ҲАМЖИҲАТЛИК САМАРА БЕРМОҚДА
Ҳаётимиз турфа кутилмаган ҳодисаларга бой. Чунончи, табиатнинг қатор синовлари борки, уни енгиб ўтишда кишиларнинг бирдамлиги, ҳамжиҳатлиги ва матонати муҳим ўрин тутади. Ўтган куни Андижон вилоятининг Булоқбоши тумани, Сарвонтепа қишлоғида юзага келган сув тошқини юртдошларимизни яна бир бора якдилликка чорлади.
Маълумки, ушбу тошқинга Булоқбоши тумани Сарвонтепа МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи Жанубий Фарғона канали қирғоғига шикаст етганлиги сабаб бўлган. Натижада маълум миқдорда сув сизиб чиққан ва оқим кучи сабаб у қишлоқ томонга ҳаракатланган. Ушбу маълумот олиниши билан вилоятдаги барча алоқадор ташкилотлар сув йўлини тўсишга сафарбар қилинди. Хусусан, Норин-Қорадарё ирригация тизимлари бошқармасининг махсус техникалари томонидан томонидан тошқин тўхтатилган. Лекин, унгача бўлган вақт оралиғида сув Сарвонтепа маҳалласининг 100 дан зиёд хонадонларига кириб улгурди. Тошқин оқибатларини бартараф этиш учун шу жойнинг ўзида вилоят ҳокими бошчилигидаги мутасадди ташкилотлар иштирокида ишчи гуруҳ ташкил қилинди. Қўшимча зарур техника воситалари жалб қилиниб, қайта тиклаш ишлари бошлаб юборилди.
Жараёнда асосий эътибор маҳалланинг тошқиндан зарар кўрган ҳудуди, кўчалар, хонадонларни тезлик билан таъмирлаб, аҳолига қулай шароит яратишга қаратилди. Талофат кўрган хонадонлар аниқланиб, оқибатларини бартараф этиш бўйича амалий ишлар бошланди. Бунинг учун вилоят маркази ва қўшни туманлардан қўшимча кучлар сафарбар этилди.
Табиийки, бундай синовли онларда соғлиқни сақлаш тизими ходимлари ҳам биринчилардан бўлиб воқеа жойида ҳозир бўладилар. Тошқин хабари олинган дастлабки дақиқалардан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг шифокорлар гуруҳи, қатор мутахассисларни ўз сафига бириктирган тиббиёт ходимлари, тез тиббий ёрдам бригадалари маҳаллага етиб бордилар. Шифокорлар аҳоли орасида тиббий ёрдамга зарурати бўлган фуқароларга тиббий-психологик ёрдам кўрсатиб, тиббий-ижтимоий масалаларни ҳал этишда фаол иштирок этмоқдалар. Шунингдек, бошқарма вакиллари тошқин оқибатларини тугатиш ишларида, кўча ва хонадонларни лойқадан тозалаш тадбирларида ҳам маҳалла аҳлига елкадош бўлаётир.
Бугун маҳалла ўзининг одатдаги тинч ҳаётини давом эттиряпти. Эрта тонгдан бу ерга етиб келган қурувчилар йўлларни қайта тиклаш, талофат кўрган уйларни таъмирлаш юзасидан амалий ишларни бошлаб юборишган.Эндиликда тиббиёт ходимлари хашарчиларнинг саломатлигига ҳам масъул ҳолда барча алоқадор тизимлар билан ҳамжиҳатликда иш олиб бормоқдалар. Мазкур ҳамжиҳатлик тезда ўз самарасини бера бошлади. Бундай бирдамлик, ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар сарвонтепаликларни ғоят мамнун қилмоқда.
Муфаззалшо Муҳаммадиев,
Андижон вилояти соғлиқни сақлаш
бошқармаси матбуот котиби.