НАВРЎЗ – БАЙРАМЛАР МАВСУМИ

НАВРЎЗ – БАЙРАМЛАР МАВСУМИ

Шарқ халқларида янги йилнинг бошланиши – Наврўзи Олам янгиланиш, яшариш айёми сифатида тантана қилинади. Табиатнинг уйғониши, деҳқончиликнинг янги мавсуми  ўз навбатида табиат билан боғлиқ бошқа саналарни ҳам ўз ичига олади. Жумладан, 20 март –Халқаро Ер куни, 21  март – Ўрмонлар  куни, 22 – март эса Халқаро сув ресурсларини ҳимоя қилиш куни ҳисобланади. 

2024-03-25 10.16.00
Фарғона вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан мазкур саналар муносабати билан турли тадбирлар ташкил этилди. Фарғона давлат университетида ўтказилган ана шундай тадбир “Aтроф-муҳит ифлосланиши мониторинги иқлим ўзгариши ва чўлланишга қарши курашиш”  мавзусига бағишланди. Унда асосан ёш экологлар – олийгоҳнинг экология ва табиатни муҳофза қилиш йўналишида таълим олаётган йигит-қизлар иштирок этишди.

2024-03-25 10.16.07
Бошқарма ходимлари ёшларга Халқаро Ер кунини нишонлаш асослари, унинг келиб чиқиш тарихи, мамлакатимизда ер ресурслари ва уларни ҳимоя қилиш, ифлосланишдан сақлаш борасида олиб борилаётган амалий ишлар ҳақида  маълумот бердилар. Жумладан, мамлакатимизда “Ер тўғрисида”ги алоҳида қонун  қабул қилинган. Унинг биринчи моддасида  Ўзбекистон Республикасида ер муносабатлари ушбу Қонун билан ва Ўзбекистон Республикасининг ер тўғрисидаги бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солиб борилади. Тоғ, ўрмон ва сув билан муносабатлар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсидан, шунингдек  атмосфера ҳавосидан фойдаланиш ва уларни асрашга оид муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг мухсус қонунлари билан тартибда солинади”, иккинчи моддасида эса “Ер умуммиллий бойликдир, ундан оқилона фойдаланиш зарур ва у давлат муҳофазасидадир”, дея белгилаб қўйилган.

2024-03-25 10.16.04
Ҳудди шунингдек, мамлакатимизда “Ўрмон тўғрисида”ги қонун ҳам қабул қилинган ва унинг асосида ўрмонларни  муҳофаза қилиш, улардан самарали фойдаланиш, кўпайтириш асослари белгилаб қўйилган. Универститетнинг география факультети талабалар билан бўлиб ўтган давра суҳбатига “Ўрмонларнинг табиатдаги аҳамияти” мавзу қилиб олинди. Унда инсоният учун табиатдаги энг фойдали бойлик манбаи  - ўрмонларнинг таназзули ва унинг олдини олиш хусусида сўз борди. Дарахтзорларни аёвсиз кесилиши, миллионлаб гектар майдонлардаги ўрмон ёнғинлари  натижасида атмосфера ҳавоси ифлосланиб боряпти. Тобора озайиб бораётган дарахтлар зарарли газ ва чангни қайта ишлаб улгурмаяпти.  

Шу ўринда тирикликнинг асосий ҳаёт манбаларидан бири – сув ҳақида ҳам алоҳида эътироф этиш жоиз. Ҳар бирик тирик жон, айниқса инсон озиқ-овқатсиз бир неча кун яшаши мумкин, аммо сувсиз узоққа бормайди. Сувнинг тирикликдаги беқиёс аҳамияти сабаб сайёрамизда ҳар йили 22-март – Халқаро оби ҳаёт куни сифатида нишонланади. 1992-йилда Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган БМТ конференциясида шу ҳақда қарор қабул қилинган.

Бошқарма ходимлари  томонидан Марғилон шаҳридаги  “Тошлоқтепа” маҳалласида фаолият кўрсатаётган “Билимлар сайёраси” номли нодавлат- хусусий умумий ўрта таълим мактабида ўтказилган очиқ дарс “Сувни исроф қилманг” мавзусида бўлди. Мутахассисларнинг  таъкидлашича, танамизнинг қарийиб 60  фоизи сувдан иборат. Битта одам олтмиш йиллик умри мобайнида тахминан 50 тонна сув истеъмол қилади. Одам танасидаги сув миқдори 5 – 8 фоизга камайса, оғиз қуруқшайди, тери бужмаяди, онг ўтмаслашади, кўзга ҳар хил нарсалар кўрина бошлайди. Бу рақам 14-15 фоизга етса, инсон ҳаётдан кўз юмиши мумкин.  Ҳозир дунёда 1 миллиарддан ортиқ киши ёки жами аҳолининг олтидан бир қисми тоза ичимлик сувига муҳтож. 500 миллион киши эса сув тақчиллиги кескинлашган минтақаларда яшайди.

Тадбирда ўқувчилар ўзларини қизиқтирган бошқа саволларга ҳам жавоб олишди. Сув ҳақидаги турли маълумотлар болажонларни уларни асраб-авайлаш, оқилона фойдаланиш, ифлос ва исроф қилмаслик борасида ибрат бўлиши шубҳасиз.

 

Анваржон Ашуров, 

Фарғона вилояти экология, атроф-муҳитни

муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши 

бошқармаси бошлиқ ўринбосари.