БАЛИҚЛАР ДАРЁГА ҚАЙТАРИЛДИ

БАЛИҚЛАР ДАРЁГА ҚАЙТАРИЛДИ

Балиқ етти хазинанинг бири. Ундан мазали таом тайёрланади. Шу боис кўпчилик уни севиб истеъмол қилади. Унга нисбатан эҳтиёж кучли бўлганлиги боис нафақат табиий сув ҳавзаларидан овланади, балки сунъий кўлларда ҳам катта миқдорда етиштириб келинади. Аммо, ҳамма балиқни ҳам овлаш мумкин эмас. Улардан бири “Туркистон мўйловдори” ҳисобланади. 

 

“Туркистон  мўйловдори” – халқ қили билан айтганда шумбалиқ карпсимонлар оиласига мансуб чучук сув балиғидир. Узунлиги 70  сантиметргача, вазни эса 16  килограммгача бўлади. Авваллари барча сув ҳавзаларида кенг тарқалган бу тур ўтган аср охирида кескин камайиб кетди. Натижада у Марказий Осиё давлатлари – Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон  ва Қирғизистонда алоҳида ҳимояга олинган ва “Қизил китоб”га киритилган. Бу балиқ ҳозирга келиб Қирғизистонда бутунлай йўқолиб кетиш хавфи остида қолган. 

images-1


Мамлакатимизда  эса ҳимоя чоралари сабаб кўпгина сув ҳавзаларида учраб туради. Аксарият балиқ овловчилар уни “Қизил китоб”га киритилганлигини билишади ва овлашдан ўзларини тиядилар. Лекин, бу борада барча ҳам бирдек маълумотга эга эмас. Шунинг учун бўлса керак, ўтган куни ижтимоий тармоқларда Балиқчи туманидаги “Барака” балиқ марказида айнан шу балиқ сотилаётганлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Табиийки, бу маълумот  Андижон вилояти экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси давлат инспекторларини бефарқ қолдирмади. Мутахассилар тезлик билан балиқ марказига ташриф буюриб, ижтимоий тармоқда тарқалган маълумотни ўз жойида батафсил ўрганиб чиқдилар. 

photo_2025-04-28_18-44-53

Дарҳақиқат, ушбу балиқ марказининг сунъий ҳовузида   3 дона "Туркистон мўйловдори" балиқлари турганлиги ойдинлашди. Ҳолат юзасидан  балиқхона раҳбари билан  суҳбатлашилганда, бу балиқлар туман ҳудудидан оқиб ўтувчи Қорадарёнинг ҳимоя минтақасида интенсив усулда махсус балиқ етиштириш учун мўлжалланган ҳовуздан чиққанлиги аён бўлди.  “Туркистон мўйловдори” балиқлари личинкаси Қорадарёдан сунъий ҳовузга сув тортилганда ўтиб қолганлиги айтилди. Балиқ маркази ходимлари эса ушбу балиқларни шунчаки реклама учун видеотасвирга олишган  инстаграм саҳифасига жойлаштирган. Ўрганиш якунида балиқ маркази ходимларига “Туркистон мўйловдори” давлат томонидан ҳимояга олинганлиги, уни овлаш ноқонуний эканлиги атрофлича тушунтирилди. Сунъий ҳовуздаги балиқлар давлат инспекторлари ва холислар иштирокида Қорадарёга қўйиб юборилди. 

Шунингдек, ўрганиш натижасида мазкур балиқ марказининг интенсив усулда махсус балиқ етиштириш учун мўлжалланган сунъий ҳовузи давлат экологик экспертизасидан ўтказилмаганлиги аниқланди. Табиийки, ушбу ҳолат юзасидан тегишли тартибда далолатнома ёзилди ва баённома тузилди. 

photo_2025-04-28_18-44-54

Балиқ етиштириш, уни халқимиз дастурхонига тортиқ қилиш эзгу иш. Лекин, ҳар соҳада бўлгани каби бу ишда ҳам аввало қонун устуворлиги муҳим. Бу тартиб унутилган жойда эса айрим кўнгилсизликлар рўй бериши мумкин. Шундай экан, ҳуқуқий маданият, қонунларга ҳурмат барчамизнинг ҳаётий шиоримиз бўлсин.