ҚОНУНБУЗАРЛИК ЖАВОБГАРЛИККА САБАБ БЎЛАДИ

ҚОНУНБУЗАРЛИК ЖАВОБГАРЛИККА САБАБ БЎЛАДИ

Юртдошларимиз ўзининг кундалик турмуш жараёнида табиат билан ўзаро муносабатда бўладилар. Бу жараёнда унга зарар етказишдан тийилиш лозим. Акс ҳолда, билиб-билмай қилинган ҳаракатлар қонунбузилишларга сабаб бўлади. Бунинг учун албатта жазо муқаррар. 

2023-12-27 16.06.22
 

Ҳар йили куз-қиш ойларида жойларда дарахтлардан тўкилган хазонлар тўпланиб қолади. Уларни ўз вақтида тозалаб бориш сира муаммо туғдирмайди. Акс ҳолда йиғилиб қолган хазонлар саранжомлаш, ташиб кетиш жараёнида муаммо туғдириши мумкин. Шу боис баъзилар уни турган жойида тўплаб, ёқиб юборишни маъқул кўради. Бу осон ва ҳаражатсиз  усул бўлгани билан аслида қонунбузилишга шароит яратади. Яъни,     дала ва аҳоли пунктларида хазон ва шоҳ-шаббалар, ўсимликларнинг бошқа қолдиқлари, жумладан ғалладан бўшаган майдонлардаги сомон пояларини ёқиб юбориш Ўзбекистон Республикасининг “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунининг 20- моддаси,   “Атмосфера   ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунининг 4 ва 24-моддаларининг бузилишига сабаб бўлади. 

2023-12-27 16.06.18
Фарғона вилояти табиатни, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш   ва иқлим ўзгариши бошқарамаси ходимлари томонидан Қўштепа тумани ҳудудида ўтказилган рейд давомида “Қумтепа”   маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро М.Ф   томонидан тўпланиб қолган хазонларни ёқиб юборганлиги  аниқланди.  Ушбу ҳолат юзасидан Қўштепа тумани инспекцияси инспекторлари Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 88-моддаси, 3-қисмига асосан тегишли ҳужжатларни расмийлаштирилиб, фуқаро 990 000 сўм миқдоридаги жаримага тортилди.     

2023-12-27 16.06.14
Фарғона шаҳрининг Бобур номли кўчасида эса янада ташвишли ҳолат юзага келган. Айрим шахсларнинг айби билан кўп йиллик чинор дарахти тагидан кесиб ташланган. Ҳолбуки, ҳозирда мамлакатимизда дарахтларни кесиш учун мораторий эълон қилинган бўлиб, бундай қонунбузарлик жиддий жавобгарликка олиб келади. Қолаверса, дарахтни кесишнинг қандайдир зарурати бўлса, бунинг учун алоқадор ташкилотлардан тегишли тартибда рухсат олиш талаб этилади. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Фарғона вилояти прокуратураси ҳамда вилоят табиатни, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш   ва иқлим ўзгариши бошқарамаси ходимлари билан ҳамкорликда назорат-ўрганиш тадбирлари олиб бориляпти.    

Шунингдек, вилоят прокуратураси ва вилоят табиатни, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш   ва иқлим ўзгариши бошқарамаси ходимларининг ҳамкорлигида  Сўх туманида тоғ тошларини ноқонуний қазиб олиш жараёнига чек қўйилди. Туманда ўтказилган назорат-рейд тадбири доирасида Сўх туманидаги “Равон” тоғ тизмаси ҳудудида фуқаро С.Ж   томонидан ўзига   тегишли бўлган махсус техника ёрдамида тоғ жинсларини автотранспорт воситаларига юклаётганлиги аниқланди. 

Ушбу ҳуқуқбузарнинг ўзбошимчалиги Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 70-моддаси, 1-қисмига асосан    3 400 000 сўм миқдорида жарима расмийлаштирилишига сабаб бўлди.      

Қувасой шаҳрида ўтказилган мана шундай рейд тадбири давомида эса шаҳарнинг Амир Темур номли маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи У.О томонидан белгиланмаган жойга турли чиқиндиларни   ташлаганлиги  аниқланди. Ўз навбатида ушбу фуқарога ҳам  қонуний асосда жарима белгиланди. 

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, айрим юртдошларимиз томонидан содир этилаётган бундай салбий ҳолатлар     афсуски тез-тез учраб турибди. Бу ўз навбатида аҳоли ўртасида аввало экологик маданиятни   юксалтириш, қолаверса жамоатчилик назоратини кучайтиришни талаб этади. Негаки, табиатга нисбатан нохолис муносабат, бу борадаги қонунларга нисбатан ҳурматсизликни асло кечириб бўлмайди. 

Гулноза Тўхтасинова,

Фарғона вилояти табиатни, атроф-муҳитни

муҳофаза қилиш   ва иқлим ўзгариши 

бошқарамаси матбуот котиби.