ҲАР НЕЪМАТНИНГ ҲИСОБИ БОР

ҲАР НЕЪМАТНИНГ ҲИСОБИ БОР

Мутахассислар берган маълумотларга кўра, бугун курраи заминимизда     320 мингдан ортиқ ўсимлик турлари ҳисобга олинган. Мазкур ўсимликларнинг барчаси табиий муҳитда ўз ўрни, хусусан, инсон манфаатлари доирасида беқиёс аҳамиятга эга. Чунки, башарият ўз тамаддуни жараёнида ана шу табиат неъматларидан     озиқ-овқат, бошпана, кийим-бош сифатида фойдаланиб келди бу     яна давом этади. Шундай     экан, бугун биз – инсонлар ўсимлик дунёсига етарлича эътибор бера олаяпмизми, деган савол барчани бирдек ўйга толдириши зарур.   

mountain_flowers_in_uzbekistan.html
 Тўғрида, асрлар давомида фан-техника борасида кўплаб янгиликларни, кимёвий моддалар асосидаги турли қотишмалар, маҳсулотлар, дори-дармонларни яратган олимлар бугун яна табиийлик сари интилишяпти. Сабаб, ўша кимёвий моддалар кишилар организмига фойдадан кўра кўпроқ зарар  келтириши маълум бўлди. Табиий гиёҳлар, оддийгина ўсимликлардан тайёрланган озуқа ва малҳамлар эса  танамизда ҳеч қандай асорат қолдирмайди. Энг муҳими, уларни яратиш учун катта-катта лабараториялар, завод ва фабрикалар шарт эмас, шундайгина табиатга мурожаат қилинса бас. Жумладан, инсоният ўз тарихида озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни қондириш учун атига 200 турдан ортиқ  ёввойи ўсимликларни маданийлаштирган, холос. Холбуки, уларнинг тури уч юз мингдан ортиқ экан. Инсон саломатлиги учун зарур бўлган ўсимликлардан эса қарийб 20 мингдан ортиқ доривор моддалар олинмоқда. 

DSC05170--752x440

Бу борада Ўзбекистон табиати ғоят саҳий. Юртимизда 4500 дан ортиқ ўсимлик турлари ўсади ва улардан 3000 дан ортиғи ёввойи ҳисобланади. Мамлакатимиз флорасининг 9 фоизи эндемик турларни ташкил этади. Таассуфки, бизга шундай ҳиммат кўрсатаётган ўсимликлар сони кун сайин камайиб боряпти. Чунки, баъзида эътиборсизлик билан, баъзида эса атайин табиатга жиддий зарар етказяпмиз. Ер юзидаги ҳароратнинг йил сайин ортиб бориши юз минглаб  гектар майдонлардаги ўрмоннинг куйиб кул бўлишига олиб келяпти. Ўзимиз яратган полимер маҳсулотлар эндиликда чиқинди сифатида ер, сув, ҳавони бирдек ифлослантиряпти.   

Бу каби нохуш маълумотлар бизни хушёрликка чорлаши лозим. Чунки, 9 миллион гектарлик  ўрмон фонди майдонларига эга юртимизда уларни муҳофаза қилиш, кенгайтириш ғоят муҳим.  Шундагина Она табиат бизни доим ўз бағрида иссиқ ва совуқдан, бошқа ташқи омиллардан ҳимоя қила олади. Чунки, табиат ва инсон бу бир бутунлик, тирикликнинг асосидир.