МАСЪУЛИЯТСИЗЛИК БАҲОНА БЎЛМАЙДИ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 сентябрдаги “Маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан бугун Андижон вилоятида олтита тадбиркорлик субъектлари аҳолига санитар-тозалаш хизмати кўрсатмоқда. Давлат-хусусий шериклик шартлари асосида битимларга эга бўлган “Юксак орзу барака” масъулияти чекланган жамияти Шаҳрихон, Бўстон, Марҳамат ва Булоқбоши, “Фиорензо” масъулияти чекланган жамияти Улуғнор ва Балиқчи, “Хонобод интер транс” масъулияти чекланган жамияти Қўрғонтепа, “Андижон тезкор тозалик” масъулияти чекланган жамияти Жалақудуқ, “Анд обод” масъулияти чекланган жамияти Избоскан, Пахтаобод ва Хўжаобод, “Био тех эко” масъулияти чекланган жамияти Андижон шаҳар, Андижон, Асака ва Олтинкўл туманларида аҳолисига маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатиб келмоқда.
Мазкур корхоналар фаолияти таҳлил қилинганда баъзи муаммолар кўриниб қолди. Хусусан, хусусий шериклар томонидан қатор лойиҳалар бўйича жами 238 миллиард сўм миқдорда инвестиция маблағлари киритилиши белгиланган бўлиб, ҳақиқатда эса 32 миллиард 668 сўмлик инвестиция мажбурияти бажарилган, холос. Бошқачароқ айтганда, айни дамда 194 миллард 452 миллион сўмлик инвестиция мажбурияти ўз фурсатини кутиб турибди. Бу ҳолатни ташкилотлар кесимида кўриб чиқилганда белгиланган муддат – 2024 йилнинг 1 июнь ҳолатига “Фиорензо” масъулияти чекланган жамияти режадаги 14,3 миллиард сўм ўрнига 573 миллион сўм, “Био тех эко” масъулияти чекланган жамияти режадаги 71,3 миллиард сўм ўрнига 18,2 миллиард сўм, “Юксак орзу барака” масъулияти чекланган жамияти режадаги 53,2 миллиард сўм ўрнига 4,6 миллиард сўм, “Анд обод” масъулияти чекланган жамияти режадаги 36,3 миллиард сўм ўрнига 5,2 миллард сўм, “Андижон тезкор тозалик” масъулияти чекланган жамияти режадаги 7,9 миллиард сўм ўрнига 3,9 миллиард сўм ҳамда “Хонобод интер транс” масъулияти чекланган жамияти режадаги 44,8 миллиард сўм ўрнига атиги 987 миллион сўмлик инвестиция маблағлари киритган, холос. Ҳолбуки, бу борадаги муддат аллақачон ўтиб бўлган.
Мазкур ташкилотларда бугун махсус техникалардан фойдаланиш ҳам қониқарли эмас.Жумладан, давлат-хусусий шерикли асосида “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонасидан олинган 279 та техникаларнинг аксарияти таъмирталаб бўлгани ҳолда, улар учун амалга ошириладиган тўловлар ҳам осилиб турибди. Бошқачароқ айтганда, бу борадаги қарздорлик 28,8 миллиард сўмни ташкил этмоқда. Шунингдек, вилоятда қурилиши режалаштирилган 132 та чиқинди йиғиш шаҳобчалари ҳанузгача барпо этилмади. Белгиланган 1543 та чиқинди контейнеридан 641 таси ўрнатилган, холос.
Яна бир муҳим масала. Вилоят аҳолисини санитар тозалаш хизматлари билан тўлиқ қамраб олиш учун “CleanCity” электрон биллинг тизими тўла йўлга қўйилмаган. Натижада мавжуд 909 та маҳалла фуқаролар йиғинидан 894 тасигагина хизмат кўрсатиляпти. Ёҳуд санитар-тозалаш корхоналари томонидан аҳолининг қамров даражаси 78,4 фоизни ташкил этяпти. Хизмат кўламини ошириш учун етарли миқдорда ишчи-хизматчилар талаб этилади. Бу борада ушбу ташкилотлар 1703 та иш ўрни яратиши лозим бўлгани ҳолда бу кўрсаткич 969 та қилиб, яъни, 56,9 фоизга бажарилган.
Давлат-хусусий шериклик асосида фаолият олиб бораётган санитар тозалов корхоналарининг энг катта муаммоси бу – дебитор қарздорлик масаласидир. Йил бошидаги маълумотларга кўра, вилоятимизда аҳолининг чиқиндилар тўлови учун вужудга келган дебитор қарздорлиги 119 миллиард 983 миллион сўм эди. Бу кўрсаткич ўтган ярим йил давомида 31 миллиард 726 миллион сўмга камайтирилди. 2024 йилнинг 1 июнь ҳолатига қолган қарздорлик миқдори 88 миллиард 287 миллион сўмни ташкил қилмоқда. Ушбу қарздорлик миқдорини туманлар кесимида таҳлил қилинганда Андижон шаҳрида 29.6, Андижонда туманида 9.6, Асака туманида 9.8, Қўрғонтепа туманида 6.9, Шаҳрихон туманида 4.8, Олтинкўл туманида 4,1, Жалақудуқ туманида 3.3, Балиқчи туманида 2.8, Марҳамат туманида 2.6, Хўжаобод туманида1.8, Булоқбоши ва Бўстон туманларида 1.6, Пахтаобод туманида 1.5, Улуғнор туманида 1.4, Избоскан туманида 1.0 ҳамда Хонобод шаҳрида 0.8 миллиард сўмга тенг.
Ҳа, фактлар ўжар, рақамлар шаффоф бўлади. Булардан кўриниб турибдики, вилоятимизда фаолият кўрсатаётган санитар тозалов корхоналари мутасаддилари айни дақиқалардан ўз ишида кескин ўзгариш ясамоғи лозим. Ҳолбуки, мазкур ташкилотларда вазиятни ижобий томонга ўзгартириш учун етарлича имконият бор. Бунинг ўрнига турли баҳоналар билан масъулиятдан бўйин товлаш самара бермайди, аксинча янги муаммоларга сабаб бўлади.
Отабек Ғуломов,
Андижон вилояти прокуратураси экология,
атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон
хўжалиги соҳасидаги қонунчилик ижроси
устидан назорат бўлими бошлиғи.