ХАЛҚ ИШОНЧИ ЮКСАК МАСЪУЛИЯТ

ХАЛҚ ИШОНЧИ ЮКСАК МАСЪУЛИЯТ

Эндиликда тарихдан жой олган 2024  йил мен учун ғоят масъулиятли бўлди. Бир эмас икки марта маҳалладошлар ишончига сазовор бўлдим. Даставвал  май ойида “Тошқин”  маҳалла фуқаролар йиғинига раисликка муносиб кўришган бўлса, октябрь ойида Ўзбекистон Экологик партиясидан 20-Хожитоли сайлов округи  депутатлигига номзодимни илгари суришди  ва халқ депутатлари туман Кенгашига депутат қилиб сайлашди. Демак, бугун икки ҳисса ишлаш, ишончга муносиб бўлиш керак.

Норин туманидаги “Тошқин” маҳалласида 3438 нафар аҳоли истиқомат қилади. Наманган-Ҳаққулобод йўлининг икки четида жойлашган қишлоғимиз кун сайин обод бўлиб боряпти. Шунга яраша ҳамқишлоқларнинг маънавий дунёқараши, сиёсий онги, деҳқончилик маданияти ҳам юксалишга юз бурган. Маҳаллада иқтисодиётнинг асосий йўналиши ҳисобланган тадбиркорлик ҳам жадал ривожланмоқда. Ишбилармонликнинг ҳадисини олган қатор қишлоқдошларимиз  эндиликда нафақат ўз дастурхонини тўкин қилмоқда, балки турли соҳаларда янги иш ўринлари яратиш ҳисобига кўплаб ёшларимизни доимий банд қилишга эришмоқда, уларнинг уйини ҳам файзга тўлдирмоқдалар. 

CZ3B9603

Ана шундай тадбиркорлардан бири Азизбек Даминовнинг саъй ҳаракати билан маҳалламизда етти хазинанинг бири саналган балиқчиликни ривожлантириш ҳаракати бошлади. У раҳбарлиқ қилаётган “Fishville Norin” масъулияти чекланган жамияти томонидан интенсив усулда форель балиғини парваришлаш шароити яратилди. Ҳозирда бу ердаги мўъжазгина ҳовузларда  йилига 150 тонна камёб балиқ  етиштирилади. Биргина бу эмас, мазкур лойиҳанинг кейинги босқичи сифатида туман ҳудудида янги тик қудуқ қурилиши жадал олиб бориляпти. Кейинчалик ушбу қудуқ атрофидаги ҳовузларда  йилига 1500 тоннагача  форель балиғи боқиш мумкин бўлади. Шу билан бирга 60 та янги иш ўрни яратилади.

Муҳим жиҳати шуки, форель, яъни халқимиз тилида Хонбалиқ номи билан машҳур бу балиқ гўшти ўзининг сифати  ва харидоргирлиги билан бошқаларидан кескин фарқ қилади. Чунки, бу балиқ чучук  ва ўта тоза сувда, тезоқар дарёларда яшайди, экологик  соф маҳсулот ҳисобланади. Шу боис уни тик қудуқлар ёрдамида тайёрланадиган тоза сувли ҳовузларда парвариш қилишнинг ҳам ўзига хос талаблари бор. 

CZ3B9626

-Форель балиғини етиштириш осон эмас, -дейди тадбиркор Азизбек Даминов. –Бунда етарли билимга эга бўлган мутахассислар меҳнати зарур бўлади. Уларга бериладиган озуқа таркиби ҳам ғоят муҳим. Шу боис, бу жараёнда биз асосан Эрон ва Голландиядан келган мутахассислар тажрибасидан фойдаланяпмиз. Балиқ боқилаётган сув сифати, озуқа таркиби доимий назорат остида бўлади. 

Қувончли жиҳати шуки, бугун аксарият юртдошларимиз экологик жиҳатдан тоза маҳсулот етиштириш масаласига алоҳида эътибор қаратишган. Чунки, йиллар давомида минерал ўғитлар, асосан нитратга тўйинган ер майдонларида пишиб етилган полиз ва сабзавот маҳсулотлари инсон организмида салбий ўзгаришларга, қатор касалликларга сабаб бўляпти. Юрт келажаги, фарзандлар тақдирига бефарқ бўлмаган замондошларимиз деҳқончиликда органик усулга ўтишяпти. Аслида ҳам  биргина табиий ўғит – биогумуснинг ўзи барча минерал ўғитларнинг ўринини боса олади. Қолаверса, у нитратга тўйинган ер майдонларини тозалаш билан бирга унумдорлигнини кескин ошира олади. Демак, бу масала тарғиботида нафақат экопартия фаоллари, балки бошқа партия вакиллари ҳам етарлича жонбозлик кўрсатиши зарур. Шундагина қишлоқларда ҳақиқий маънодаги деҳқончилик маданиятига эришилади. 

Таъкидлаш жоизки, маҳалламизда истиқомат қилувчи Сайёра Оролова ана шундай ер қадрига етувчи, маҳсулот етиштиришда маҳаллий ўғитларни мақбул кўрувчилардан биридир. Турмуш ўртоғи хасталик сабаб жисмоний меҳнат қила олмаётган  бўлса-да, беш фарзандини ёнига олиб томорқадан унумли фойдаланади. Уни тиришқоқлиги, жонсараклигини ҳисобга олиб маҳалла фаоллари билан бирга томорқасига иссиқхона қуриб бердик. Эндиликда бугунги аёзли кунларда унинг иссиқхонасида турли ошкўклар, саримсоқ пиёз барқ уриб ривожланяпти. Нафақат  маҳалла вакиллари, балки ўтган Ўзбекистон Экологик партияси Норин тумани Кенгаши фаоллари  ҳам хонадонга ташриф буюриб, томорқа эгаларига иссиқхонадан самарали фойдаланиш борасида ўзларининг зарур маслаҳатларини бердилар. 

CZ3B9605

-Яқинда сепган уруғларимиз униб чиқди, насиб бўлса бир, бир ярим ойда иссиқхонамиз ҳосилини маҳалладошлар дастурхонига етказиб берамиз, - дейди Сайёра Оролова. – Бизга шундай имкониятни яратиб берган маҳалладошларимизга катта раҳмат.

Опанинг миннатдорчилик сўзларини эшитиш албатта ёқимли. Бу бизнинг кучимизга куч қўшади. Мақсадимиз – ҳар бир оиланинг фаровонлиги, иқтисодий барқарорлиги учун янада кўпроқ ҳисса қўшишга интиламиз.

Шу билан бирга маҳаллада аҳолининг экологик маданиятини оширишга ҳам алоҳида эътибор берамиз. Чунки, дунёдаги бугунги экологик вазият шуни тақозо этади. Ҳозирда  курраи заминда юзага келган қатор экологик кризислар ҳар бир инсонни хушёрликка чорлайди. Хусусан, экологик ҳолатни яхшилаш ва атроф муҳитга  нисбатан салбий муносабат, техноген ҳамда антропоген омиллар таъсирининг олдини олиш юзасидан одамларда етарлича тасаввур уйғотиш керак. Бунда экологик  маданиятга эришиш бош омил бўлади.

Сирасини айтганда халқ ишончи юксак масъулият. Уни оқлаш осон бўлмайди. Тинимсиз меҳнат, доимий изланиш, одамлар орасида бўлиш, эл корига ярай олиш улуғ неъмат. Бу борада бутун куч-қувватимизни ишга соламиз. Зеро, меҳнат қилган асло кам бўлмайди. 

Ҳабибулло Тўраев,

халқ депутатлари Норин тумани 

Кенгаши депутати.