ҲАВОТИРГА АСОС ЙЎҚ

ҲАВОТИРГА АСОС ЙЎҚ

Тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш, қўшимча хизмат кўрсатиш ва сервис объектларини ташкил қилиш долзарб масала. Бу борада Асака туманида ҳам қатор амалий ишлар қилиняпти. Таассуфки, бугун ижтимоий тармоқларда мана шундай тадбирлардан  бири ҳақида нохолис маълумот тарқатилган. 

 

Мазкур маълумотда таъкидланишича,  Асака тумани “Кўркам” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги кўча четида аҳоли бандлигини таъминлаш, хизмат кўрсатиш объектлари сонини кўпайтириш, қолаверса ҳудуднинг доимий ободончилигини таъминлаш мақсадида савдо ва сервис объектлари, сартарошхона, гўзаллик салони, фаст-фуд дўкони ва салқин ичимликлар савдоси бинолари қурилиши режалаштирилган.  Гўёки, уларнинг қурилиши шу ҳудуддаги арча дарахтларининг кесилиб кетишига сабаб бўлади. 

Аслида эса, бу  тадбирлар аслида Ўзбекистон Республикаси Президентининг  2025  йил 1 апрелдаги  “Республика ҳудудларини жадал комплекс ривожлантириш учун танлаб олинган туман(шаҳар)ларда амалий чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида бошланган. Ушбу ҳужжатган кўра, республикамизнинг 16 та шаҳар-туманлари жадал ривожлантириш дастурига киритилиб, улардаги турли лойиҳаларни бажариш учун 70 миллиард сўм маблағ ажратилган. Бу лойиҳалар орасида саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини ривожлантириш учун шарт-шароит яратиш,  инфратузилмани ривожлантириш, «яшил» тамойил ва ёндашувларни ҳамда рақамлаштиришни жорий қилиш, хизматлар соҳасини ривожлантириш, жумладан, креатив индустриялар, туризм ва йўлбўйи инфратузилмаси имкониятларини ишга солиш  сингари йўналишлар кўзда тутилган.

photo_2025-06-20_21-52-41
 

Бу борадаги лойиҳалар Андижон вилояти бўйича Асака туманида бажарилиши белгиланган бўлиб, “Кўркам” кўчасидаги бунёдкорлик ишлари ана шу мақсадга хизмат қилади. Шунинг учун ҳам  ушбу бинолар қурилиши белгиланган меъморий ва экологик талабларга мос бўлишлиги қаътий назоратга олинган. Ижтимоий тармоқда айтиб ўтилганидек, бу ҳудуддаги бирорта дарахт кесилмайди. Аксинча, уларнинг парвариши, ҳудуддаги кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишларига янги барпо этиладиган дўкон эгалари доимий масъул қилиб тайинланади. 

photo_2025-06-20_21-52-56

Тўғри, бу ердаги йўлак ва дарахтлар ёнида ажратилган майдонлар одатдагидан анча тор ҳисобланади. Лекин, хизмат кўрсатиш ва савдо объектлари бинолари ўз йўналишига кўра ихчам, енгил  конструкцияда, мўъжазгина қилиб бунёд этилади.  Ушбу ерларни тадбиркорларга ажратиш жараёнида масаланинг бу жиҳати ҳам ҳисобга олинган. Мурожаатчи ўз сўзида “Бизга экология керак эмас, дўкон керак”, деган жумлаларни келтирган. Ушбу дўконлар эса айнан шу дарахтларни сақлаб қолиш, қўшимча парвариш қилиш учун хизмат қилади.

Шу боис бугун, мазкур ҳудудда хизмат кўрсатиш ҳамда савдо дўконлари қуришни мақсад қилган фуқароларнинг ҳар бири келгусида ушбу дарахтларни кўз қорачиғидек асраш, муҳофаза қилиш, парваришлаш  юзасидан қаътий огоҳлантирилди.  Уларга бу борада  вазифа ҳамда масуълиятлари юзасидан расмий хатлар берилди. 

photo_2025-06-20_21-52-33

Шу ўринда, ижтимоий тармоқ фойдаланувчисининг мазкур мурожаатига нисбатан ўз миннатдорчилигимизни билдириш ҳам ўринли бўлади. Чунки, юртимиз табиатини асраб-авайлаш борасидаги жонкуярлиги, хусусан шу кўчадаги дарахтлар  тақдирига бефарқ бўлмагани учун унга раҳмат айтамиз. Қани ҳамма юртдошларимиз ҳам шу инсон каби сергак ва ҳушёр, ҳар бир ниҳол,дарахт учун қайғурадиган бўлса,  атроф-муҳитни асраш борасидаги тадбирларимиз самарадорлиги янада ортган, юртдошларимизнинг ҳуқуқий, экологик маданияти бундан-да юксалган бўларди. 

Мухтасар қилиб айтганда, Асака туманидаги “Кўркам” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида  бошланган бунёдкорлик ишлари фақатгина ижобий мақсадни кўзлаган. Бу борада асло ҳавотирланишга асос йўқ.  Мазкур ҳудуддаги дарахтлар муҳофазаси туман ҳокимлиги ва Андижон вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасининг Асака тумани бўлими инспекторларининг доимий назоратида бўлади. 

 

Андижон вилояти экология, 

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш 

ва иқлим ўзгариши бошқармаси

матбуот хизмати.