ЁЗЁВОННИНГ ЁЗИ ЁМОНМИ?!..
Фарғона вилояти Ёзёвон туманининг келиб чиқиш тарихи ҳақида баъзи манбааларда “Ёзи ёмон” ибораси ҳам ишлатилади. Бунга сабаб водий марказида жойлашган бу ҳудуднинг каттагина майдони қум ва барханлардан иборат. Лекин, туман аҳлининг бунёдкорона меҳнати сабаб эндиликда қишлоқ ва маҳаллалар кун сайин обод, сўлим ва салқин бўлиб боряпти. Бунда “Яшил макон” умуммиллий дастури доирасида олиб борилаётган тадбирлар муҳим ўрин тутади.
Дарҳақиқат, ҳали ҳамон Ёзёвонда ёз фаслида “қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган” даражада иссиқ ҳаво кузатилади. Ёзёвон чўлининг рельефи асосан текислик бўлиб, шимолга томон қиялаб боради. Ер юзаси гил, қумоқ, қумлоқ ва қумдан иборат. Шимолий ғарбий қисмида барханлар — дўнг қум, марза қум шакллари учрайди. Қумли чўлнинг бир қисмини сақлаб қолиш мақсадида 1991 йилда 1842 гектар майдонда «Ёзёвон чўли» табиат ёдгорлиги ташкил этилган.
Тупроғи асосан суғориладиган ўтлоқ, қисман қумли ва қумли ўтлоқ тупроқлар ҳамда шўрҳоклардан иборат. Жойларда маданий экинлар, мевали ва манзарали дарахтлар, буталар, бегона ўтлар, қумликларда қора саксовул ва оқ саксовул, қандим, черкез, юлғун ўсади. Хилма хил қушлар, турли калтакесаклар, тулки, бўри, чиябўри яшайди. «Қизил китоб»га киритилган қизил астрагал, фарғона чипор калтакесаги, штраух қурбақабоши, эчкемар учрайди. Нисбатан бой флора ҳамда фаунаси билан бошқа туманлардан кескин фарқ қилади. Энг муҳими чўлдаги асл табиий муҳит, ҳақиқий экологик манзара сақланиб қолган.
Аҳоли истиқомат қиладиган Иштирхон, Хонобод, Чўлигулистон, Қатортол, Қорасоқол, Қоратепа каби қатор қишлоқлар эса аллақачон обод манзилларга айланган. Турли мевазор боғлар, йўл бўйларидаги манзарали дарахтлар туман кўркига кўрк қўшмоқда.
Айниқса, кейинги йилларда “Яшил макон” умуммиллий дастури доирасида кенг кўламдаги ишлар бажарилди. Биргина ўтган йилнинг кузида тумандаги қишлоқ ва маҳаллаларда 337 минг туп мевали ҳамда манзарали кўчатлар экилди. Бир неча маҳаллаларда “Яшил боғ”лар ташкил этилди. Хусусан, туман марказида – Андижон –Тошкент катта автомагистрал йўли четида туман прокуратураси ташаббуси билан ташкил этилган “Яшил боғ” ҳозирданоқ ўз чиройи, дарахт турларининг хилма-хиллиги билан кўпчилик эътиборини тортмоқда. Шу боис кўкламда ҳам туман миқёсида дарахт экиш ишлари узвий давом эттирилади. Бунинг учун ҳозирда 625 минг дона мевали ҳамда манзарали дарахт кўчатлари тайёрланмоқда. Бу ишда етти-ёшдан етмиш ёшгача бўлган ёзёвонликлар фаол иштирок этади.
Туманнинг ободлиги фақатгина дарахт экиш билангина бўлмайди. Бунинг учун жойларда юзага келиши мумкин бўлган ноқонуний чиқиндихоналарни олдини олиш, фуқароларнинг белгиланмаган жойларга ахлат ташлашини бартараф этишга эътибор қаратиляпти. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 4 январдаги “Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилинмоқда. Чунки, эндиликда мазкур фармонга кўра белгиланмаган жойларга чиқинди ташлаш алоҳида эътиборга олинади. Автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини фото ва видео қайд этиш воситаларини ўрнатган тадбиркорларга экологик ҳуқуқбузарликларни ҳам қайд этиш ва Давлат экологик назорат инспекциясига хабар бериш ҳуқуқи берилди. Кўчмас мулк ҳамда автотранспортлар билан боғлиқ битимларни нотариал тасдиқлашда чиқиндидан қарздорлик мавжудлиги Ягона электрон тизим орқали онлайн текширилиб, қарздорлик бартараф этилгач нотариал ҳаракат амалга ошириш белгилаб қўйилди.
Ҳар йили “Энг тоза маҳалла” танлови ўтказилиб, танловда ғолиб бўлган 14 та маҳаллага чиқинди йиғиш майдончаси қуриш, чиқинди контейнерларини ўрнатиш ва дарахт экиш учун жами 500 миллион сўм пул ҳамда хизматда фойдаланиш учун 1 тадан электромобиль берилади. Ҳозирда экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ходимлари алоқадор ташкилотлар билан ҳамкорликда маҳаллаларда бўлиб бу борада атрофлича тушунтириш-тарғибот ишларини олиб боришяпти.
Мухтасар қилиб айтганда, “Яшил макон” умуммиллий дастури ва ободончилик борасида олиб борилаётган тадбирлар Ёзёвонни ҳар тўрт фаслда кўркам ҳамда баҳаво бўлишига хизмат қилади.
Муҳаммадзикр Эргашев,
Фарғона вилояти экология, атроф-муҳитни
муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси
Ёзёвон тумани бўлими бошлиғи.