ҚАЛАМИНГИЗ ЎТКИР, ҚАДАМИНГИЗ НУРЛИ БЎЛСИН!

Андижон вилояти экология, атроф-муҳитни
муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси
бошлиғи Санжарбек Дадамирзаевнинг
27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот
воситалари ходимлари куни муносабати
билан соҳа ходимларига
Т А Б Р И Г И
Журналист деганда, аввало, кўз олдимизда жамиятнинг илғор бўғини, халқ ва давлат манфаатларига бирдек хизмат қиладиган, жамият тараққиёти йўлида ҳар қандай қийинчиликдан қайтмайдиган, сўзи жарангдор, қалами ўткир, қадами шижаоткор инсонлар намоён бўлади. Улар ўз билим ва салоҳияти, истеъдоди ҳамда маҳорати, тинимсиз меҳнати билан мамлакатимиз тараққиётига беминнат хизмат қиладилар. Бу соҳа вакиллари борки, ҳар соҳадаги ислоҳотлар кенг қулоч ёзади, тезкор оммалашади, жумлаи-жаҳон ва диёримизда рўй бераётган янгиликлар юртимиздаги ҳар бир хонадонга, ҳар бир юртдошимиз қалбига яшиндек кириб боради. Ўз навбатида жамият тараққиётига раҳна солаётган, ҳудудлардаги, тизимлардаги янгиланишларга, ривожланишга ҳалақит бераётган иллатлар кескин танқид остига олинади. Шу тариқа кўплаб яхши хабарларни оммага тарқатаётган қаламкашларимиз муаммоларга нисбатан ҳам ўзгача жасорат билан курашадилар.
Бугун юртимизда эътиборга молик сана – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни нишонланмоқда. Айни паллада бошқа соҳалар қатори юртимиз табиатини муҳофаза қилиш, атроф-муҳитни асраш, мамлакатимиз табиий ва моддий бойликларининг даҳлсизлигини сақлаш, тизимдаги ютуқларни эътироф этиш билан бирга экологларни қийнаб келаётган қатор муаммоларга қарши курашда биз билан елкама-елка меҳнат қилаётган барча журналистларнинг фаолиятини самимият ила эътироф этган бўлардим. Хусусан, Андижон вилоят телерадиокомпанияси, “Тараққиёт” телерадиоканали, мамлакатимизда фаолият олиб бораётган қатор телерадиоканалларнинг вилоятдаги мухбирлар пунктлари ижодкорлари, шунингдек, медиа ҳамда босма оммавий ахборот воситаларининг вакиллари Ўзбекистон Республикасининг табиатни муҳофаза қилишга доир қонунлари тарғиботи, давлатимиз раҳбарининг соҳага оид қабул қилган фармон ва қарорларининг ижроси борасидаги тадбирларни ўз вақтида, сифатли ва оммабоп қилиб ёритиб келишяпти.
Айниқса, газета ва журналларимиз, теле ва радио каналлар, ижтимоий тармоқларда экология ва атроф-муҳит муҳофазаси мавзусидаги чиқишлар, муаммоли масалалар юзасидан мутахассис ва экспертлар иштирокидаги кўрсатув ва эшиттиришлар, таҳлилий шарҳлар, баҳс-мунозаралар сезиларли равишда кўпайгани қувонарлидир. Бу ўз навбатида вилоятимизда фаолият олиб бораётган журналистларнинг экология соҳасига бефарқ эмасликларини кўрсатиб турибди. Бунинг яққол мисолини эса, кунда ва кунора телерадио эфирларида, ижтимоий тармоқларда, газета-журналларда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг бориши, “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш, чиқиндиларни бошқариш соҳасидаги ислоҳотлар каби қатор мавзулардаги туркум чиқишлардан ҳам кўриш мумкин.
Ўйлайманки, мана шундай шижаот ва тезкорликка асосланган ҳамкорлигимиз бундан буён ҳам узвий давом этади. Шундай экан, ушбу қутлуғ кунда барча қалам аҳли, журналистларимизни касб байрами муносабати билан самимий муборакбод этаман. Сизларга доимий яхши кайфият, сиҳат-саломатлик, ижодий камолот, масъулиятли ишингизда барака ва омад, хонадонгизга тинчлик, дастурхонингизга файзу барака тилайман!
Байрамингиз муборак бўлсин, азиз ижодкорлар!