ОБОДЛИК ЎЗИМИЗГА БОҒЛИҚ

ОБОДЛИК ЎЗИМИЗГА БОҒЛИҚ

Бугун инсониятни  ташвишга солаётган асосий глобал муаммолардан бири кун сайин жиддийлашиб бораётган экологик вазият ҳисобланади. Бир томонда иқлим ўзгариши натижасида юзага келаётган табиий офатлар сони тобора кўпаяётган бўлса, иккинчи томондан  ўрмон ёнғинлари, денгиз ва уммонлар сатҳининг кўтарилиши, сув, тупроқ ва ҳавонинг ифлосланиши замондошларимизни огоҳликка чорлаяпти. Афсуски, бу борада энг катта муаммо аҳоли орасида экологик маданиятнинг етишмаслигидир. 

2024-03-13 21.39.20
Фикримизнинг исботи учун эътиборингизни жойларда урчиб бораётган бир иллат- белгиланмаган жойларга чиқинди ташлаш муаммосига қаратмоқчимиз. Бугун қишлоқ ва маҳаллаларда, белгиланмаган жойларда бир кечада пайдо бўлиб қолаётган ахлат уюмларига аёвсиз кураш олиб борилаётган пайтда энди ана шу ҳолатни катта йўл бўйларида, автомагистраллар ёқаларида ҳам учратиш мумкин бўлиб қолди. Ёмон жиҳати ана шу йўлларнинг аксарияти халқаро аҳамиятга молик бўлиб, ундан ҳаракатланаётган  хорижлик меҳмонларнинг бу манзарадан энсаси қотиши аниқ. Негаки, аксарият сайёҳ ва хорижликлар юртимизни обод ва сўлим диёр деб билишади.

2024-03-13 21.40.02
Демак, бугун чиқиндилар ва уларни белгиланмаган жойларга ташлашдек аянчли ҳолатга нисбатан нафақат соҳага масъул ходимлар, балки бутун жамоатчилик астойдил кураш олиб бормоғи керак. Бунинг учун энг аввало кишилар орасида экологик маданиятни юксалтириш лозим. 

Шу ўринда айтиш лозимки, бизнинг “Анд - обод” масъулияти чекланган жамияти мана икки йилдирки юрт ободлигини таъминлаш йўлида фаолият олиб боряпти. Жумладан, ташкилотимизнинг Хўжаобод, Пахтаобод ва Избоскан тумани филиалларида аҳолига намунли хизмат кўрсатиш учун барча имкониятлар ишга солиняпти. Бунинг учун ихтиёримизда 53 та махсус техника,  204 нафардан зиёд ишчи-техник ходимлар меҳнат қилишяпти. Хусусан, ҳозирда Хўжаобод туманидаги   39 та, Пахтаобод туманидаги  53 та, Избоскан туманидаги   65 маҳаллада белгиланган режа-жадвал асосида чиқиндилар ўз вақтида олиб кетиляпти. Шунингдек, жойлардаги мавжуд чиқинди тўплаш жойларини кенгайтириш, махсус қутилар сонини кўпайтириш учун ҳам  зарур чоралар кўриляпти. 

 

2024-03-13 21.40.07
Тан олиш керак, масаланинг иккинчи, муҳим жиҳати ҳам бор. Яъни, белгиланган жойлардаги чиқиндиларни қанчалар тез ташиб кетмайлик, ноқонуний  чиқинди ташлаш ҳолатлари камаймаяпти. Бунинг бош сабаби эса масъулиятдан қочиш, яъни чиқинди учун тўловдан бўйин товлаш ҳисобланади. Айнан йўл бўйида  пайдо бўлаётган чиқиндилар “эгалари” ҳам ҳудди ўша масъулиятсиз кимсалар ҳисобланади. Бахтга қарши улар кўп эмас, лекин бори ҳам етарлича ташвиш  туғдираётир.

Эндиликда бундай бўлмайди.  Давлатимиз раҳбари томонидан   жорий йил 4 январда имзоланган “Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим ҳужжат, айтиш мумкинки, мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади. Фармонга кўра  бундан сўнг автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини фото ва видео қайд этиш воситаларини ўрнатган тадбиркорларга экологик ҳуқуқбузарликларни ҳам қайд этиш ва Давлат экологик назорат инспекциясига хабар бериш ҳуқуқи ҳам берилди.  Ҳар йили энг узоқ (камида 10 йил) ва садоқатли хизмат кўрсатган санитар тозалаш корхоналари ходимлари учун “Табиат уйғунлиги ҳимоячиси” танлови ўтказилади. Бу  ходимлардан 100 нафарининг давлат ОТМга тўлов-контракт асосида ўқишга кирган фарзандлари ёки невараларига контрактининг тўлиқ суммаси тўлаб берилади. Ҳар йили “Энг тоза маҳалла” танлови ўтказилиб, танловда ғолиб бўлган 14 та маҳаллага чиқинди йиғиш майдончаси қуриш, чиқинди контейнерларини ўрнатиш ва дарахт экиш учун жами 500 миллион сўм пул ҳамда хизматда фойдаланиш учун 1 тадан электромобиль берилади.

2024-03-13 21.40.10
Бундан ташқари 2024 йил 1 апрелдан бошлаб кўчмас мулк ҳамда автотранспортлар билан боғлиқ битимларни нотариал тасдиқлашда чиқиндидан қарздорлик мавжудлиги Ягона электрон тизим орқали онлайн текширилиб, қарздорлик бартараф этилгач нотарил ҳаракат амалга оширилади. Барча санитар тозалаш корхоналари Ягона электрон тизим орқали хизмат кўрсатади, тизимга уланмаган корхоналар билан шартнома бекор қилинади ва улар хизмат кўрсатадиган ҳудудлар давлат-хусусий шериклик асосида бошқа корхонага берилади. Шу билан бирга чиқинди хизматлари учун тўловларни қабул қилиш ҳамда абонентлар ҳисобини юритиш борасида ҳам қатор қулайликлар яратилади. 

Бугун “Анд - обод” масъулияти чекланган жамиятининг барча туман филиалларида бу борада амалий ишлар ташкил қилинмоқда. Фуқаролар бевосита филиалларга бориб бу ерда ўрнатилган пайнет шаҳобчалари орқали тўловни амалга оширишлари мумкин.  Келгусида эса бундай тўловларни уйдан туриб онлайн бажариш шароити ҳам яратилади. 

Шунингдек, ҳозирда мутахассисларимиз  жойларда бўлиб экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш  ва иқлим ўзгарилшлари бошқарамаси ҳудудий инспекторлари билан ҳамкорликда маҳалалларда  аҳоли ўртасида мазкур фармонни тарғиб қилиш, унинг мақсад ва вазифаларини атофлича  тушунтириш ишларини олиб боришяпти. Бу эса албатта ўз самарасини беради. Негаки, мақсад сари  кучлар бирлашса ечим осон бўлади. Янада аниқроқ айтганда юрт ободлиги ўзимизга, ҳар биримизга боғлиқ. 

 

Фарруҳбек Артиқов,

“Анд-обод”  масъулияти чекланган 

жамияти бошлиғи.