ЭКОЛОГИК МАДАНИЯТ НИМА УЧУН КЕРАК?

ЭКОЛОГИК МАДАНИЯТ НИМА УЧУН КЕРАК?

Ўтган аср ўрталарида авж олган экологик муаммолар бугунга келиб жиддий тус олди. Бинобарин, экологик муаммолар аввало инсоннинг табиатга кўрсатаётган салбий таъсирига бориб тақалади. Бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам табиатни асраш билан боғлиқ муаммолар долзарб аҳамият касб этиб бормоқда.  Унинг ечими эса аҳоли ўртасида экологик маданиятни юксалтиришга боғлиқ.

photo_2025-05-23_22-26-36

 

Шу ўринда ҳозирда башариятни ташвишга солаётган энг кучли ўнта экологик муаммоларни санаб ўтамиз. Улар билан атрофлича танишиш баробарида бугун экологик маданият бизга нима учун кераклигини тушуниб етасиз. Жумладан,  биринчи ўриндаги глобал муаммо бу – иқлим ўзгаришидир. Чунки, иқлим ўзгариши билан боғлиқ табиий жараёнлар, сув тошқинлари, ўрмон ёнғинлари, қурғоқчилик каби фалокатлар кўпайиб боряпти. Кейинги ўринда  энергия ишлаб чиқаришдаги муаммолар туради. Бу мақсадда қазиб олинадиган ёқилғининг ёниши туфайли атроф-муҳитга етказилаётган зарар кўлами ортиб боряпти.  Кўмир, нефт ва газ билан ишлайдиган электр станциялари сайёрамиз бўйлаб  атмосферада    иссиқхона газлари миқдорининг ортиб боришини таъминлаяпти.  Учинчи ўринда сув муаммоси турибди. Ҳозирда дунё аҳолисининг деярли ярми ичимлик суви танқис ҳудудларда яшаяпти ва бу муаммо кўлами янада кенгроқ қулоч ёзяпти. 

Кейинги ўринларда биохилма-хиллик ва ердан фойдаланиш, кимёвий моддалар, токсик моддалар ва оғир металлардан фойдаланиш,  ҳавонинг ифлосланиши,  чиқиндиларни бошқариш,  озон қатламининг  емирилиши, океанлардан фойдаланиш ва балиқчилик,  ўрмонларни тартибсиз кесиш  муаммолари турибдики, уларнинг барчасига антропоген омиллар, яъни бевосита инсониятнинг атроф-муҳитга салбий таъсири сабаб пайдо бўлмоқда. 

Без названия-5


Таассуфки, бундай муаммолар қисман бўлса-да мамлакатимизда ҳам  йўқ эмас. Орол денгизининг қуриши минтақавий аҳамият касб этса, ичимлик сувининг йил сайин камайиб бораётганлиги, тупроқларимизнинг унумдор қатламини емирилиши,  чиқиндиларни бошқариш йўналишидаги камчиликлар, табиий        ресурслардан оқилона фойдаланишни тартибга солиш сингари маҳаллий экологик муаммоларга алоҳида эътибор зарур. Бошқачароқ айтганда, бу борада табиатни асраб-авайлаш мақсадида қабул қилинган қонунлар асосида иш ташкил қилиш талаб этилади. Қонунларни билиш ҳуқуқий саводхонликни оширади, уларни ҳурматлаш эса экологик маданиятни юксалтиради. Айни йўналишдаги тадбирлар самарадорлигини таъминлашда давлатимиз раҳбари томонидан 2025 йил 15 май куни имзоланган “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги  қарори муҳим ўрин тутади. Чунки, ушбу қарор билан  қабул қилинган экологик маданият тарғиботи Концепциясида жойларда экологик маданиятни шакллантириш, юксалтириш юзасидан барча вазифалар аниқ-равшан белгилаб берилган. 

Ўйлайманки, бу муҳим ҳужжат давлат бошқаруви органлари, жамоат ташкилотлари ва фуқароларнинг табиатни муҳофаза қилиш, аҳолининг қулай табиий муҳитда ҳаёт кечириши учун зарур шарт-шароитларни яратишга, табиий ресурслардан оқилона ва самарали фойдаланишга, экологик хавфсизлик муаммоларининг олдини олишга хизмат қилади.

Демак, барча юртдошларимизни табиатни асраб-авайлаш, унинг бойликларидан оқилона фойдаланиш, ҳар бир томчи сувни тежаб ишлатиш, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлашга хизмат қиладиган мазкур қарор ижроси йўлида фаол бўлиш ҳамда аҳолининг экологик маданиятни юксалтиришга ҳисса қўшишга, бу мақсад йўлида   Ўзбекистон Экологик партияси атрофида бирлашишга чорлаб қоламан.

 

Сардорбек Азимходжаев,

Ўзбекистон экологик партияси 

Олтинкўл туман Кенгаши раиси.