КОЛИБРИ – ЭНГ МИТТИ ҚУШ
Унинг танасидаги моддалар алмашинуви шунчалик тезки, 16 соат ичида юз мартадан ортиқроқ овқатланади ва сув ичади. Бу миқдор унинг ўз оғирлигидан ҳам анчайин кўпроқдир. Колибрининг энг йирик тури Жанубий Aмериканинг Aнд тоғларида яшайди ва катталиги 22 сантиметргача етади. Энг кичик вакили эса Куба оролларида яшайди ва атиги 6 сантиметр узунликка эга. Унинг тумшуғидан думигача бўлган ўлчови шундай узунликни қайд этади, холос. Вазни ҳам жуда енгил. Бор йўғи 2 грамм тош босади. Курраи заминда бошқа бу каби митти қуш йўқ. Колибри юра олмайди. Дунёда бу қушнинг 350 тури учрайди.

Колибри тинч турганида юраги ҳар дақиқада 500 марта уради. Бу миқдор жисмоний ҳаракат вақтида ёки учаётганида 1200 ва ундан кўпроқ миқдорни ташкил қилади. Узоғи билан 9 йил умр кўрадиган митти қуш уяларини ўтлардан қуради ва унинг катталиги ёнғоқ пўчоғидек келади.
Колибри гул нектарлари билан озиқланади. Шунинг учун гулларга бой бўлган тропик минтақаларда кенг тарқалган. Қуёш нурида унинг ранги товланиб, ўзгаради. Улар ҳеч қачон ерга қўнмайди. Учиб турган ҳолатда озиқланади. Бу митти қуш секундига 78 мартагача қанот қоқади. Бошқа ҳеч бир қуш у каби юқорига, пастга ва орқага учолмайди.
Бир ерда муаллақ учиб тура олишдан ташқари колибри мавсумий кўчишда денгиз устидан тўхтамай учиб ўта олади. У бир учишда 1000 километр масофани 50 километр соат тезликда тахминан йигирма соатда босиб ўтади. Бу колибридек оғирлиги бор йўғи 7 грамм келадиган кичкина қушнинг организмидан жуда катта чидам, бардош талаб қилади.
Колибри нектар олаётганида тилини гул ичига секундига 20 марта тиқиб чиқади. Ухлаганида кўршапалак каби дарахтга осилиб, бошини пастга қилиб тунайди.
У гулларни чанглатиши билан фойдалидир. Табиатдаги айрим гуллар шундай тузилишга эгаки, уларни колибридан бошқа қуш асло чанглата олмайди