МАНЗИЛЛАР ОБОД – КЎНГИЛЛАР ШОД

МАНЗИЛЛАР ОБОД – КЎНГИЛЛАР ШОД

 Бир туп дарахт  экиш, уни парваришлаб вояга етказиш учун йиллар давомида тинимсиз меҳнат, эътибор ва меҳр талаб этилади. Яшил майдонлар, дов-дарахтзорларни она заминнинг  кўрки, тоза ҳаво манбаи, инсонлар учун хомашё ва қурилиш материали сифатидаги аҳамиятини эътиборга олсак, янги кўчатларни ҳар йили, ҳар мавсумда экиш лозим. Айни масала бугунги экологик вазиятда долзарб масалага айланиб улгурди. Шу боис кейинги йилларда мамлакатимизда “Яшил макон”  умумиллий лойиҳасини амалга ошириш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди. 

CZ3B7661
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти  томонидан  2023 йил 23 ноябрда имзоланган Республикада яшиллик даражасини янада ошириш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини изчил амалга ошириш орқали экологик барқарорликни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  фармон  ушбу йўналишдаги янги вазифаларни белгилаб берди. 

Қўштепа туманида мазкур фармон ижросина таъминлаш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини узвий давом эттириш мақсадида эрта баҳорда кенг қамровли амалий ишлар олиб борилди. Жумладан, ушбу мавсумда туман маркази, қишлоқ ва маҳалла, корхона ва ташкилотларда жами 639 минг туп дарахт ва бута кўчатлари экилди. 

photo_2024-06-01_14-49-19

Бу кўчатлариннг 1000  тупи автомобил йўллари ёқасига, 128500 тупи боғ ва токзорлар орасига, 204000  тупи фермер хўжаликлари ва кластерлар дала майдони атрофига  жойлаштирилди. Туман ободонлаштириш бошқармаси томонидан ҳудудларга 44980 туп, маҳалла фуқаролар йиғинлари кесимида эса 140620 туп кўчатлар экилди. Бу  эзгу тадбирдан ижтимоий соҳа объектлари, халқ таълими ва соғлиқни сақлаш тизими ташкилотлари, бошқа соҳа корхоналари ҳам четда қолишмади. Уларнинг кучи билан корхона ва ташкилотлар ҳудудларида 120000  тупга яқин дарахт ва бута кўчатлари  экилиб, парвариши йўлга қўйилди.

Эндиликда фармон ижроси юзасидан суғориш тизими, шу жумладан ариқлар, насослар, қудуқлар, суғориш қувурлари ва ер ости сув чиқариш қудуқларини хатловдан ўтказиш, уларни жорий таъмирлаш, қайта тиклаш ва тозалаш ишлари амалга оширилмоқда. Туман ҳокимлиги томонидан ободонлаштириш бошқармаси, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, қурилиш, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш ва ирригация бўлимлари раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳ тузилди.

photo_2024-06-01_14-49-20-1

Қўштепа туман Шодлик маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида “Ҳоким боғи”,“Яшил жамоат парки” ҳамда “Яшил боғ”, Ўқчи маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 0.5 гектар майдонда “Прокурор боғи” ташкил этилиб, ушбу боғларга 1200 тупдан ортиқ турли хилдаги манзарали дарахт ва бута кўчатлари экилди. Бундан ташқари туман ҳудудидаги йирик корхоналар –   “Фарғона наслли парранда,”, “Фарғона глобал текстил”, “Глобал текстил инфинити” масъулияти чекланган жамиятлари томонидан ҳам “Яшил белбоғ”лар ташкил этилмоқда.

Энг муҳим, ҳозирда туман ҳокимлигида махсус штаб тузилган бўлиб, унда туман ҳудудига жойлаштирилган ҳар бир туп кўчатнинг парвариши қатъий назоратга олинган. Бу борада эътиборсизликка йўл қўйган масъуллар, янги экилган дарахт ва бута кўчатларига зарар етказган фуқаролар эса тегишли тартибда маъмурий жавобгарликка тортилади.  

CZ3B7654

Мухтасар қилиб айтганда, бугун қўштепаликлар туманнинг ҳар бир манзилини обод қилиш, яшилликка буркаш учун астойдил ҳаракат қилишяпти. Бунинг илк меваси эса ўзини куттирмади. Бугун туман марказини айлансангиз гулга бурканган дарахтлар, кўча ва гузарлар, йўл четидаги гулзорлар дилга шодлик бағишлайди. Демакки, манзиллар ободлиги, қалблар шодлигининг асосидир. Шундай экан, айни йўналишдаги эзгу тадбирлар давом этаверади.

 

Улуғбек    Ҳалилов, 

Қўштепа тумани экология, атроф-муҳитни

муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши 

бўлими бошлиғи.