ОЗОН ҚАТЛАМИ – ЗАМИН ҚАЛҚОНИ
Йигирманчи асрнинг сўнгги ўн йиллигида инсоният озон қатламининг емирилиши, озон туйнуклари пайдо бўлиши хавфига дучор бўлди. Ўзининг ноёб табиати, бошқа сайёралардан фарқли ўлароқ одамлар, ҳайвонлар ва ўсимликлар ҳаёти учун мос бўлган она заминдаги экотизимга жиддий таъсир ўтказувчи бу муаммо глобал аҳамият касб этади. Шу боис ҳар йили 16 сентябрни дунё ҳамжамияти Халқаро озон қатламини ҳимоя қилиш куни сифатида нишонлайди.
Озон қатлами ҳақида гапиришдан аввал бу модда ҳақида етарлича маълумотга эга бўлиш лозим. Озон ўзига хос ҳидли, кўк рангли газсимон моддадир. У ер юзидан 50 километргача баландликда учрайди, аммо унинг катта қисми 25 километр оралиғида жойлашган. Кўпчилик стратосферадаги тешик ўзига хос бўшлиқ деб ҳисоблайди.Бу нотўғри. Озон тешиги бу – газ концентрациясининг пасайишидир.
Озон туйнукларини даставвал инглиз олими Джо Фарман 1985 йилда аниқлаган. Шу йили юзага келган бўшлиқларнинг циклик кўриниши ёз охирида - августда ўсиб, қиш мавсумининг бошланиши билан, декабрга келиб ғойиб бўлди. Аниқланиш вақтида газ концентрацияси 40% га камайди. Кейин, 1992 йилда, дунёнинг шимолий қисмида иккинчи аномал зона қайд этилди.
Озон тешикларининг пайдо бўлиши табиатга хос бўлган жараёнлар натижасидир. Уларнинг вужудга келиши антропоген омиллар сабаб – ишлаб чиқариш корхоналарининг кун сайин ортиб бориши натижасидир. Муаммо шундаки, инсоннинг атмосферадаги ҳаракатлари натижасида агрессив таркибий қисмлар доимий равишда ҳавога чиқарилади ва озон қатламини емирилишига сабаб бўлади. Бунда асосан хлор, водород, бром, фреон, водород хлориди, азотли моддалар, метан ва бошқа газлар асосий ўринда туради. Таассуфли жойи шундаки, ушбу моддалар таъсирида емирилаган стратосферани тиклаш бир неча ўн йилдан кўпроқ вақтни олади. Бу табиатда тўпланган фреонларнинг жуда катта миқдори билан боғлиқ. Агрессив таркибий қисмлар ўнлаб йиллар давомида, бошқалари эса асрлар давомида мавжуд бўлиши мумкин. Уларнинг стратосферадаги озон билан бир марта алоқаси ҳалокатли реакцияга сабаб бўлади. Шунингдек, ракеталарда космосга тез-тез парвоз қилиш ва самолётларнинг юқори баландликда учиши ҳам яна бир омил саналади.
Табиий аномалия ҳақида биринчи эслатма Антарктида устидаги озон тешиги очилганидан кейин пайдо бўлди. Шундан сўнг бундай тешик Арктика бўйлаб кашф қилинди. Ушбу иккита озон тешиги энг катта деб тан олинган ва вақти-вақти билан танқидий даражага етади. Ўшандан бери геофизиклар уларни дунёнинг турли бурчакларида топдилар ва Хитой устида жойлашган озон тешигига алоҳида эътибор қаратилади. У углерод тетрахлоридининг чиқиши натижасида ҳосил бўлади ва ўсади. Ўрнатилган стандартлар мамлакат томонидан эътиборга олинмайди ва озон қатламини емирувчи таркибий қисмларнинг эмиссияси кўпайди. Экологик вазиятни доимий равишда кузатиб боришига қарамай, қайси компания стандартларни бузаётгани номаълум.
Хўш, озон тешиклари қандай салбий таъсирга эга?
Қуёш Ер сайёрасида иссиқлик ва ёруғлик манбаи. Қуёш туфайли табиатда тириклик ва доимий ривожланиш мавжуд. Аммо озон қатламисиз ёрқин юлдузнинг ерга таъсири ҳалокатли бўлиши мумкин. Жумладан, стратосферанинг асосий вазифаси ерни салбий ултрабинафша нурланишидан ҳимоялашдир. Ушбу қатлам ўзига хос фильтр вазифасини ўтайди. Озон тешикларининг кенгайиши ҳароратнинг ошишига олиб келади, бу иссиқхона таъсирини келтириб чиқаради ва инсон саломатлигига салбий таъсир қилади. Кўплаб тирик организмлар тўғридан-тўғри қуёш нурлари таъсирида нобуд бўлади. Озон қатламининг йўқ қилиниши онкологик касалликлар сонининг кўпайишига олиб келади. Ҳайвонлар, ўсимликлар, ҳашаротлар ва ҳаттоки бактериялар учун ҳам бу зарарлидир. Озон тешиклари пайдо бўлишининг энг даҳшатли оқибати ерда тирик мавжудотлар ва организмларнинг бутунлай йўқ бўлиб кетиши ҳисобланади. Жумладан, Австралия устидаги туйнук аллақачон ҳудуддаги қурғоқчилик ва қишлоқ хўжалигидаги фаолиятнинг пасайишига олиб келди.
Шундай экан, бугун инсоният бу муаммони ҳал қилиш учун бош қотириши керак. Чунки, озон тешикларининг шаклланиши муҳим, глобал экологик муаммодир. Уни бартараф этиш учун олимлар учта омилни илгари суришади. Яъни, ишлаб чиқариш корхоналари ва тозалаш иншоотлари трубаларига тутун ва чанг тутувчи фильтрлар ўрнатиш, таркибида кимёвий моддалар бўлган ўғитларни органикага алмаштириш, анъанавий ёқилғи ўрнига электр энергиясидан фойдаланишга ўтиш талаб этилади. Бунда шамол кучи ва қуёш энергиясидан ҳам фойдаланиш мумкин. Шу ўринда озон тешикларини бартараф этишдан кўра, уларнинг пайдо бўлишининг олдини олиш муҳим ва осонроқ. Муаммо пайдо бўлган ҳудудларда эса газ қобиғининг юқори қатламларини тиклаш чораларини кўриш керак.
Бу борадаги вазиятни барқарорлаштиришдаги биринчи қадам 1985 йилда Озон қатламини ҳимоя қилиш бўйича Вена конвенциясининг қабул қилиниши билан бошланган бўлса, 1987 йилда бу борада Монреал протоколи тасдиқланди. Унда озон қатламини бузувчи элементларнинг рўйхати ва ҳаво чиқиндиларини тартибга солиш бўйича тавсиялар келтирилган, транспорт воситаларининг сонини камайтириш зарурлиги кўрсатилган.
Мухтасар қилиб айтганда, башариятнинг табиатга нисбатан ўйламай қилган муносабати, хўжасизлиги бугун ўзининг салбий таъсирини намоён этмоқда. Биргина озон туйнуги муаммоси қанча-қанча ташвишларга олиб келяпти. Демак, бугун она табиат муҳофазаси йўлида бутун инсоният қайғурадиган вақт келди. Зеро, эртанги аттангдан асло фойда бўлмайди.
Абдувоҳид Ғофуров.