ЧИҚИНДИ – ЭНЕРГИЯ МАНБАИ
Бугун чиқиндилар масаласи бутун дунёда глобал муаммога айланган. Қатор ривожланган давлатлардаги минглаб олимлар, мутахассислар унинг ечими устида астойдил бош қотиряптилар, изланиш олиб боряптилар. Жумладан, бу вазият мамлакатимизда ҳам қуёш, сув, шамол, биомасса каби ноанъанавий ва қайта тикланувчи энергиядан самарали фойдаланишни, бу соҳани дадил ривожлантиришни талаб этмоқда.
Жумладан биомасса, яъни биоёқилғи ва электр энергия ишлаб чиқаришда фойдаланиш мумкин бўлган ўрмон ҳамда қишлоқ хўжалигидаги ўсимлик қолдиқлари, оқава сув чўкиндилари, органик модда ва қаттиқ маиший чиқиндилардан иборат қайта тикланувчи энергия манбаи бу борада ғоят қўл келади. Мутахассислар берган статистик маълумотларига кўра, бугунги кунда дунё бўйича йилига салкам 2 миллиард тонна қаттиқ маиший чиқинди ҳосил бўлмоқда. Бу борада АҚШ, Хитой ва Ҳиндистон каби аҳоли сони юқори бўлган мамлакатларнинг ўзида йилига 250 миллион тоннадан ортиқ қаттиқ маиший чиқинди табиатга ташланяпти. Бу чиқиндилар сирасига асосан озиқ-овқат, қоғоз, пластмасса, ёғоч, текстиль, металл ва шиша маҳсулотлари қолдиқларидан, шу билан биргаликда электр лампочка, аккумулятор, автоқисмлар ҳамда ташландиқ дори воситалари каби айрим хавфли чиқиндилар киради ва улар биомассанинг бир тури ҳисобланади. Айнан шулар экологик тоза энергия – биогаз ҳамда биоёқилғи олиш манбаи ҳисобланади.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 19 июлдаги «2018-2019 йилларда инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишни тезлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида мамлакатимизда чиқиндидан энергия олишни йўлга қўйиш бўйича вазифалар аниқ кўрсатиб ўтилган. Мазкур қарор ижроси учун Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида 30 гектар ер майдони ажратилади. Ўтган куни вилоятимизга ташриф буюрган хорижлик ҳамкорлар ана шу жойни бориб кўрдилар. Чиқиндидан энергия ишлаб чиқариш Хитойинг "Clean water and blue sky" компанияси томонидан амалга оширилади. Мазкур лойиҳа тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни йўналтиришга қаратилган бўлиб, умумий қиймати 250 миллион долларни ташкил қилади.
Лочинбек Исомиддинов,
Андижон вилояти экология, атроф муҳитни
муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши
бошқармаси матбуот хизмати раҳбари.