ХАТЛОВ ДАВОМ ЭТАДИ
Бугун Кадастр агентлиги ҳамда давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармаси ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 5 августдаги “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг вилоятдаги ижросига бағишланган пресс-тур ўтказилди.
Ер – бебаҳо бойлик. Шу боис уни қадрлаш, ҳар қаричидан унумли фойдаланиш муҳим вазифа. Ушбу пресс-турда мамлакатимизда ердан мақсадли фойдаланиш, аҳолининг ҳуқуқий кафолатларини таъминлаш ва уй-жойларни расмийлаштиришга оид тизимли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди. Хусусан, тадбир аввалида сўз олган кадастр агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Фаёзиддин Бердиқулов ҳамда давлат кадастрлари палатаси Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи Дилшодбек Акбаровлар бошқармаларнинг туман ҳамда шаҳар филиаллари томонидан тасдиқланган махсус режа-график асосида олиб борилаётган хатлов ишлари ҳақида атрофлича маълумот бериб ўтдилар.
Хусусан, пресс-тур иштирокчилари Асака туманидаги маҳаллаларда олиб борилаётган хатлов жараёни билан яқиндан танишдилар. Унда оммавий ахборот воситалари ходимлари 2024 йил 5 августдаги “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг мақсад ва мазмуни, ижроси хусусида мутахассислардан атрофлича маълумот олдилар.
Тадбирда таъкидланишича, жорий йилда вилоятнинг 292 та маҳалласида хонадонларни хатловдан ўтказиш ва ҳуқуқий ҳужжатлаштириш ишлари амалга оширилиши белгиланган бўлиб, шу кунгача 59 минг 768 та кўчмас мулк объекти хатловдан ўтказилди. Уларнинг 37 минг 33 таси “УЗКАД” миллий кадастр тизимига киритилди. Шунингдек, 22 минг 110 та объект “Эътироф” автоматлаштирилган ахборот тизимига юкланди. Ҳозирда 19 минг 325 та объект бўйича ҳужжатлар тегишли идоралар томонидан кўриб чиқилмоқда. Бу ишлар аҳолининг мулкий ҳуқуқларини мустаҳкамлашга, ер ва биноларни давлат рўйхатидан ўтказишни соддалаштиришга хизмат қилмоқда.
-Хатлов жараёнининг самарали ташкил этилишида бевосита аҳолининг амалий ёрдами зарур бўлади, - дейди республика кадастр агентлиги директорининг матбуот котиби – ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Неъмат Атамуродов. – Чунки, бу жараён аввало фуқароларнинг мулк ҳуқуқини мустаҳкамлаш, турмуш шароитини яхшилаш ҳамда ҳуқуқий муаммоларни бартараф этишга қаратилган муҳим қадам бўлиб, у деярли барча хонадонларни қамраб олиши кутилмоқда. Юқорида номи қайд этилган қонунга кўра хатлов жараёнида ҳуқуқларни эътироф этишнинг асосий шартлари ҳам аниқ белгиланган бўлиб, кўчмас мулкни қонунийлаштириш учун ер бошқа шахсга ажратилмаган ёки аукционга чиқарилмаган бўлиши, ер участкасидан фойдаланишда низо мавжуд эмаслиги, ер ва мол-мулк солиғи бўйича қарздорлик мавжуд бўлмаслиги, муҳофаза зоналарида, суғориладиган ерда жойлашмаганлиги, бош режа талабларига зид эмаслиги талаб этилади. Қонунга кўра, якка тартибдаги уй-жойлар эгаллаган ерларга ижара ҳуқуқи қуйидаги ҳажмгача берилади, яъни, 1998-йил 1-июлгача эгалланган бўлса – 0,24 гектаргача, 1998-йил 1-июлдан 2018-йил 1-май кунига қадар эгалланган бўлса – Тошкент, Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида 0,06 гектар, қолган ҳудудларда 0,12 гектардан ошмаган ҳажмда бўлиши керак.
Пресс-турда таъкидланганидек, якка тартибдаги уй-жой эгаллаган ер участкасининг амалдаги майдони мазкур қонунчилик ҳужжатида белгиланган ўлчамлардан ошган ҳолларда, ер участкасининг ортиқча эгалланган қисмига бўлган ижара ҳуқуқи, башарти бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаса, деҳқон хўжалигини ёки томорқа хўжалигини юритиш учун эътироф этилади.
Тадбир қатнашчилари шундан сўнг Шаҳрихон тумани кадастр бўлимига ташриф буюрдилар. Бу ерда хатлов жараёнини бориши, мутахассисларнинг фаолияти билан атрофлича танишдилар.Шунингдек, якундаги матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари ходимлари ташкилотчилардан ўзларини қизиқтирган қатор саволларга тегишли жавоб олдилар.