МЕҲР БЕРСАНГ, МЕҲР ТОПАСАН
Мусаффо ҳаво, унумдор тупроқ, зилол оби ҳаёт. Бу уч унсур курраи заминдаги тириклик асоси, омили ҳамда пойдеворидир. Улардан атиги бирортаси бўлмаса, тамом, ҳаёт адоғига етади, борлиқ таназзулга юз тутади. Шундай экан, бугун ҳар тонг тани сиҳатликда кўз очаркансиз, бунинг учун ўша уч неъматнинг борлигига шукрона айтинг. Нафақат шукрона айтинг, уларни қадрлаш, асраб-авайлаш, муҳофаза қилишда бошқаларга ибрат бўлинг!
Бу сўзлар шунчаки айтилган ибора эмас. Бу менинг умрим давомида қайта-қайта иқрор бўлаётганим – ҳаёт ҳақиқатидир. Хусусан, истиқлол сабаб юртдошларимиз мулкдор бўлишди. Ер ўз эгаси – деҳқонга берилди. Шу вақтларда ўзини фермерлар сафига урган аксарият тадбиркорларимизнинг кўпчилиги ҳозирда бошқа соҳаларда иш юритишяпти. Негаки, улар ер билан тиллаша олмади, уни қадрига етиб, асраб-авайлаб фойдаланмади. Натижада она замин улар учун очил дастурхон бўлмади ёҳуд тиллога тўлдирилган сандиқ ўрнини босмади.
Мен фермерлик ҳаракатига анчайин кечроқ, яъни 2005 йилда қўшилдим. Бу пайтда деҳқончилик қиладиган тадбиркорларнинг анчаси сараланиб қолган, майдонда аксарият асл билимдон ва меҳнатсевар фермерлар қолганди. Биз оила аъзоларимиз билан атиги 10 гектар ерда иш бошладик. Дастлабки лаҳзалардан ризқу-рўз манбаи бўлган ерга муҳаббат қўйдик. Сувнинг ҳар қатрасидан оқилона фойдаланишни одат қилдик. Натижада меҳримизга яраша жавоб олдик. Саъй-ҳаракатларимиз бекор кетмади. Орадан беш йил ўтиб, жамоамиз қарийиб эллик нафар аъзога, 90 гектар ер майдонига эга йирик фермер хўжалигига айланди. Нафақат майдон, балки, зиммамиздаги масъулият ҳам ортди. Чунки, биз етиштирадиган ҳосил – ғалла, пахта, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, паррандачилик маҳсулотлари энди тўғридан-тўғри халқимиз дастурхонига етиб боради. Демак, уларнинг сифати алоҳида эътиборга олиниши керак. Биз фаолиятимизда масаланинг шу жиҳатларига асосий эътиборни қаратдик. Чунки, маҳсулот сифатли бўлиши учун ернинг унумдорлиги етарли бўлиши шарт. Бунда тупроқ таркибини зарарлайдиган ортиқча минерал ўғитларни маҳаллий ўғитлар билан алмаштириш талаб этилади. Бу борада тажрибали деҳқонларимиз, мутахассислармиз тавсиясига таяниб иш ташкил қилдик.
Яна бир муҳим жиҳат. Мамлакатимизда аграр тизимга тадбиқ этилаётган янги технологиялар, у хоҳ техник имкониятларни кенгайтириш, хоҳ истиқболли навлар парваришини жорий этиш, хоҳ сувдан оқилона фойдаланиш йўналишида бўлсин барчасини биринчилар қаторида амалга тадбиқ этиб келяпмиз. Бунда биргина маҳаллий янгиликлар билан чегараланиб қолганимиз йўқ. Яъни, бундан икки ой аввал вилоятимиздаги бир гуруҳ фермерлар, қишлоқ хўжалиги мутахассислари билан Хитой Халқ Республикасининг аграр тизимдаги замонавий ва ғоят самарадор технологиялар билан атрофлича танишиб, тажриба алмашиб қайтдик. Қойил қоладиган жойи хитойликлар бир сиқим тупроқдан ҳам максимал даражада унумли фойдаланади. Энг тоза, экологик соф ва серҳосил маҳсулот етиштиради. Шунинг учун ҳам улар ўзининг салкам бир ярим миллиард кишилик аҳолисидан ортиниб бутун дунёга маҳсулот экспорт қиляпти. Биз учун улардан ўрганадиган янгиликларнинг чеки йўқ. Хусусан, сувни асраб авайлаш учун деҳқончилик қиладиган майдонларимизга томчилаб суғориш тизимини ўрнатяпмиз. Бу нафақат сувни тежайди, балки иқтисодий самарадорликни ҳам оширади.
Аслида амалдаги йил аввалгилари каби ўз баракасини аямади. Чунки, 47 гектар майдонда буғдой парваришлаб ҳар гектаридан 80 центнердан ҳосил йиғиштириб олдик. Унинг тенг ярмини уруғлик сифатида давлатга сотдик, қолган ярмини хўжалигимиз аъзоларига бўлиб бердик. Бундан ташқари ўзимизнинг маҳаллий “Андижон-35” нави қаторига бу йил хорижий уруғ – “Хитой -52” навини ҳам қўшдик. Ҳозирдан кўриниб турибдики, Хитой уруғи бизнинг иқлимга мос экан, негаки, ниҳоллардаги ҳосил миқдори баракали. Бўлиқ ва тўла кўсаклар етиляпти. Олди майдонлардаги пахта қийғос очилгани боис дастлабки дефолиация тадбирларини ҳам бошлаб юбордик. Ҳосилни техника ёрдамида, хўжалигимиз ихтиёридаги замонавий, унумдор пахта териш комбайнида йиғиштириб оламиз. Бу комбайн аллақачон мавсумга шай қилиб қўйилган. Бундан ташқари деҳқонларимиз ихтиёридаги ўндан зиёд техникаларимиз ҳар бир ишни механизация ёрдамида бажаришга имкон беряпти. Бу бизга қишлоқ хўжалигидаги муҳим фактор – вақтдан ютишда қўл келяпти. Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, ғалласи энг аввал ўриб олинган майдонларга такрорий экин сифатида экилган маккажўҳори дони бугун пишиб етила бошлади, унинг бўйи эса салкам тўрт метрга етди.
Бундан ташқари дала четларидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бири-кетин йиғиштириб оляпмиз. Эрта баҳордан боқа бошлаган 300 бошдан зиёд ўрдакларимиз ҳам тухумга кириш арафасида. Асалариларимизнинг ҳосили эса йилдан-йилга ортиб боряпти. Бу маҳсулотлар аввало ишчиларимизга, ортгани эл дастурхонига тортилади, қўшимча даромад келтиради.
Дарвоқе, ердан, сувдан оқилона фойдаланиш натижасида оладиган даромадимиз салмоғи ҳам ортиб боряпти. Таққослаш учун айтадиган бўлсак, 2010 йилда фермер хўжалигининг айланма маблағи 300 миллион сўмни ташкил этган бўлса, ҳозирда бу миқдор 3 миллиард сўмга етди. Олинадиган соф фойдани хўжалик аъзоларини моддий рағбатлантиришга йўналтиряпмиз. Хусусан, ҳар йили икки нафардан ишчимизни хўжалик ҳисобидан Умра сафарига юборяпмиз. Бундан ташқари, туманимиз, маҳалламиздаги қатор эзгу тадбирларга ўзимизнинг салмоқли ҳиссамизни қўшиб келяпмиз.
Давлатимиз раҳбари жорий йил 10 июлда мамлакатимиз мустақиллигининг 34 йиллигини муносиб кутиб олиш юзасидан қарор қабул қилди. Унга кўра, бу галги байрам тантаналари «Ватан учун, миллат учун, халқ учун!» деган ғоя асосида нишонланади. Бу ғоя бутун маъно-моҳияти билан бизнинг фаолиятимизга мос келади. Чунки, хўжалигимизнинг ҳар бир аъзоси ўз меҳнатини Ватан равнақи, миллат тараққиёти, халқ фаровонлигига бағишлаган. Демакки, биз тўғри йўлдамиз. Заминга шукроналик, замонга шукроналик бизнинг шиоримиз. Негаки, меҳр берсанг, меҳр кўрасан, деб бежиз айтишмаган. Меҳримиз, муҳаббатимиз шу замин, шу юрт, мана шу халққа бахшида. Унинг мевасини эса баракали хирмонларимиз, тўкин дастурхонимиз ва давомли ютуқларимиз мисолида кўраверамиз.
Баҳодиржон Абдуллаев,
Андижон вилояти, Бўстон туманидаги
“Шермуҳаммад Абдуллаев” фермер
хўжалиги раҳбари.