СОМОННИ ЁҚИШ ЁМОН

СОМОННИ ЁҚИШ ЁМОН

Андижон вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасининг шаҳар ва туман бўлимлари ходимлари томонидан жойларда соҳага доир қонун ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аҳолининг экологик маданиятни юксалтириш юзасидан қатор назорат ҳамда тарғибот тадбирлари олиб бориляпти. 

 

Диёримизга ёзнинг кириб келиши билан ризқу-рўзимиз манбаи бўлган ғалла ўрим-йиғими ҳам бошланди. Жорий йил ҳосили учун вилоятимизда  69 минг 835 гектар майдонда буғдой парвариш қилинди. Эндиликда ушбу ерлардан сара ва сифатли дон йиғиштириб олиш ҳаракати бошланди.   Бунинг учун жойларда  222 та махсус ўрим отрядлари иш олиб боряпти. Улар ихтиёридаги 223 та ғалла ўриш комбайнлари, 1 минг 359 дона юк автомобиллари, 129 та кўчма устахоналар, 121 та ёқилғи-мойлаш материалларини ташиш агрегатлари ёрдамида самарали иш ташкил қилиняпти. 

Ғаллазорлардаги донни нест-нобуд қилмай йиғиштириб олиш ўзига яраша масъулият. Лекин, ғалласи бўшаган майдонлардаги сомонни тозалаб олиш ҳам яна-да муҳим вазифа. Чунки, айрим ер эгалари такрорий экин экишда вақтдан ютиш учун сомонни тозалаш ўрнига осонгина усул – уни ёқиб юборишни мақбул чора деб ўйлайди. Аслида эса бу ерга ва табиатга нисбатан ғирромлик, қонунларимизга нисбатан эса ҳурматсизлик ҳисобланади. Сомон поя қолдиқларининг ёниши натижасида атмосфера ҳавосига углерод оксиди, азот оксиди, азот икки оксиди, олтингугурт оксиди каби қатор заҳарли моддалар ажралиб чиқади. Сомон поя қолдиқлари ёқилиши нафақат она табиатимизга, балки инсон саломатлиги билан бир қаторда иқтисодиётимизга ҳам жиддий зарар етказишини ҳар бир фуқаро асло  унутмаслиги керак. 

photo_2025-06-10_21-40-05-1

Шу боис бугун Андижон вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасининг Избоскан туман бўлими ходимлари далаларда  бўлиб фермер хўжалиги раҳбарлари, ўрим-йиғимга масъул бўлган отряд аъзолари ўртасида сомон поялари ва уларнинг қолдиқларининг ёқиш ҳолатига йўл қўймаслик бўйича тушунтириш-тарғибот тадбирларини олиб боришмоқда. 

Шунингдек, бугун жойларда кўчмас мулк билан боғлиқ айрим ҳуқуқбузарликлар ҳам учраб туради. Айниқса, уларни табиий муҳофаза қилинидаган ҳудудларга жойлаштирилиши янада ачинарлидир. Бошқарманинг Хўжаобод туман бўлими ходимлари томонидан ўтказилган назорат-рейд тадбирида фуқаролардан бири ҳудуддан оқиб ўтувчи Шаҳрихонсойнинг  муҳофаза зонасига ўзбошимчалик билан бино қуриб олганлиги аён бўлди. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 82 моддаси,  2 қисмига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилди.

photo_2025-06-09_17-55-57

Шунингдек, экологлар ижтимоий тармоқларда тарқалган “Хўжаобод туманидаги истироҳат боғини чиқинди босиб кетди”,  деб номланган хабар юзасидан тезкор ўрганиш тадбирини олиб боришди. Натижада ҳудудда пайдо бўлган чиқиндилар туманда фаолият олиб бораётган “And Obod” санитар-тозалов корхонасининг махсус автотранспортлари ёрдамида ташиб кетилди. 

photo_2025-06-10_21-39-14

Андижон вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси Олтинкўл туман бўлими ходимлари эса  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида атроф табиий муҳитни муҳофаза қилишнинг иқтисодий  механизмларини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги  қарори ижросига алоҳида эътибор қаратишяпти. Бошқарманинг Шаҳрихон тумани ходимлари томонидан ҳам тумандаги муҳофаза этиладиган ҳудудларида учраб қолаётган ноқонуний қурилишлар  ўрганилмоқда. Аниқланган ҳолатларга нисбатан тегишли  қонуний чора кўриш учун ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда.

photo_2025-06-09_22-41-59

Бундан ташқари бошқарманинг шаҳар-туман бўлимлари  ходимлари тунги назорат-рейд  тадбирларини ҳам ўтказиб боришяпти. Андижон шаҳар, Асака, Балиқчи ҳамда Жалақудуқ туманида ўтган ана шундай тадбирлар натижасида 4 та ҳолатда ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланди  ва уларга нисбатан тегишли тарзда маъмурий чора кўрилди.   

 

Андижон  вилояти экология, атроф-

муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим 

ўзгариши бошқармаси матбуот  хизмати.