БУГУН – ХАЛҚАРО ЕР КУНИ
Барча тирикликка Ватан бўлган курраи замин – Она ер асрлар давомида инсониу-жонзотларни ризқу рўз билан таъминлаб келади. Унинг бағридаги турфа неъматларнинг барчаси эса пировардида энг олий жонзот – Инсон манфаатлари учун хизмат қилади. Шу боис, уни асраб-авайлашимиз, қадрига етишимиз, ардоқлашимиз зарур. Шу маънода ҳар йилнинг 22 апрелида бутун дунёда “Халқаро Ер куни” нишонланади.
Бу санани эълон қилинишининг ҳам ўз тарихи бор. Хусусан, 1969 йилда Калифорниянинг Санта Барбара шаҳри яқинидаги экологик фалокат – авария натижасида энг йирик нефт тўкилиши юзага келди. Натижада миллионлаб тонна нефть катта майдондаги ер ва тупроқни, океанни заҳарлади. Мазкур ҳалокат оқибатида минглаб қушлар ва денгиз сут эмизувчилари нобуд бўлди. Қирғоқ чиғаноқлари популяцияси тўқсон фоизга камайди. Экологик зарарнинг кўлами шу қадар катта эди-ки, уни ҳатто ҳисоблашнинг иложи бўлмади. Заҳарланган ҳайвон ва ўсимликлар шунчаки йўқ бўлиб кетди.
Шу боис ушбу сана инсоният хотирасида сақланиб қолди. 1970 йилда эса Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташаббуси билан бу кун “Халқаро Ер куни” деб эълон қилинди ва ҳар йили бутун дунёда нишонлаб келинади.
Бугун ҳамма жойда бўлгани каби мамлакатимизда, хусусан Андижо вилоятида ҳам “Халқаро Ер куни” муносабати билан турли тадбирлар, учрашувлар, давра суҳбатлари ташкил этилди. Мазкур тадбирда вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ходимлари, бошқарманинг туман ва шаҳар бўлимлари инспекторлари ҳам фаол иштирок этдилар.
Ана шундай тадбирлардан бири Андижон туманидаги 25-умумтаълим мактабида ўтказилди. Унда эколог-мутахассислар ёшларга, уларнинг устозларига Она табиатни асраш, ердан унумли фойдаланиш, унинг қадрига етиш хусусида жонли мисоллар асосида тушунчалар бердилар. Хусусан, барча тирикликка Ватан бўлган курраи замин ўзида жам қилган неъматларининг барчаси биз – инсонлар манфаати учун хизмат қилади. Шундай экан, уни қадрлаш барчамизнинг инсонийлик бурчимиздир.
Қолаверса, табиатни асраш, ердан унумли фойдаланиш ҳақида мамлакатимизда қабул қилинган қонунларни ўқиб-ўрганиш ёшларимиз учун ғоят муҳим. Келажак авлоднинг ҳуқуқий саводхонлиги, экологик маданиятга эришганлиги эртанги кунимизни ишончли қўлларга топширишга асос бўлади. Шу боис, эндиликда ўқувчилар ўртасида эколоигк билимларни ўрганишни кучайтириш мақсадида қатор амалий тадбирлар олиб бориляпти.
Хусусан, жорий йилдан бошлаб мамлакатимиздаги барча умумтаълим мактабларининг юқори синф ҳамда касбий таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида «Сиз экологияга оид қонунларни биласизми?» республика кўрик-танлови ўтказиб бориладиган бўлди. Унда ёшлар «Бу бизнинг ҳудуд», «Интеллектуал ринг», «Экология учун барчамиз масъулмиз!», «Энг яхши экологик лойиҳа» шартлари асосида ўз билимларини мустаҳкамлаб борадилар. Табиатни муҳофаза қилиш ишига ҳисса қўшадилар, ёш экофаоллар сафини кенгайтирадилар, ёш экологлар ҳаракатини кучайтирадилар.
Давра суҳбати ғоят қизиқарли бўлди. Ўқувчилар мутахассисларга ўззларини қизиқтирган қатор саволлар билан мурожаат қилдилар. Жавоблар ундан-да мазмунли, мунозарали бўлгани боис ҳамманинг хотирасига муҳрланди.
“Халқаро Ер куни” муносабати билан ўтказилаётган бундай тадбирлар бошқа таълим муассаларида ҳам давом этаётир.
Гамзатбек Қўзиев,
вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза
қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси
Андижон тумани бўлими бош мутахассиси.