ОСМОНИМИЗ МУСАФФО БЎЛСИН!

ОСМОНИМИЗ МУСАФФО БЎЛСИН!

Ҳар йили 23 мартда дунёда Бутунжаҳон гидрометеорология куни сифатида нишонланади. Шу муносабат билан Фарғона шаҳрида  пресс-тур ўтказилди. Вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ҳамда вилоят гидрометеорология маркази ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерлар, соҳа мутахассислари иштирок этдилар. 

Ҳеч кимга сир эмас, инсоният тараққиёти, антропоген омилларнинг ўсиб бориши натижасида бугун атмосфера ҳавоси ҳар қачонгидан-да жиддий ифлосланди. Буни биргина Тошкент шаҳри мисолида кўриш мумкин. Кейинги пайтда пойтахтимиз осмонидаги ифлосланиш даражаси ҳаттоки дунёда биринчи ўринга ҳам чиқиб олмоқда. Шу каби вазиятни   дунёнинг кўплаб катта шаҳарларида ҳам кўриш мумкин. Шунингдек, республикамизнинг саноатлашган шаҳарларида ҳам вазият кўнгилдагидек, деб бўлмайди. 

Тадбирда сўз олган мутахассислар айни ҳолатни ижобий томонга ўзгартириш бўйича мамлакатимизда олиб борилаётган амалий ишларга тўхталиб ўтдилар. Жумладан, Ўзгидромет «Zamin» халқаро жамоат фонди билан ҳамкорликда «Атмосфера ҳавосининг ифлосланиши мониторингини автоматлаштириш» лойиҳасини амалга оширмоқда. Лойиҳанинг биринчи босқичида 2021 йилда Тошкент шаҳрида Германиянинг «Horiba» компанияси томонидан ишлаб чиқарилган 2 та замонавий ҳаво ифлосланишини назорат қилувчи автоматик станциялар ўрнатилди. 2023 йилда лойиҳанинг иккинчи босқичи доирасида Гулистон, Жиззах, Самарқанд, Урганч, Нукус, Термиз шаҳарларида автоматик станциялар ўрнатилди. 2024 йилда эса Андижон, Наманган, Фарғона, Навоий, Бухоро, Қарши, Нурафшон, Тошкент шаҳарларида автоматик станциялар ўрнатиш режалаштирилган.

Автоматик станцияларда атмосфера ҳавоси ифлосланишини кузатиш онлайн режимда амалга оширилади. Атмосфера ҳавосида қуйидаги ифлослантирувчи моддалар аниқланади: фракция бўйича чанг (майда дисперсли заррачалар РМ10 ва РМ2,5), олтингугурт диоксиди, азот диоксиди, азот оксиди, углерод оксиди, аммиак, озон.

Атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражасини аниқланадиган ингредиентлар асосида баҳолаш таҳлил натижаларини республика санитария-гигиена меъёрларининг рухсат этилган максимал қийматлари (СанҚваМ) билан таққослаш йўли билан амалга оширилади.

Ўзбекистонда ҳозирда атмосфера ҳавосидаги майда дисперсли РМ2,5 заррачаларининг миқдори бўйича стандарт мавжуд эмас. Шу билан бирга, Ўзгидромет Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда «Атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражасини ва техноген хавф даражасини интеграл баҳолаш асосида Ўзбекистонда атмосфера ҳавоси сифатини мониторинг қилиш учун миллий платформа ва мобил иловани ишлаб чиқиш» лойиҳасини амалга оширмоқда. Мақсад — Ўзбекистон табиий ва иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда атмосфера ҳавосидаги майда дисперсли қаттиқ заррачалар (РМ10 ва РМ2.5) бўйича санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиена меъёрларини (СанҚваМ) ишлаб чиқишга қаратилган.  

Пресс-тур иштирокчилари Фарғона вилояти гидрометеорология марказида “Фарғона водимйсида иқлим ўзгариши сабаблари” мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида ҳам иштирок этдилар. Унда марказ раҳбари  Муҳиддин Жўраев водийдаги иқлим ўзгаришига сабаб бўлаётган омиллар, уни юмшатиш  чоралари, бу борада бажарилиши лозим бўлган тадбирлар ҳақида сўзлаб берди. Иштирокчиларни қизиқтирган турли саволларга жавоб қайтарди.   

Дарҳақиқат, бугун инсониятни ташвишга солаётган экологик муаммолар орасида атмосфера ҳавосининг ифлосланиши масаласи тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Аслида ер юзидаги иқлим ўзгаришларига ҳам, тўфону-тошқинлар, ўрмон ёнғинлариги ҳам, кишилар орасидаги турли хасталикларнинг кўпайишига ҳам шу ҳолат сабабчи. Демак, бу борада тезкор чорлар кўрилмаса, вазият янада жиддийлашиб бораверади. Бунда нафақат мутахассислар, балки бутун инсоният иштироки зарур.

 

Азизбек Жаҳонов, 

Фарғона вилояти экология, атроф-муҳитни

муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши 

бошқармаси бўлим бошлиғи.

Гулноза Тўхтасинова,

бошқарма матбуот хизмати раҳбари.