АСАЛАРИ – ҲАҚИҚИЙ МЎЪЖИЗА

АСАЛАРИ – ҲАҚИҚИЙ МЎЪЖИЗА

 

Она табиатнинг биз инсонлар учун яратган мўъжизалари жуда кўп. Аммо, улар орасида асалари ва у йиғадиган маҳсулот – асалнинг аҳамияти беқиёс. Асрлар давомида китшилар учун нафақат озуқа, балки ажойиб дори-дармон  вазифасини ҳам бажариб келаётган   асалнинг юз грамм нектарини йиғиш учун асалари миллионтагача гулларга қўнади. 

 

Бир килограмм асал тўплаш учун эса асалари тахминан бир неча юз минг километр масофани босиб ўтади. Бу Ер шарини деярли ўн марта айланиб чиқишга тенгдир. Шу билан бирга асалари ҳашаротлар ичида гул шираси – нектар йиғадиган ягона жонзотдир. Бундан ташқари у гулларни, ўсимликларни чанглатувчи ҳам ҳисобланиб, асалари иштирокисиз улар мева бермайди. Шунинг учун ҳам асалари одамлар орасида алоҳида эътиборга лойиқ деб топилган. Хусусан,  2017 йилда  БМТ Бош Ассамблеяси томонидан  20 май — «Халқаро  асаларилар  куни» эълон  қилинган.    

Бугунги кунда чанглатувчилар озиқ-овқат хавфсизлигига катта ҳисса қўшиб келмоқда. Улар нафақат ўсимликларнинг ўсишига ёрдам беради, балки маҳаллий экотизимлар саломатлиги билан боғлиқ муаммоларни кўрсатиб, экологик хавфларни аниқлашга кўмаклашади. Чанглатувчилар, шунингдек, барқарор ривожланиш мақсадларига эришишнинг муҳим жиҳати бўлган биологик хилма-хилликни сақлашда ҳам муҳим ўрин тутади. 

Асаларичилик – қишлоқ хўжалигининг энг қадимги тармоқларидан бири. Асаларичилик республикада муҳим озиқ-овқат маҳсулоти бўлган асал, шунингдек, асалари муми, прополис, асалари сути, заҳари, асалари йиғадиган гул чанглари каби маҳсулотлар олиш ва бошқа ҳашаротлар билан чангланадиган экинларни асаларилар ёрдамида чанглатиш йўналишларида ривожланмоқда.

photo_2025-05-19_21-55-51

Фарғона вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан 20 май – “Жаҳон асаларилар куни” муносабати билан бошқарма экофаоллари кенгаши аъзолари, кўнгилли ёшлар иштирокида Фарғона шаҳридаги Асаларичилар уюшмасига пресс-тур ўтказилди.Тадбир давомида иштирокчилар уюшмадаги ўқув маркази, илмий-текшириш лабораторияси, тренинг заллари, кутубхона, электрон архив базаси, асални қайта ишлаш ва қадоқлаш цехи, тикувчилик, мум-парда, асбоб-ускуна ва асалари уяси ишлаб чиқариш цехлари фаолияти билан атрофлича танишдилар. 

photo_2025-05-19_21-01-01
 

Бундан ташқари, асаларичиликдаги наслчилик лабораторияси, қарийиб 2 гектар ҳудуддаги экспериментал боғ ва асал берувчи ўсимликларни етиштиришга мўлжалланган экин майдонидаги амалий ишлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Тадбир қатнашчилари махсус кийимларда она ари уяларининг ҳаётини бевосита кузатдилар. Уялардан асал олиш жараёнларида бевосита иштирок этиб, турли ўсимликлардан олинган асаллар таъмини ҳам тотиб кўрдилар.  

photo_2025-05-19_20-26-55

Кўтаринки руҳда ўтказилган бу тадбир ёшларда катта таассурот қолдирди. Шунингдек, бу семинар иштирокчиларнинг асаларичиликка бўлган қизиқишини оширди. Чунки, бугун ҳар бир юртдошимиз ўз хонадонида асалари боқишни йўлга қўйса танаси дард кўрмайди, киссаси эса бўш қолмайди. Шу маънода асаларичиликни кенгайтириш биргина оила эмас, ҳаттоки мамлакат иқтисодиётининг асосий йўналишларидан бирига айланаши мумкин. 

 

Гулноза Тўхтасинова,

Фарғона вилоят экология, атроф-муҳитни 

муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгараши  

бошқармаси матбуот хизмати раҳбари.