ҲАВОНИ БУЛҒАМАНГ, ЖАНОБЛАР!..
Маълумки, сув, ҳаво ҳамда тупроқ тирикликнинг энг муҳим уч унсури ҳисобланади. Уларнинг бирортаси етишмаса, бутун жонли мавжудотлар, жумладан, инсоният ҳаёти ҳам катта хавф остида қолади. Шундай экан, уларни асраб-авайлаш, муҳофаза қилиш ҳар бир фуқаро учун биринчи галдаги вазифа ҳисобланади.
Юртдошларимиз яхши билишади. Ўзбекистонда чиқинди, қуруқ барглар ва ўтларни ёқиш қонунчиликка кўра жазога тортилади. Яъни, далаларда ва аҳоли пунктларида ҳавонинг зарарли моддалар билан ифлосланишига олиб келадиган сомон, қуруқ барглар ва дарахт шохлари ёки бошқа ўсимлик қолдиқларини ёқиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваридан 5 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 5 бараваригача миқдорда жарима солинишига сабаб бўлади.
Шунга қарамай, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш борасида Фарғона вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасининг шаҳар ва туман бўлимлари томонидан йил бошидан бери 1108 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, уларга 256 179 000 минг сўм маъмурий жарима белгиланди. Ҳозирда улардан 964 тасидан 110 548 000 минг сўм жарима ундириб олинди ҳамда 318 та қонунбузилиш ҳолатларининг олди олинди.

Шунингдек, экологлар ҳамда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳамкорлигида Бувайда туманида ўтказилган назорат-рейд тадбири давомида аҳоли вакилларига дала ва аҳоли пунктларида анғиз, хазон ва шоҳ-шаббаларни ёки ўсимликларнинг бошқа қолдиқлари, шу жумладан, ғалладан бўшаган сомон пояларини ёқиб юбориш Ўзбекистон Республикаси “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 20-моддаси, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунинг 4-моддаларининг бузилишига олиб келиши ҳақида атрофлича тушунча берилди. Ер эгалари бўлган деҳқонлар, фермер хўжалиги раҳбарлари, ғалла ўрим-йиғимига масъул бўлган мутасаддиларга бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан огоҳлантириш берилди.
Вилоятимизнинг Ёзёвон туманида ўтказилган мана шундай рейд давомида бошқарманинг туман бўлими давлат инспекторлари томонидан "Боғибўстон" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 2 нафар фуқаро томонидан ўсимлик қолдиқлари ва хазонларни ёқиши натижасида атмосфера ҳавосини зарарлантириш ҳолати аниқланди. Уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 88 моддаси, 3 қисмига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилди ҳамда ҳар бирига 1 125 000 сўмдан, жами, 2 250 000 сўм жарима қўлланилди.
Умиджон Умаров,
Фарғона вилояти экология, атроф-
муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим
ўзгариши бошқармаси экологик
назорат инспекцияси бошлиғи.