ҲАР НЕЪМАТНИНГ ҲИСОБИ БОР

ҲАР НЕЪМАТНИНГ ҲИСОБИ БОР

Табиат бағридаги ҳар бир неъматнинг ўз ҳисоби, аҳамияти бор. Ундан истаганча, хўжасизларча фойдаланиш мумкин эмас. У хоҳ  ўсимлик дунёси  ёки ҳайвонот дунёси вакили бўлсин доимий муҳофаза талаб этилади. Айниқса, ер усти ва ости бойликлари бу борада алоҳида эътиборга эга.

 

Бугун мамлакатимизда ҳар бир табиий ресурсдан фойдаланиш амалдаги қонунлар билан тартибга солинган. Хусусан, ер, сув, атмосфера ҳавоси, фойдали қазилма бойликлар, тупроқ ҳамда тошгача бўлган унсурлардан фойдаланиш тегишли  қонуний ҳужжатлар билан мустаҳкамлаб қўйилган.

Андижон вилояти экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ходимлари томонидан экология соҳасидаги қонунчиликка амал қилиш ҳолатини ўрганиш юзасидан ўтказилган рейд давомида айрим ҳуқуқбузарликларга чек қўйилди. Хусусан, вилоятимиз  ҳудудидан оқиб ўтувчи Қорадарёнинг Қўрғонтепа тумани Олтинсой маҳалласи яқинидаги қисмида фуқаро Й.У  томонидан дарё ўзанидан ўз билганича қум-шағал аралашмаси қазиб олаётганлиги аниқланди. Ўрганишлар давомида Хонобод шаҳар Кампираввот маҳалласи яқинида оқиб ўтувчи Қорадарё ўзанидан бошқа бир фуқаро И.И ҳам ҳеч қандай ҳужжатларсиз ўз бошқарувида бўлган экскаватор ёрдамида юк ташувчи транспорт воситаларига қум  ва шағал ортиб бераётганлиги аён бўлди.  

қум4
Табиийки, рейд ташкилотчилари томонидан бу ҳар икки фуқарога нисбатан мазкур ноқонуний ҳаракат учун тегишли баённомалар расмийлаштирилди. Эндиликда уларнинг ҳар бири  Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг  70-моддаси 1-қисмига асосан,   базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баробари миқдорида, яъни 11 миллион 250 минг сўмдан жарима тўлайдиган бўлди. Рейд якунида транспортларга юкланган қум ва шағал жойига қайтарилди, транспорт воситалари ҳамда эксковатор дарё ўзанидан чиқариб юборилди. 

қум1
Бугун юртимиз катта бунёдкорлик майдонига айлданган. Жойларда қад кўтараётган янги массивлар, турар-жой биноларини тиклаш, хусусий тартибда уй қуриш жараёнида кўп миқдорда қум ва шағал зарур бўлади. Аммо, бу зарурат юртдошларимиз томонидан дарё ўзанларидан ўзлари истаганича фойдаланиш ҳуқуқини бермайди. Унутманг, ҳар қандай тадбирда қонунийлик устувор бўлиши лозим. Чунки, табиат бағридаги ҳар бир неъматнинг ўз ўлчови, ҳисоби бор.

Дилшодбек Умуров,

Андижон вилояти экология, атроф –муҳит

муҳофазаси ва иқлим ўзгариши  бошқармаси

сув, ер ресурслари ва ер ости бойликларини

муҳофаза қилиш шўъба мудири.