ЧИҚИНДИДАН ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ

ЧИҚИНДИДАН ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ

Чиқиндилар бугунги кунинг энг долзарб экологик муаммоларидан бири.  Мамлакатимизда уларнинг ечими борасида қатор амалий тадбирлар олиб бориляпти. Бугун Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида Хитой Халқ Республикасининг “China International Camce” компанияси билан ҳамкорликда барпо этиладиган маиший чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқарувчи завод қурилишига тамал тоши қўйилди. 

 

Ушбу заводнинг қурилиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 24 мартдаги "Қаттиқ маиший чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги  қарори ижроси доирасида старт олди ва мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 140 миллион АҚШ долларига тенг. Бу ерда кунига 1,5 минг тонна чиқинди қайта ишланади ва йил давомида жами 240 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти яратилади. Завод икки йил давомида  қурилиб, фойдаланишга топширилади. Маҳаллий аҳоли вакилларидан  100 нафари  янги иш ўрнига эга бўлади. 

Таъкидлаш жоизки, айни лойиҳалар ҳудудларда экологик вазиятни яхшилаш, чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасига замонавий ечим ва технологияларни жорий этиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш, чиқинди полигонларини камайтириш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш ва экологик барқарорликни таъминлаш ва зарарли моддаларнинг атмосферага тарқалишини чеклаши билан аҳамиятлидир. Шу боис, бундай лойиҳалар яна бешта ҳудуд –  Наманган, Фарғона, Қашқадарё, Самарқанд,   Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида босқичма-босқич амалга тадбиқ этилади.   Натижада мазкур ҳудудларда чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасига тўғридан-тўғри инвестициялар жалб этилади.

images-9

Шунингдек, электр энергиясини сотиб олиш ва қаттиқ маиший чиқиндиларни етказиб бериш тўғрисидаги битимларга мувофиқ лойиҳа компаниялари ишлаб чиқарилган электр энергиясини 30 йил давомида “Ўзэнергосотиш”  акциядорлик жамиятига  кафолатланган тарзда сотади.

Инвестор ва лойиҳа 2025–2027 йилларда қуйидаги миқдордаги ишлаб чиқариш қувватига эга ускуналарни ишга туширишни таъминлайди, жумладан:  Наманган ва Фарғона вилоятларида умумий қиймати 283 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция жалб қилинмоқда. Лойиҳада кунига 3 минг тонна чиқинди қайта ишланиб, йилига 454 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида умумий қиймати 300 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб этилган. Кунига 3 минг тонна чиқинди қайта ишланиб, йилига жами 480 миллион киловатт соат  электр энергияси ишлаб чиқарилади. Андижон ва Тошкент вилоятида умумий қиймати 350 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб қилинмоқда. Бу орқали кунига 4 минг тонна чиқинди қайта ишланиб, йилига жами 630 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади.

Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши билан умумий ҳисобда 933 миллион  АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция жалб этилади. Кунига 10 минг тонна чиқинди қайта ишланади ва улардан йилига 1 миллиард 564 минг киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқариш мумкин бўлади. Яратиладиган  янги иш ўринлари сони эса   950-1000 тагача етади. 

Мазкур лойиҳалар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, чиқиндиларни полигонларга жойлаш ҳажмини камайтириш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш ва экологик барқарорликни таъминлаш каби мақсадларга хизмат қилади. Шунингдек, чиқиндиларни ёқиш жараёнида чиқадиган зарарли моддаларнинг атмосферага тарқалишини чеклаш бўйича замонавий технологиялар жорий қилинади. Бу ташаббуслар “яшил иқтисодиёт” тамойилларига мос келиб, Ўзбекистоннинг экологик барқарорлигини таъминлашга ҳамда келажак авлод учун тоза ва соғлом муҳит яратади.

 

Лочинбек Исомиддинов,

Андижон вилояти экология, атроф-муҳитни 

муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши 

бошқармаси матбуот хизмати раҳбари.