ЭКОЛОГИК ТАЪЛИМ РИВОЖЛАНАДИ
Экологик маданиятни ривожлантириш жамиятдаги атроф-муҳит билан боғлиқ муаммолар ечимида ҳал қилувчи масаладир. Шу боис уни аввало оиладан, кейинчалик таълим муассасалари, сўнгра аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш, юксалтириш зарур. Негаки, экологик маданиятни етарли даражада шакллантирмай туриб бу борадаги муаммоларга қарши курашиш осон эмас.
Давлатимиз раҳбари томонидан 2026 йил 25 мартда имзоланган “Эко-маданият” умуммиллий лойиҳаси доирасида экологик таълим, илм-фан ва тарғиботни жадаллаштиришга оид комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Мазкур ҳужжатга кўра, эндиликда экологик маданият тарғиботи ҳам умумиллий лойиҳа даражасига кўтарилди. Бунда аввало аҳоли ўртасида экологик одатларни шаклантириш, таълим муассасалари фаолиятини барча босқичларда халқаро стандартлар ҳамда экологик меъёрлар асосида йўлга қўйиш, “Эко-маданият” умумиллий лойиҳаси доирасида махсус билим ва кўникмаларга эга бўлган малакали мутахассисларни тайёрлаш ва малакасини ошириб бориш мақсад қилинган.
Қарор ижроси доирасида 2026-2027 йиллар давомида республиканинг ҳар бир ҳудудида ўрта бўғин кадрларини тайёрлайдиган 14 та “яшил” техникумлар фаолиятини йўлга қўйилади, 2030 йилгача мазкур “яшил” техникумларда 10 000 нафар ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш учун экологик таълим ва илмни янада ривожлантириш, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан Ташқи ишлар вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан биргаликда Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети Марказий Осиё давлатлари ҳамда бошқа хорижий мамлакатлардан камида 50 нафар талабани жалб қилиш ҳамда 2027/2028 ўқув йилида мазкур кўрсаткични камида икки бараварга ошириш, 2026 — 2028 йилларда экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши соҳасида илмий даража олган номзодлар сонини 150 нафаргача етказиш кўзда тутилган. 
2026/2027 ўқув йилидан бошлаб ҳар бир вилоятда биттадан таълим муассасалари “яшил” техникумлар сифатида қайта ташкил этилади ҳамда уларда ҳудуднинг экологик, ижтимоий ва иқтисодий шароитларидан келиб чиқиб, соҳалар учун ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш тизими йўлга қўйилади. “Яшил” техникумларнинг моддий-техника базасини яхшилаш ва таълим сифатини ошириш мақсадида улар Касбий таълим агентлиги билан келишув асосида Университетга бириктирилади. Университетнинг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда Экология қўмитаси ҳузуридаги Умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан “яшил” техникумларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва педагогларни моддий қўллаб-қувватлашга рухсат берилади. Мазкур техникумларнинг директори ва директор ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси — Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.
Шунингдек, ушбу ҳужжатда экологик маданият, таълим-тарбия ва тарғиботни кучайтириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар режаси ҳам кўрсатиб ўтилган. Унга мувофиқ, Рақамли технологиялар вазирлиги, Спорт вазирлиги, Экология қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2026 йил 1 майдан бошлаб “10 минг қадам пиёда” тажрибасини қайта тиклайди ҳамда “Соғлом турмуш тарзи” платформаси фаолиятини йўлга қўяди. Бунинг учун “Соғлом турмуш тарзи” платформаси учун ҳар йили Махсус жамғарма маблағлари ҳисобидан 10 миллиард сўм ажратиш тўғрисидаги таклиф маъқулланади. 2026 йил 1 майдан бошлаб табиатни муҳофаза қилиш соҳасида алоҳида ташаббус кўрсатган ёшлар ҳамда экоаълочи мактаб ўқувчиларини рағбатлантириш мақсадида қуйидаги даражаларда “Ёш эколог” кўкрак нишони таъсис этилади. Бунда мактаб ўқувчилари III даражали “Ёш эколог”, техникум ўқувчилари ва олий таълим муассасалари талаба-ёшлари II даражали “Ёш эколог”, халқаро ва маҳаллий миқёсда юқори натижаларга эришган ёшлар I даражали “Ёш эколог” кўкрак нишони билан тақдирланади.
Сирасини айтганда, Президентимиз томонидан имзоланган “Эко-маданият” умуммиллий лойиҳаси доирасида экологик таълим, илм-фан ва тарғиботни жадаллаштиришга оид комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор мамлакатимизда экологик маданият тарғиботи, экологик таълим тараққиётини ривожлантириш, аҳолининг атроф-муҳитга нисбатан муносабатини ижобий томонга ўзгартиришга янада кенгроқ шароит яратади. Бу ўз навбатида бугун бутун дунёда долзарб бўлган табиат муҳофазаси, унинг табиий ва моддий неъматларидан оқилона фойдаланиш, асраб-авайлаш, келажак авлодга муносиб табиий мерос қолдиришга асос бўлади.
Саминжон Султонов,
Ғофиржон Раимбердиев,
Фарғона вилояти экология ва иқлим ўзгариши
бошқармаси Қўқон шаҳар бўлими ходимлари.