БУРЧИМИЗНИ УНУТМАЙЛИК!
1972 йилда БМТ Бош Ассамлблеяси томонидан Стокголмда ўтказилган инсоният муҳити мавзуидаги конференцияда ҳар йили 5 июнни – Халқаро атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни сифатида белгиланиши бежиз эмас. Шундан бери орадан ярим аср вақт ўтди. Аммо, табиат муҳофазаси йўналишида олиб борилаётган тадбирлар самараси кўнгилдагидек эмас. Аксинча, ер ва сув, ҳавони ифлосланишдан сақлаш, флора ва фауна муҳофазаси, табиий ресурслардан фойдаланиш борасидаги муаммолар янада кўпайди. Курраи заминнинг баъзи жойларида табиат деярли таназзул ёқасига келиб қолди. Ҳар куни гувоҳи бўлаётганимиз табиий офатлар, иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари, ўрмон ёнғинлари ва ичимлик суви етишмаслиги сингари аянчли ҳолатлар тобора кўпайяпти. Бу эса инсониятни атроф-муҳитга нисбатан эътиборини кучайтириш, асраб-авайлаш учун барча зарур чораларни кўришни талаб этади.
Айни йўналишда Фарғона вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ходимлари томонидан қатор амалий тадбирлар олиб бориляпти. Бунда мамлакатимизда соҳага доир қабул қилинган қонун ва меъёрий ҳужжатлар ҳуқуқий асос қилиб олинган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12-апрелдаги “Ўзбекистон республикаси ҳудудида атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг иқтисодий механизмларини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида бошқарма томонидан вилоятдаги 4173 корхона қамраб олинган. Йилнинг биринчи чорагида улардан 3 миллиард 735 миллион сўм, иккинчи чоракда эса 2 миллиард 61миллион сўм компенсация тўловлари ундирилди.
Жойларда фуқаролар ҳамда мансабдор шахслар томонидан йўл қўйилган ҳуқубузарликлар аниқлаш борасида 19205 та рейд тадбирлар ўтказилди. Бунинг натижасида 1873 нафар шахсларга 1 миллиард 250 миллион сўм маъмурий жарима солинган бўлиб, унинг 1538 тасидан 518 миллион 838 минг сўм ундириб олинган.
Шунингдек, мамлакатимизда эълон қилинган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида вилоятимизда кенг қамровли кўчат экиш тадбирлар бажарилди. Жорий йилнинг баҳорида шу мақсадда вилоят бўйича 11 миллион 326 минг туп кўчатлар экилди. Бундан ташқари 1 гектар майдонда “Яшил жамоат парки”, идора ва ҳокимликлар томонидан 10 гектардан зиёд майдонда 12 та “Яшил боғ”лар, шаҳарлар атрофида эса умумий майдони 8 гектарни ташкил қилувчи “Яшил белбоғ”лар ташкил этилди. 14 та чиқинди полигонлари атрофига 35 минг туп, 122 та йирик саноат корхоналари ҳудудида 245 минг туп дарахт ва бута кўчатлари экилди. Мазкур дарахтзорларни суғориш учун 59 километр масофада суғориш тизимлари, 9 та сув чиқариш қудуқлари барпо этилди. Дарахтларни муҳофаза ҳамда парвариш қилиш, озиқлантириш, суғориш тадбирлари учун салкам олти минг нафар масъул мутахассислар бириктирилди.
Фарғона вилоятида 1163 та атмосфера ҳавосига зарарли моддалар ташловчи корхоналар фаолият олиб боради. Улардаги ифлослантирувчи манбаалар 15 мингдан ортиқ бўлиб, 5 мингдан зиёди чанг ушлаш қурилмалари билан жиҳозланган. Вилоят ҳудудида атмосфера ҳавосини ифлосланиш даражаси вилоят гидрометеорология марказининг Фарғона шаҳридаги тўртта, Қўқон шаҳридаги учта, Марғилон шаҳридаги иккита, жами тўққизта муқим кузатув постлари орқали назорат қилиб борилади.
2024 йилнинг 10 апрелидан 10 майига қадар ўтказилган “Тоза ҳаво ойлиги” доирасида 15120 та автотранспорт воситалари назоратдан ўтказилди ва уларнинг 700 тасида ҳавога чиқарилаётган ис гази меъёрдан ортиқлиги аниқланди. Мазкур ҳолатни бартараф этиш юзасидан тегишли тартибда чоралар кўрилди.
Вилоятимизда сув, ер ресурсалари ва ер ости бойликларини муҳофаза қилиш борасида ҳам доимий назорат ўрнатилган. Жумладан, мавжуд 241 та қазилмагоҳдан фойдаланаётган 201 та корхона билан биргаликда зарур хатлов ишлари олиб борилди. Шаҳар ва туманларда фаолият олиб бораётган 197 атомобил ювиш шаҳобчаларининг фаолияти таҳлил қилинди ва уларга талаб асосида иш юритиш юзасидан тавсиялар берилди. Белгиланган тартибга риоя қилмаган 13 та шаҳобча фаолияти тўхтатилди. 15 ҳуқуқбузарлик юзасидан 15 миллион 300 минг сўмлик жарима расмийлаштирилди.
Албатта, ҳуқубузарликни аниқлаб, унга чора кўришнинг ўзи етарли эмас. Биринчи навбатда бундай ҳолатларнинг олдини олиш зарур. Бунинг учун аввало аҳоли орасида етарли тарғибот-ташвиқот олиб бориш, экологик маданиятни ошириш масаласига жиддий ёндошиляпти. Шу мақсадда бошқармамиз ходимлари томонидан жорий йилнинг ўтган беш ойи давомида тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда қатор телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар, матбуот анжуманлари, брифинг ҳамда давра суҳбатлари, пресс-турлар ташкил қилинди.
Бу каби тадбирлар доимий давом этади. Боиси, асосий эътибор табиат ва инсон ўртасидаги муносабатни ижобий томонга ўзгартиришга қаратилган. Табиат инсонлар учун шунча неъматни ато этиб қўйибдими, бунинг шукронаси учун уни ардоқлашимиз, меҳримизни дариғ тутмаслигимиз керак. Зеро, табиат бу – бизнинг Онамиз. Она меҳрига муносиб жавоб қайтариш эса фарзандлик бурчимиздир.
Баҳромжон Жуманов,
Фарғона вилояти экология, атроф-муҳитни
муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши
бошқармаси бошлиғи.