ТОЗАЛИК ОЙЛИГИ БОШЛАНДИ
Юрт ободлиги, поклик ва саранжомлик нафақат шаҳар ва қишлоқлар, балки хонадонларга ҳам файзу-барака олиб киради. Шу боис халқимизда азалдан атрофни тоза сақлаш масаласига алоҳида эътибор берилади. Таассуфки, ҳозирда айрим ҳудудларда бу борадаги камчиликлар кўзга ташланиб қоляпти.
Бу ҳолат куни кеча давлатимиз раҳбари томонидан маҳалла тизимидаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда жойларда ишларни самарали ташкил этиш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида жиддий танқид қилинди. Айрим маҳаллалар, кўчалар, қурилишлар атрофи, ариқлар, хиёбонларда озодалик талабларига риоя этилмаётгани кўрсатиб ўтилди. Шу муносабат билан бутун республикада 15 октябрдан 15 ноябргача тозалик ва озодалик ойлиги эълон қилинди. Ойлик давомида барча маҳаллалар, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари, кўчалар, аҳоли турар жойлари ҳудудларида тозалик ишлари амалга оширилади. Шунингдек, волонтёрлар, ёш эко-фаоллар иштирокида турли тозалик акциялари, плоггинглар ташкил этилади. Бунда асосий эътибор аҳолининг экологик маданиятини ошириш, ёшларнинг атроф-муҳитга бўлган муносабатини ижобий томонга ўзгартиришга хизмат қиладиган тадбирларга қаратилади. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг шу йил 15 майдаги “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасидаги тарғибот ишлари янада кучайтирилади. Барча ташкилотлар раҳбарлари, хусусан, Экология вазирлиги раҳбарияти ушбу тадбирларида шахсий намуна сифатида фаол иштирок этади.

Бундан ташқари, айни дамда Экология вазирлиги, Бош прокуратура, Миллий гвардия ҳамда Ички ишлар ходимларидан иборат махсус штаблар ташкил қилинмоқда. Бу штаблар томонидан ҳар бир вилоят, туман ва шаҳарларда қатъий экологик назорат ўрнатилади ҳамда жамоатчиликка кундалик маълумот бериб борилади.
Қолаверса, ойлик давомида экологик ҳуқуқбузарликларга қарши доимий рейд тадбирлари амалга оширилади. Вазирлик томонидан республиканинг барча ҳудудларига онлайн кузатув камералари ўрнатилган бўлиб, ушбу камералар назорати янада кучайтирилади. Белгиланмаган жойларга чиқинди ташлаган фуқароларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг тегишли моддаларига кўра қатъий қонуний чора кўрилади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 4 январдаги “Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида” фармонига кўра, ҳудудларни тозалашга масъул бўлган жисмоний ва юридик шахслар ўз вазифаларини бажармаганлиги натижасида атроф-муҳитнинг ифлосланиши учун жавобгарликка тортилади.

Азиз юртдошлар! Барчангизни ушбу муҳим тадбир, эзгу ниятлар ижобати, юртимиз кўрку тароватини оширишга хизмат қиладиган тозалик ойлигида фаол иштирок этишга чақирамиз. Зеро, юрт ободлигига ҳисса қўшган ҳар бир одамнинг кўнгли ҳам пок, қалби ҳам шод бўлиб бораверади.
Лочинбек Исомиддинов,
Андижон вилояти экология, атроф-
муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим
ўзгариши бошқармаси матбуот
хизмати раҳбари.
Андижон вилояти экология, атроф-муҳитни
муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши