“МЕНИНГ БОҒИМ” – УМУМХАЛҚ БОҒИ
Жорий йил 7 апрель куни давлатимиз раҳбари “Менинг боғим” лойиҳаларини шакллантириш ва амалга оширишда жамаотчилик ва халқ вакиллари иштирокини кенгайтиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади. Унга кўра “Менинг боғим” лойиҳаларини шакллантириш жараёнларида эндиликда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг ҳам иштироки ҳам йўлга қўйиладиган бўлди.
Мазкур ҳужжатга кўра, “Менинг боғим” лойиҳаларининг танловида ғолиб бўлмаган қисми сайловчилар манфаатлари ва ҳудуднинг экологик ҳолатидан келиб чиққан ҳолда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан ғолиб деб эълон қилиш амалиётини йўлга қўйилади. “Менинг боғим” лойиҳаларини ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароити ва сув таъминотига мос равишда шакллантириш тизимини жорий қилиниб, ушбу лойиҳалар доирасида яшил боғлар ва яшил жамоат паркларида дарахтлар ва ўсимликларни экиш, уларни доимий парваришлаш, барпо этилган объектлар ҳолатини сифатли сақлашнинг янги амалиётини киритиш асосий вазифа сифатида белгилаб қўйилди.
“Менинг боғим” лойиҳаларини шакллантириш, саралаб олиш, яшил боғлар ва яшил жамоат паркларини барпо этиш ҳамда уларни сақлаш жараёнларини янада такомиллаштирилиб, шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ лойиҳаларни шакллантириш жараёнларида Кадастр агентлиги ҳар йили 1 сентябрга қадар республиканинг барча туман ва ҳокимликлари тасарруфидаги бўш ер участкалари, улар майдони ва манзили ҳақидаги маълумотларни инвентаризациядан ўтказиб, натижаларини Экология қўмитасига тақдим этади, Экология қўмитаси ўз навбатида ҳар йили 20 декабрга қадар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда тақдим этилган ер майдонларининг тупроқ таркибини ўрганади ва суғориш манбалари мавжудлигини аниқлаган ҳолда кўчат экиш учун яроқли майдонлар рўйхатини шакллантиради. Яшил боғлар ва яшил жамоат паркларини ташкил этишга мақбул ерларни аниқлаштириб, рўйхатини порталга киритади, депутатлар лойиҳа учун бўш турган ер участкалари рўйхатини шакллантиришда ўзининг тегишли ҳудуддаги сайловчилари манфаатларидан келиб чиқиб иштирок этиши мумкин бўлади. Лойиҳалар доирасида яшил боғлар ва яшил жамоат паркларини барпо этиш бўйича овоз бериш жараёнларини ташкил этиш қонунчиликда белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилади.
Фармонга кўра, “Менинг боғим” лойиҳалари доирасида яшил боғлар ва яшил жамоат паркларини барпо этиш учун танланадиган ер майдонларига қўйиладиган аниқ талаблар қўйилган. Жумладан, ер майдонининг ўлчами 1 гектаргача ва аҳоли яшаш ҳудудига яқинлиги — ер майдони аҳоли яшаш пунктлари ва унга туташ бўлган ҳудудларда бўлиши. Рельефнинг қулайлиги — ер майдонлари текис, қурилиш ва кўкаламзорлаштириш ишларини олиб боришга яроқли, ер тупроғи унумдор, шўрланмаган, кўчат экиш учун мос, ер майдони табиий офатлар хавфи юқори бўлган ҳудудларда жойлашмаган бўлиши зарур. Экологик хавфсизлик нуқтаи назаридан эса бу ер майдони саноат корхоналари, чиқиндилар полигони, автотрассалар ва бошқа ифлосланиш манбаларидан хавфсиз масофада жойлашмоғи лозим. Суғориш учун ерости ёки ерусти сув манбаларига уланиш имконияти мавжуд бўлиши шарт. Лойиҳани амалга ошириш ҳудуддаги мавжуд соғлом дарахтларни йўқ қилишни тақозо этмаслиги керак ва ер майдонлари ўтган йилларда лойиҳа бўйича яшил боғ ва яшил жамоат парклари барпо қилинмаган маҳаллалар ҳудудларидан танланиши, “Янги Ўзбекистон” массивлари ҳамда кўп хонадонли турар жой мажмуалари ҳудудларидан танлашга устуворлик берилиши кўрсатиб ўтилган. 
Экология қўмитаси томонидан ушбу ҳужжатнинг ижроси доирасидаги тадбирлар ҳамда 2026-2027 йилги мавсумдан бошлаб ҳар ярим йилда туман ва шаҳарлар кесимида ғолиб бўлган лойиҳалар доирасида яшил боғлар ва яшил жамоат парклари ташкил этилиши ва парваришлаш жараёнлари юзасидан оммавий ахборот воситалари ҳамда жамоатчиликка ахборот бериб борилади.
Фарғона вилоятида ҳам амалдаги йил учун бу борадаги тадбирлар аллақачон бошлаб юборилган. Хусусан, “Менинг боғим” лойиҳаси доирасида вилоятдаги барча шаҳар ва туманларда биттадан “Яшил боғ” ёки “Яшил жамоат парклари” барпо этиш режалаштирилган. Бунинг учун шаҳар ва туманлардаги бўш турган, захирадаги ер майдонларида яшил жамоат парки ташкил этилиши юзасидан “Очиқ бюджет” портали орқали 38 та ташаббуслар келиб тушди. Жорий йилнинг 21 апрель кунидан мана шу лойиҳаларга овоз бериш жараёни бошланади. Сўнгра белгиланган майдонларда фармон талаблари доирасида “Яшил боғлар” ташкил этилади. Энг муҳими, бунинг ҳисобига шаҳар ва туманлардаги яшил ҳудудлар янада кенгаяди. Ям-яшил майдон, соя-салқин жойлар, тоза ҳаво берувчи дарахтзорлар нафақат ободончиликни таъминлайди, балки, юртдошларимизнинг атроф-муҳитга нисбатан ижобий муносабатни шакллантиради, экологик маданиятни юксалтиради, ёш авлод қалбида табиатга нисбатан меҳру-мурувват ҳиссини кучайтиради. Яъни, “Менинг боғим” бу – умумхалқ боғи, у диёримиздаги катта-ю-кичикка бирдек хизмат қилади.
Сирасини айтганда, Президентимизнинг “Менинг боғим” лойиҳаларини шакллантириш ва амалга оширишда жамаотчилик ва халқ вакиллари иштирокини кенгайтиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони юртимизда “Яшил боғлар”нинг ривожланиши, кенгайиши, яшил ҳудудлар кўламини ортиб боришига хизмат қилади. Яшиллик эса бугунги экологик муаммоларнинг энг биринчи ва энг мақбул ечимидир.
Зайнура Аҳмедова,
Фарғона вилояти экология ва иқлим
ўзгариши бошқармаси “Яшил макон”
умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш
ва ўрмон ҳамда муҳофаза этиладиган табиий
ҳудудларни ривожлантириш шўъбаси
бош мутахассиси.