СУВ – ҲАЁТ МАНБАИ
Бугун курраи заминимизда “Бутунжаҳон сув ресурсалари куни” нишонланмоқда. Мазкур сана Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 1993 йилда таъсис этилган ва шундан бери дунёда чучук сув муаммосига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Негаки, тобора камайиб бораётган обиҳаёт барча тирик организмларнинг мавжудлиги, инсониятнинг тўкис яшаши, қишлоқ хўжалиги ва саноат учун биринчи галдаги муҳим ресурс ҳисобланади.
Мамлакатимиздаги мавжуд сув заҳираларидан оқилона фойдаланиш, ундаги флора ва фауна вакилларини сақлаб қолишга қаратилган чора-тадбирларни кучайтириш давлат иқтисодиётига, туризмни ривожлантиришга ва табиатни келажак авлодга соғлом етказишга хизмат қилади. Бугунги кунда ҳар бир имкониятдан унумли фойдалана олмаслик давлатни тараққиёт ва глобаллашув жараёнида оқсоқликка олиб келади. Шундай экан, барча бирдек бу масалага алоҳида эътибор қаратиши лозим.

Маьлумки Ўзбекистон сув ҳавзалари асосан дарёлар, сойлар, кўллар, катта каналлар, ариқлар ва ташламалардан иборат. Уларни алоҳида қўриқхона сифатида қўриқлаш ва сақлаш имконияти мавжуд эмас. Шундан келиб чиқиб, бугунги кунда аҳоли томонидан кўпгина ҳолатларда улардан назоратсиз фойдаланиб келинмоқда. Очиқ сув ҳавзаларида ҳаваскор ва броконерлик мақсадларида балиқ тутиш жараёни пала- партиш олиб борилмоқда Хусусан, электр тармоқларига уланган ва генераторлардан фойдаланиб балиқ тутиш кенг тарқалди. Айниқса, турли генераторларни кириб келиши чекка ва олис ҳудудларда ҳам электр билан аёвсиз балиқ овлаш усулларини тарқалишига олиб келди. Бундан ташқари Хитойдан кириб келган турли ўлчамли катаклардан иборат кўп қаватли тўрларни бозорларда назоратсиз, очиқ-ойдин сотилиши ҳам браконерликка йўл очяпти. Бугун сув ҳавзаларига ва ундаги жонзотларга биргина тартибсиз балиқ овловчилар эмас, сира иккиланмай ахлат, чиқинди ташовчилар ҳам яхшигина салбий таъсир ўтказяпти. Аксарият ариқ ва каналлар, зовур бўйларига тўкиб кетилаётган маиший чиқиндилар сув ҳавзасини ифлосланиш даражасини ошириб боряпти. Экин майдонларида олиб борилаётган менерал ўғитлаш ва суғоришда агротехника тадбирларини нотўғри, сифатсиз ҳамда назоратсиз бажарилиши ҳам сувда кимёвий токсинларнинг ортишига олиб келади. Айникса, суюқ аммикни сув билан аралаштириб оқизиш технологияси сув таркибидаги токсик даражани ошириш билан бирга тупроқ микрофлорасини ҳам узоқ йиллар давомида тиклана олмайдиган ҳолатга келтириб қўйяпти.

Энди юқорида қайд этилган омилларнинг келажакка таъсири ҳақида фикр юритамиз. Электр токи билан балиқ овлаш ана шу сув ҳавзасидаги барча балиқларни бирдек қириб юборади. Бу билан эртага яхшигина ҳосил бериши мумкин бўлган минглаб тонна майда човоқлар, увилдириқлар ҳам нобуд бўляпти. Бир-икки марта ишлатилиб сўнгра ана шу ҳавзага ташлаб юборилган майда кўзли, сунъий ипдан тайёрланган тўрлар ҳам сув остида яна қанча-қанча жонзотларнинг ҳалокатига сабабчи. Суюқ аммиак қолдиқлари эса улардан ҳам хавфлидир. Айни салбий таъсирлар ўз навбатида сув ҳавзалари ва унинг атрофидаги флора ва фаунасининг ҳам кескин ўзгаришига олиб келяпти. Бундай ҳолатда эса келажакда сув ҳавзаларидаги микрофлора турлари сон жиҳатдан кескин камайиши, балки қирилиб кетиши мумкин.

Шундан келиб чиқиб, ҳар бир юртдошимиз бундай экологик тангликка олиб келадиган жараёнга жиддий эътибор қилиши лозим. Қолаверса электр токида балиқ овлаш вақтидаги эҳтиётсизлик оқибатида кўплаб фуқаролар ҳам нобуд бўляпти. Сув ҳавзаларида экологик мувозанатни сақлаб қолиш, балиқ ва бошқа сув ҳайвонларини турлар ва сон жиҳатдан муҳофаза қилиш мақсадига хизмат қилувчи тадбирларга нафақат алоқадор тизимлар, балки, ҳуқуқ-тартибот органлари, кенг жамоатчилик вакиллари, ҳар бир юртдошимиз ўз ҳиссасини қўшиши керак. Чунки, табиат бу биз яшаб турган муҳит, бизнинг Ватан, маскандир. У ўзи ва неъматларига нисбатан хўжасизликни асло кечирмайди.
Чинора Сулаймонова,
Мияссар Ибрагимова,
Фарғона вилояти экология бошқармасининг
атроф-муҳит мониторинги, иқлим ўзгаришига
мослашиш ва гидрометеорология
йўналиши мутахассислари.