-43-53

Бошқармамиз ходимлари вилоятдаги сув, ер ресурслари ва ер ости бойликларини муҳофаза қилиш борасида ҳам тизимли иш олиб боришяпти. Мавжуд 214 та қазилмагоҳлардан 201 та автокорхоналар фойдаланаётган бўлиб, ушбу кон ҳавзаларида тўла хатлов ишлари олиб борилди.  Қазилмагоҳ сифатида фойдаланиб бўлинган ер майдонларини босқичма-босқич 2022-2025 йилларда рекултивaция қилиш режа-жадвалига асосан, 2025 йилда жами 20,1 гектар ер майдонни рекултивaция қилиниши режалаштирилди. Вилоят ҳудудида фаолият олиб борувчи 29 та қазилмагоҳларнинг фойдаланиб бўлинган   ер майдонларини рекультивация қилиш юзасидан алоқадор ташкилотларга огоҳлантириш хатлари чиқарилди.  Вилоят ҳудудида фаолият олиб борувчи 6 та саноат корхоналарида, яъни  “Фарғона Исссиқлик Электр маркази” акциядорлик жамияти, Қўқон шаҳар  “Trikoror” масъулияти чекланган жамияти,   Қувасой шаҳар “Қувасойцемент” акциядорлик жамияти, Фарғона шаҳар “Fergana Global Textile” масъулияти чекланган жамияти,  Марғилон шаҳар “Nurli Tong-Silk” масъулияти чекланган жамияти,  Бешариқ тумани “LuxYanTex” масъулияти чекланган жамиятларига ўз маблағи ҳисобидан юқори самарадорликка эга локал оқава сув тозалаш иншоотларини ўрнатиш ҳамда мавжудларини модернизация қилиш юзасидан огоҳлантириш хатлари берилди.  

photo_2023-11-08_19-32-57

Фарғона вилояти  водийнинг нисбатан саноатлашган ҳудуди ҳисобланади. Шу боис атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш борасидаги тадбирлар кўлами ҳам анчагина салмоқли. Хусусан, бошқарма томонидан вилоятда атроф-муҳитга таъсири бўйича биринчи ва иккинчи тоифага мансуб  15 та хўжалик юритувчи субъектларга юқори самарадорликка эга чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш ҳамда мавжудларини модернизация қилиш юзасидан  тегишли кўрсатмалар берилди. Чанг ва  газ тозалаш ускуналарини модернизация қилиш бўйича ҳозирги кунга келиб Фарғона шаҳар “Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи” масъулияти чекланган жамияти, “Фарғонаазот” масъулияти чекланган жамияти, Ёзёвон тумани “Майрам” хусусий корхоналари ва Учкўприк туманида жойлашган  4 та  пишган ғишт заводларида Хитой давлатида ишлаб чиқарилган замонавий, янги 8 дона  чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатилиб, мавжудлари модеринизация қилинди. Шунингдек, атроф-муҳитга таъсири бўйича биринчи ва иккинчи  тоифага кирувчи хўжалик юритувчи субъектларда 2025-2026-йилларда юқори самарадорликка эга янги чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш ва мавжудларини модернизация қилиш бўйича ҳудудлар кесимида тармоқ жадвали ишлаб чиқилди. Фарғона шаҳридаги “Фарғона иссиқлик электр маркази” корхонасига атмосферага ташланаётган зарарли моддаларни доимий назорат қилиш мақсадида автоматик станция ўрнатилди.

Жорий йилнинг 10  апрелидан 10 майгача ўтказилган “Тоза ҳаво” ойлигининг биринчи босқичида вилоятдаги 17325 та автотранспорт воситалари назоратдан ўтказилиб, атрофга меъёридан ортиқ газ ва тутун чиқараётган 136 та бензин, 96 та дизел, 620 газ ёқилғисидан фойдаланувчи атотранспорт воситалари аниқланди. Мазкур автотранспорт воситалари махсус автомобилларга техник хизмат кўрсатиш устахоналарида таъмирланганидан сўнг, қайта ўлчаниб фойдаланишга рухсат берилди. Меъёрига келмаган 11 та автотранспорт воситаларини ЙХХБ ходимлари томонидан вақтинчалик тўхтатилди. 

photo_2024-06-20_16-55-12-1

Вилоятимизда биохилма-хилликни асраш ва кадастрини юритиш бўйича ҳам сезиларли натижаларга эришиляпти. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022  йил 22 февралдаги “Махсус электрон тизим орқали рухсат этиш хусусиятига эга айрим ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги ягона низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига  асосан жорий йилнинг шу кунига қадар вилоятимиз туман ва шаҳарларидан “Лицензия” ахборот тизими орқали ўрмон фондига кирмайдиган дарахтларни кесиш ҳамда бошқа жойга кўчириш учун келиб тушган мурожаатлар жами 57 та ни ташкил этиб, унда давлат ўрмон фондига кирмайдиган 11255 туп дарахт ва буталарни кесиш, кўчириб ўтказиш ҳамда буташ сўралган. Мурожаатлар, жойига чиқиб ўрганиш натижаси  11255 туп турли ҳилдаги қимматбаҳо ва манзарали дарахтлар кесилишидан сақлаб қолинди. Шаҳар ва туман бўлимлари томонидан шу кунга қадар ўрмон фондига кирмайдиган жами 60311 туп дарахтлар хатловдан ўтказилиб платформага маълумотлари юкланди  ва бу борадаги тадбирлар давом эттирилмоқда. Шунингдек, ҳукуматимизнинг тегишли қарорига кўра  вилоятимиз ҳудудидаги юз  ва юз ёшдан ошган дарахтларни хатлови ўтказилиб, жами 40 туп юз ёшдан ошган дарахтларга ёдгорлик мақоми бериш тўғрисида қарорлар қабул қилинди. Дарахтларнинг  атрофи темир тўсиқлар билан ўралиб, ёдгорлик мақоми берилганлиги тўғрисида ёритиб ўтилган махсус баннерлар ва жиҳозлар билан таъминланди. Давлатимизга ташриф буюрган туристлар учун дарахтларни кўришга етарли шароитлар яратилди. 

photo_2025-05-07_09-51-58

Сирасини айтганда, Фарғона вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ходимлари табиатни муҳофаза қилиш, соҳага доир қонунлар  ижросини таъминлаш, аҳолининг экологик маданиятини ошириш борасида тизимли иш ташкил қилмоқдалар. Мана шундай шарафли, масъулиятли вазифада фаолият юритаётган барча ҳамкасбларимиз, табиат муҳофазаси жонкуярлари,  юртдошларимизни бугунги сана – Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни муносабати билан самимий қутлайман. Уларнинг бу борадаги ишларига ривож, ғайрат-шижоат тилайман.

 

Баҳромжон Жуманов,

Фарғона вилояти экология, атроф-

муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши 

бошқармаси бошлиғи.