ПОКЛИК ҚУТ-БАРАКА, СОФЛИК ФАЙЗ КЕЛТИРАДИ
Бугун бутун дунё аҳли Халқаро табиатни муҳофаза қилиш кунини нишонламоқда. Бу айнан олам гўзаллигини асл ҳолича сақлаш ишига бел боғлаган эзгу ниятли кишиларнинг айёми. Мамнуният билан таъкидлаш жоизки, улар орасида бизнинг “Водий махсус санитар транс” масъулияти чекланган жамияти жамоаси вакиллари ҳам бор. Ташкилотимиз 2014 йил март ойида ўз фаолиятини бошлаган. Марғилон шаҳри маҳалла ва кўчаларини санитар тозалаш мақсадига бел боғлаган ишчи-хизматчиларимиз даставвал 23 та маҳалла фуқаролар йиғинига хизмат кўрсатган бўлса, бугунга келиб жамоа анчагина ривожланди. Аниқроқ айтганда, эндиликда ташкилотимиз Марғилон шаҳридан ташқари Қўқон шаҳри, Ёзёвон, Қўштепа, Олтиариқ туманларидаги 171733 абонентларга хизмат кўрсатмоқда. Ушбу ҳудудлардаги бизнинг хизматимиздан фойдаланидаган аҳоли сони эса 700 минг нафардан ортиб кетди.
Албатта, бу ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Жамоадошларнинг эзгу нияти, ўзаро ҳамжиҳатлик самара берди. Қолаверса, мамлакатимизда тадбиркорликни қўлаб-қувватлаш борасидаги амалий сиёсат қўл келди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги қонуни, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 19 сентябрдаги “Маиший ва қурилиши чиқиндилари билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада бизга мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлди. Айнан шу ҳужжатлар асосида 2021 йил 25 майдан Олтиариқ, Қўштепа ва Ёзёвон туманлари, 2022 йил 24 августдан Қўқон шаҳри ҳудудидаги ташкилот ҳамда аҳолига маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш сохасидаги хизматларни кўрсатиш учун давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим имзоланди.
Мазкур битимга кўра, корхонамиз ушбу ҳудудлардаги хизмат сифатини ошириш учун 18 миллирд 67 миллион сўм инвестиция киритиш мажбуриятини олган бўлиб, жорий йил 1 май ҳолатига кўра 7 миллиард 239 миллион сўмга 9 та махсус техника харид қилинди. 7 дона чиқинди тўплаш шаҳобчаси барпо этилди ва 150 дона чиқинди тўплаш контейнерлари ҳарид қилинди. 3 миллард 664 миллион сўм эвазига чиқиндиларни саралаш ускунаси қурилиб, 5 миллиард 201 миллион сўмга чиқиндиларни қайта ишлаш ускуналари ҳарид қилинди. Битимга қўшимча келишув асосида эса 12 миллиард 953 миллион сўмга 12 та махсус машина сотиб олинди. Бошқачароқ айтганда, инвестиция мажбуриятларини бажариш учун 29 миллиард 302 миллион сўм сарфланди ва бу борадаги келишув ортиғи билан, яъни 162.2 фоизга бажарилди.
Таъкидлаш жоизки, нафақат хизмат кўрсатиш ҳудуди ва субъектлар сони ортди, балки унинг самарадорлиги, сифати ҳам ошиб боряпти. Ҳозирда маҳалла ва қишлоқлардан чиқиндилдарни “сигнал” усулида, доимий белгиланган режа асосида ташиб кетилаётган бўлса, кўп қаватли турар-жойларда, аҳоли зич манзилларда замонавий чиқинди тўплаш масканлари барпо этиляпти. Ушбу масканларда чиқиндилар турига қараб ажратиб олинади. Қаттиқ ва маиший, шиша, пластик ва қурилиш чиқиндилари махсус қутиларга алоҳида-алоҳида жойлаштирилади. Маскан ҳудуди доимий озода ва саришта сақланади. Атроф гулзорлаштирилган, бино деворлари, устунларда сайроқи қушлар хониш қилиб туради. Аҳоли вакиллари ахлат ташлаш билан бир пайтнинг ўзида бу ерда коммунал тўловни ҳам амалга ошириши мумкин бўлади.
Ҳозирда ташкилотимиз томонидан жойларда шу каби 10 та замонавий чиқинди тўплаш масканлари ишлаётган бўлса, келгусида талабга кўра ҳар бир шаҳар туманда уларнинг миқдори кўпайтириб борилади. Шунингдек, ташкилот моддий –техника базаси ҳам ривожланди. Илк йили 8 та санитар-тозалов махсус машинамиз бор эди. Бугун уларнинг сони 105 тага етди. Бу ўз навбатида ҳар бир ҳудудга ўз вақтида хизмат кўрсатишга шароит яратади. Бундан ташқари ишчи-хизматчилар сафи ҳам кенгайди. Дастлаб ташкилотда 50 нафар ходим ишлаган бўлса, уларнинг сони бугун 566 нафарга етди. Аҳамиятли жиҳати шуки, жамоамизда ўз ишининг устаси бўлган, сафдошлар ҳурматини қозонган ходимларимиз кўпчиликни ташкил қилади. Улар орасида марғилонлик Дилмурод Раҳмонов, Баҳромжон Мусаев, ёзёвонлик Мухторшер Давидов, қўштепалик Темирхон Солиев, олтиариқлик Муслимбек Абдувоҳидов ва қўқонлик Отабек Абдуллаевлар номини мамнуният билан эътироф этиш жоиз.
Масаланинг яна бир томони бор. Хизмат кўлами билан бирга зиммамиздаги масъулият ҳам ортиб боряпти. Хусусан, давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 4 январда имзоланган “Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бизга янада кенг имкониятлар яратади. Бу ҳужжат айрим жойларда юзага келаётган ноқонуний чиқинди ташлаш ҳолатларига барҳам беради. Санитар-тозалаш корхоналарининг иқтисодий кўрсаткичлари мустаҳкамланади. Юрт ободлиги, атроф-муҳитни янада саранжом-саришта бўлишига асос яратади.
Аслида бугун шаҳар ва қишлоқларимиз кўркига ҳавас қилгулик. Хусусан, Марғилон кўчаларидаги поклик, софлик дилга ҳузур бағишлайди. Бунда “Водий махсус санитар транс” масъулияти чекланган жамияти жамоасининг матонатли меҳнати ҳам бор.
Шундай экан, бугун 5 июнь – Халқаро табиатни муҳофаза қилиш куни муносабати билан барча юртдошларимизни, соҳа ривожига ҳисса қўшаётган ҳамкасблар, экологлар, санитар-тозалаш корхоналари ходимларини қизғин муборакбод этамиз. Юртни обод қилиш орқали кўнгли обод бўлаётган замондошларимиз ҳамиша бор бўлсинлар!
Баҳромжон Назиров,
“Водий махсус санитар транс” масъулияти
чекланган жамияти раҳбари.