ЭКОЛОГИК МАДАНИЯТ – БАРҚАРОР ЖАМИЯТ

ЭКОЛОГИК МАДАНИЯТ – БАРҚАРОР ЖАМИЯТ

Маданият ҳар бир халқ тараққиётида муҳим ўрин тутувчи омил ҳисобланади. Хусусан, бугунги глобал муаммолар ечимида экологик маданият  ва уни юксалтириб бориш муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан  2025  йил 15 майда имзоланган “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда экологик маданиятни янада юксалтириш борасида қонуний асос бўлиб хизмат қилади.

photo_2025-05-18_21-20-12

Мазкур ҳужжатни қабул қилишдан асосий мақсад Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги  фармони ижросини таъминлаш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини янада ошириш, ушбу йўналишда давлат органларининг фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларини ҳамда Ўзбекистон экологик партиясининг фуқаролар экологик билимларини оширишга қаратилган ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳисобланади. 

Унинг ижроси доирасидаги тадбирлар натижасида 2030 йилгача бўлган даврда  3,3 миллион нафар мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларида, 4,2 миллион нафар умумий ўрта таълим тизими ташкилотлари ўқувчиларида, 400 минг нафар ўрта махсус ва касбий таълим тизими ташкилотлари ўқувчиларида экологик маданият ва таълим-тарбиянинг мустаҳкамланиши, 1,9 миллион нафар олий таълим тизими ташкилотлари талабаларида ва  90 фоиз давлат органлари, корхона ва муассасалари ходимларида экологик маданиятнинг юксалтириш кўзда тутилган. 

Қарор ижросини таъминлаш механизми сифатида  “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш Концепцияси   тасдиқланади ва экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги  аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш соҳасида мувофиқлаштирувчи давлат органи этиб белгиланди. Шунингдек, ушбу ҳужжат билан экология вазирлигига   қўшимча вазифалар юклатилмоқда. 

Экологик маданиятни шакллантириш ва юксалтириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар доирасида экология вазирлиги Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда 2025 йилдан бошлаб ҳар йили   аҳолининг турли қатламлари, талабалар ва ўқувчи-ёшлар ўртасида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Янги дарахт – янги нафас” республика экочемпионати, ҳар ойда бир маротаба “Маҳаллани чиқиндидан холи ҳудудга айлантирамиз” шиори остида акциялар, ташвиқот тадбирларини ташкил қилади.  Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Фанлар академияси ва Ёшлар ишлари агентлигининг экология йўналишида илмий изланишлар олиб бораётган, Ўзбекистон ҳамда хорижий давлатларда таҳсил олаётган ватандош талабалар ва олимларни бирлаштирувчи “Эколог олимлар ҳамжамияти” нодавлат нотижорат ташкилотини таъсис этиш ҳақидаги таклифидан келиб чиқиб  “Эколог олимлар ҳамжамияти” фаолияти йўлга қўйилади. 

0odDiiDk0Rzuk13hXGh7

Қарор ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат  қилиш учун  Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг таклифи билан ушбу қарор билан тасдиқланаётган Концепция, “йўл харитаси” ва мақсадли кўрсаткичларга эришиш борасидаги чора-тадбирларнинг амалга оширилиши тўғрисида давлат органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиш йўлга қўйилади. Халқаро тажрибани ўрганган ҳолда экология соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилади. Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига, Экология вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари бошлиқлари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижаси, шунингдек, ҳудудларда атроф-муҳитнинг ҳолати ҳақидаги ҳисоботларини ҳар йили эшитиб бориш тавсия этилмоқда.  

Шу ўринда экологик маданият тушунчасига изоҳ бериб ўтамиз. Экологик маданият – онгли равишда Она табиат, атроф –муҳитга нисбатан ижобий муносабат, уни асраб-авайлашга нисбатан оила, мактаб ва маҳалла, жамиятда шаклланиб борадиган қадрият демакдир. Сиз қайси мамлакат, шаҳар ёки қишлоқда яшаманг, бизни ўраб турган табиий муҳитни асл ҳолича сақлаш, унинг табиий ва моддий бойликларини асраб-авайлашингиз, оқилона фойдаланишингиз, муҳофаза қилишингиз зарур. Чунки, табиат бағридаги ҳеч бир неъмат туганмас эмас. Буни яхши англаган ҳолда мамлакатимизнинг соҳага доир қонунларини ўқиб-ўрганиш, уларга қатъий амал қилиш экологик маданиятнинг асосий талабидир. 

Ўзбекистон Экологик партияси Андижон вилояти Кенгаши фаоллари, маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатларимиз давлатимиз раҳбарининг “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ҳамда экологик маданиятни тарғиб қилиш борасида зарур чора-тадбирларни ишлаб чиқадилар ва шу асосда иш ташкил қиладилар. Зеро, экологик маданият барқарор жамиятнинг асосидир. 

 

Хуршидбек Юсупов

Ўзбекистон Экологик партияси 

Андижон вилояти Кенгаши 

раиси вазифасини бажарувчи.