ГУЛГА ТЎЛГАН АНДИЖОН

ГУЛГА ТЎЛГАН АНДИЖОН

Бугун Андижон  шаҳрини кезсангиз ажиб гўзаллик, такрорланмас манзаралар  гувоҳи бўласиз.Шаҳар кўчаларида ястанган павлония дарахтлари бир текис гуллаган. Уларнинг чиройи нафақат юртдошларимиз, балки узоқ-яқиндан келган меҳмонларни ҳам мафтун этмоқда. 

 

Павлония дарахтининг Ўзбекистонга кириб келганига ҳали кўп вақт бўлмади. Аммо, қисқа даврда у ўзининг тез ўсиши, чиройли гуллаши, қимматли ёғоч, асал, биомасса манбаи экани билан ўз ўрнини топди. У манзарали дарахт сифатида ҳам истироҳат боғлари, хиёбонларни безамоқда. Республикамизда 10 га яқин турлари учрайдиган  павловниядан юртимизда декоратив дарахт сифатида кўчалар, дам олиш масканлари, хиёбонлар ландшафт дизайнида фойдаланиш йигирма биринчи асрдан бошланди. Жумладан, Андижон шаҳридаги дастлабки павлония кўчати 2017  йилда экилган бўлса, шу кунгача уларнинг сони 22912 тага етган. Бугун ана шу кўчатлар дарахтга айланиб борлиққа кўрку-тароват бахш этаётир. Албатта, бу ўз-ўзидан бўлмади. Мазкур гўзаллик замирида кўплар қатори “Андижонйўлкўкалам” давлат муассаси жамаоси ҳамда унинг раҳбари Ҳикматилло Тўйчиевнинг ҳам катта ҳиссаси бор. 

CZ3B9705-1
-Жаҳонда асосан қимматбаҳо ёғоч олиш мақсадида экиладиган павловния дарахти нафақат декоратив кўриниши, балки бошқа қимматли хусусиятлари билан бошқа ўсимликлардан ажралиб туради, - дейди, Ҳикматтилло Тўйчиев. - Танаси чинор, бўйи теракка қиёсланадиган бу дарахт кони фойда. Павловния гуллаганда асаларилар оиласи учун яхшигина асал манбаи бўлиб, хушбўй ҳиди билан бир ой давомида дилларни хушнуд этади. Гулидан косметика саноатида кенг фойдаланилиб, ифоридан атир олинади. Aпрель-май ойларига тўғри келадиган гуллаш мавсумида битта асалари оиласи 10-15 килограмм асал йиғади. Павловния плантациясига асалари оилалари қўйилса борми, бир гектардан 5-6 йилда минг килограммгача юқори сифатли асал олиш мумкин. Дарахт ораларига зираворлар экилганда эса, уларнинг гуллари ҳам асалари оиласи учун яхшигина озуқа манбаи бўлади. Яна бир жиҳати, павловния гуллари бошқа дарахтларники сингари аллергия қўзғатмайди. Гуллаш мавсумида ўзидан пўпанак чиқариб, атрофни ҳам булғамайди.

CZ3B9708
“Андижонйўлкўкалам” давлат муассаси нафақат Андижон шаҳри, балки вилоятимизнинг асосий бунёдкорлик майдонларида ҳам кенг миқёсли ободончилик, кўкаламзорлаштириш ишларини олиб боришади. Хусусан, жамоа ишчи-хизматчилари томонидан вилоят ҳудудидаги  автомобиль йўллар минтақаларида 354 километр узунликда гулхоналар кўкаламзорлаштирилиб, парвариш килиниб келинмоқда. Бу жойларга йиллар давомида катта миқдорда 65 турдаги манзарали дарахт ва буталар экилган. Хусусан, 2019 йилда 40977 туп, 2020 йилда 28699 туп, 2021 йилда 38023 туп, 2022 йилда 66000 туп, 2023 йилда 92400 туп, 2024 йилда 34608 туп, 2025 йилда 135000 туп дарахт кўчатлари экилиб,   ҳозирда уларнинг умумий сони 435707 тупга етди.   

CZ3B9715CZ3B9715
Шунингдек, ушбу ташкилот ихтиёридаги 20 гектарлик “Махсус манзарали ўсимликлар питомниги” да 97 турдаги манзарали дарахт ва буталар кўчатларни етиштириш йўлга қўйилган. Бугун бу ерда 500 000  тупдан ортиқ кўчатлар  парваришланяпти. Улар ўз навбатида нафақат вилоятимиз, балки мамлакатимиз бўйлаб  автомобил йўлларини кўкаламзорлаштириш учун етказиб берилмоқда.

CZ3B9717

-Хозирги кунда бизнинг “Андижонйўлкўкалам” давлат муассасимизда 151 нафар ишчи-мутахассислар меҳнат қилишади, -дейди Ҳикматилло Тўйчиев. – Айни пайтда асосий эътибор Янги Андижон массивидаги ободончилик ишларига қаратилган. Хусусан, бу массивда ҳам 90  гектарлик майдонда 76  минг туп павлония кўчатлари етиштириляпти. Умуман олиб айтганда, бугун бутун вилоятимиз бўйлаб павлония дарахтларининг сони бир миллион тупга етиб қолди. Бу дарахтлар аввало ҳавонинг тозалаш, кислород манбаи сифатида муҳим ўрин тутса, иккинчи фойдаси пишиқ ва қимматбаҳо ёғоч сифатида аҳамиятлидир.   Шунингдек, баҳорнинг асосий вазифаси – вилоятимиздаги автомобиль йўллари четини кўкаламзорлаштириш, яшил ҳудудлар, яшил макон яратиш борасида ҳам кенг қамровли ҳаракат олиб боряпмиз. 

CZ3B9700
CZ3B9700

Дарҳақиқат, юрт ободлиги учун меҳнат қилиш, унинг гуллаб-яшнаши учун тер тўкиш ўзига яраша масъулият ҳамда шараф  саналади. Қадоқ қўл билан гўзаллик яратаётган, шаҳар ва қишлоқларимиз чиройига чирой қўшаётган ушбу жамоа  аъзолари алоҳида эътибор ва эҳтиромга лойиқ. Шундай экан, биз уларга куч-қувват, эзгу ишларида ривожу барака тилаймиз.