БОЗОРИ ЎХШАМАГАН БРАКОНЬЕР

БОЗОРИ ЎХШАМАГАН БРАКОНЬЕР

Мурожаат мазмунидан аён бўлишича, Қува туманидаги Ёшлик кўчасида яшовчи фуқаро Ботир Бозоров(исм ва фамилия  ўзгартирилган)  томонидан эчкиэмар сотилиши ҳақида хабар тарқатилган. Бу ҳақда жамоатчи инспекторлар бошқарма инспекторларига маълумот беришди ва ходимлар сотувчи- браконьерни топиш учун ўзларини харидор сифатида таништириб алоқага чиқишди. Келишилган манзилга етиб борган инспекторлар ҳақиқатдан ҳам Ботир Бозоров Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоб”ига киритилган бир бош Бўз эчкэмарини сотиш учун харидор излаётганлигини маълум қилган. 

photo_2024-06-20_16-55-14

Шу жойнинг ўзида мутасаддилар томонидан ҳолат юзасидан далолатнома расмийлаштирилди. Чунки, фуқаронинг бу қилмиши ноқонуний  бўлиб, у  Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 92-моддаси 1-қисми кўзда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган. Табиийки, эчкиэмарни сотиб мўмай даромад олмоқчи бўлган йигитнинг бозори ўхшамади. Бўз эчкиэмар биохилмахилликни асраш ва кадастрини юритиш шўъбаси ҳамда Ёзёвон тумани экология, атроф-муҳит муҳофазаси ва иқлим ўзгариши бўлими давлат инспекторлари билан биргаликда Қўштепа туманидаги ўрмон хўжалиги ҳудудидаги табиат ёдгорлиги чўл ҳудудига олиб келиниб,  очиқ табиатга қўйиб юборилди. 

photo_2024-06-20_16-55-12

Бўз эчкемар Жанубий Оролбўйидан Фарғона водийсигача бўлган текисликларда учрайди. Кўпроқ чўлнинг қумли ва тупроқли ерларида яшайди. Уни овлаш қонун йўли билан таъқиқланган ва муҳофазага олинган. Шунга қарамай баъзи фуқаролар томонидан унинг гўштини баъзи касалликларга даво бўлади, деган умидда овлаш, сотиш ва истеъмол қилиш ҳолатлари учраб турибди. Табиийки, Ботир Бозоров ҳам эчкиэмарни шу мақсадда сотишни мақсад қилганди. Афсуски, бунда унинг қонунларимизни яхши билмаслиги панд берди. Эндиликда у қилмиши учун албатта жазога тортилади ва келгусида бу каби ўзбошимчаликка йўл қўймайди.     

 

Гулноза Тўхтасинова,

Фарғона вилояти экология, атроф-муҳит 

муҳофазаси ва иқлим ўзгариши бошқармаси 

матбуот хизмати раҳбари.