ТАШРИФ ВА МАСЪУЛИЯТ

ТАШРИФ ВА МАСЪУЛИЯТ

Жараён

ТАШРИФ  ВА МАСЪУЛИЯТ

 

Давлатимиз раҳбарининг Андижон вилоятига галдаги ташрифи вилоятимиздаги ҳар бир соҳа вакиллари, халқимиз учун янги марралар, буюк мақсадлар сари йўл очгани табиий. Негаки, юртбошимиз   жойларда эришилган ютуқларни  эътироф этиш баробарида янги таклиф ва ташуббуслари билан андижонликларга қўшимча масъулият юклади. 

 

Тан олиш керак, Андижон вилоятида бугунги кунда иқтисодий ривожланиш ўсгани, экспорт ва импорт йўналишларидаги салмоқли ютуқлар, ёшларни иш билан  таъминлаш, шу билан бир қаторда экология, атроф-муҳит муҳофазаси,  табиатни асраш, аҳолининг экологик маданиятини оширишга ҳам алоҳида этибор қаратилмоқда. Унинг самараси эса хотиржамликка асос бўлмайди. Чунки, ҳали олдимизда бажарилиши лозим бўлган вазифалар  талайгина.  Энг муҳими, бу борада юртбошимиз ҳамда халқ ишончини оқлаш, шунга яраша иш ташкил қилиш талаб этилади. 

photo_2025-04-14_10-50-53

Президентимизнинг вилоятимизга бўлган икки кунлик ташрифи қатор янгиликларга бой бўлди. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг  таклифига асосан Хонободдаги Кампирровот маҳалласида 92 гектар ҳудудда туризм маркази ташкил этиладиган бўлди. Бундай туризм масканлари Булоқбошидаги Ширмонбулоқ, Хўжаободдаги Тош ота маҳаллаларида ҳам ташкил қилинади. Бунинг натижасида  Андижон вилоятига қўшимча 1 миллион нафар турист жалб қилиш имкони туғилади. Туризм, хусусан экотуризмнинг ривожланиши орқали жойларда иқтисодий ўсишга, ҳудудларни янада обод  ва кўркам бўлишига эришилади. 

photo_2025-02-19_14-46-01

Шу билан бирга, вилоятнинг сув оқими юқори бўлган ариқ ва каналларида 75 мегаватт қувватига эга кичик ва микро ГЭСлар қуриш имкони бор.Андижонда ушбу лойиҳаларга 40 миллион доллар ажратилади. Ушбу маблағлар  тадбиркорларга 3 йил имтиёзли давр билан 7 йилга 12 фоизлик ставкада берилади. Бу аввало  тадбиркорлар учун катта имконият, иккинчидан эса аҳолининг энергияга бўлган талабини қондиришда муҳим ўрин тутади. 

Бугунги кунда фуқароларнинг саломатлиги сақлаш, соғлом фарзанд дунёга келтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Андижонда замонавий хусусий клиникалар ташкил этиш учун олти ой давомида сотилмаган давлат объектлари тадбиркорларга тўғридан-тўғри  5 йил муддатга ижарага берилади. Кейинчалик бу объектлар улар томонидан хусусийлаштириб олиниш имкониятининиг яратилиши соғлом келажак сари қўйилаётган яна бир улкан қадамдир. 

photo_2025-03-01_21-44-04

Албатта, турли соҳалардаги амалий ислоҳотларда барча қатори Ўзбекистон  Экологик партиясидан маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатларимиз, партия фаолларининг ҳам ўз ҳиссаси бор. Хусусан, вилоятда табиатни муҳофаза қилиш борасидаги қонунлар тарғиботи, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ижроси, экология маданиятни юксалтириш, ёшларимизнинг табиатга бўлган меҳру-муҳаббатини ошириш, бир сўз билан айтганда, атроф-муҳит муҳофазаси учун жонкуяр инсонлар қилиб тарбиялашга амалий ёрдам бериш долзарб вазифамиз саналади.

photo_2025-04-14_13-41-47

Айниқса, депутатларимиз томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025  йил 30 январдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “Яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга доир давлат дастури тўғрисида”  фармони асосида кенг қамровли тушунтириш –тарғибот ишлари янада кучайтирилиляпти. Чунки, жорий йилда аҳолининг саломатлигини яхшилаш, экологик турмуш тарзини шакллантириш ва инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун шарт-шароитларни яратиш асосий вазифалардан бири. Хусусан, аҳолининг кундалик ҳаётига экологик тамойилларни сингдириш орқали мамлакатимизда "Экофаол фуқаро" ҳаёт тарзини кенг тарғиб қилишга қаратилган "Бир миллион яшил оила" умуммиллий ҳаракати йўлга қўйилади. Бунда  аҳоли орасида соғлом турмуш тарзи, хусусан, тиббий маданиятни ошириш, соғлом овқатланиш, кунлик юриш ва югуришни тарғиб қилиш, "яшил транспортда", шу жумладан, велосипедда ҳаракатланишни рағбатлантириш, пластик маҳсулотлардан фойдаланишни камайтириш, озиқ-овқат исрофгарчилигининг олдини олиш, сув, газ ва электр энергияси ресурсларидан оқилона фойдаланиш, чиқиндиларни турларига қараб саралашни йўлга қўйиш Давлат Дастурининг асосий мақсади ва ундан ҳар бир юртдошимизни хабардор қилиш муҳимдир. 

Демакки, бу борада Ўзбекистон Экологик партияси депутатлари, экофаоллар барча билим ва ташаббусларимизни ишга соламиз ва  юртимизни ривожланган давлатлар қаторида янада юқори поғоналарга кўтарилишида   юртбошимизга  яқин кўмакчи, камарбаста бўламиз. 

 

Ҳуршидбек Юсупов, 

Ўзбекистон Экологик  партияси 

Андижон вилояти Кенгаши раиси

вазифасини бажарувчи.