ОДАМЛАР ОРАСИДАГИ ДЕПУТАТ

ОДАМЛАР ОРАСИДАГИ ДЕПУТАТ

Расулжон Тўйчиевни Норинкапа  қишлоғининг  каттаю-кичиги яхши  билади. Даставвал ёшлар ташкилоти, кейинчалик  ўзини-ўзи бошқариш идораси, маҳаллада турли масъул вазифаларда ишлаш баробарида эл эътборини қозонди. Тиришқоқлиги, меҳнатсеварлиги  боис обрў топди. Унинг ишбилармонлик, ташаббускорлик ва халқпарварлик фазилатлари бугун –  халқ депутатлари Норин тумани Кенгаши депутати сифатидаги фаолиятида янада яққолроқ намоён бўлмоқда.

2024-01-22 21.13.46
Аҳамиятли жойи шундаки, Расулжон Тўйчиев ҳақиқий маънода халқ овозига эга бўлган, сайловчилари ҳурматини қозонган  депутат. У бу масъулиятга тасодифан  ёки кимларнингдир танлови орқали  эришмаган. Шу боис ишончга муносиб бўлиш учун илк кунлардан астойдил ҳаракат бошлади. Унга овоз берган Норинкапа ҳамда Сойбўйи маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолисининг яқин кўмакчисига айланди.  

2024-01-22 21.13.57
-Ўзбекистон экологик партиясидан сайланган депутатимиз Расулжон Тўйчиев нафақат атроф-муҳит дахлсизлигини сақлаш, балки маҳалламиз ободлигини таъминлашда ҳам доимий фаоллик кўрсатади, - дейди Сойбўйи маҳалла фуқаролар йиғини раиси  Расулжон Шамсиддинов. – Хусусан, унинг ёрдами билан ўтган йилда маҳалламиз икки марта  “Open byudjet”  дастурида ғолиб бўлди. Натижада ички кўчаларимизнинг асосий қисми асфальтланди. Наманган-Ҳаққулобод автомагстрал йўлининг маҳалладан ўтган ҳудудининг икки четида пиёдалар йўлакчаси барпо этилди. Бу маҳалладошларимизни у орқали хавфсиз ҳаракатланишига шароит яратди.

2024-01-22 21.14.00
Маҳалла раисининг айтганича бор. Расулжон Тўйчиев ҳар куни маҳаллада, одамлар орасида. Маҳалладошлар унга турли масалаларда сира иккиланмай мурожаат қилишади. Чунки, депутат албатта уларнинг мурожаатини жавобсиз қолдирмайди. Имкон даражасида ёрдам қўлини чўзади. Жумладан, маҳалладаги 40-умумтаълим мактабида  синф хоналари  етишмаётганлиги сабаб янги бино қуриш масаласи депутат аралашуви билан ижобий ечим топди. Бу йил мактаб ҳудудида қўшимча 660 ўринли янги ўқув биноси барпо этиладиган бўлди.

2024-01-22 21.14.04
-  Мен ҳам узоқ йиллар маҳалла тизимида масъул вазифаларда ишлаганман, лекин Расулжон аканинг шижоатига тан бераман, - дейди маҳалла фаолларидан бири Баҳромжон Матазимов. – Ҳақиқатдан ҳам унинг елиб югуриши, саъй-ҳаракати билан мактабда қўшимча бино қурилиши масаласи ижобий ҳал бўлди. Бунинг учун у ҳаттоки масалани туман ҳокими даражасигача олиб чиқди ва вазиятни жойида ўрганган ҳоким депутатнинг таклифини қўллаб-қувватлади. Қанийди ҳамма депутатлар ҳам шундай ишласа жойларда  юзага келаётган айрим муаммоларга ўрин қолмасди.

2024-01-22 21.14.07
Норинкапа ҳамда Сойбўйи маҳаллаларининг бир томони Қорадарё соҳилларига бориб туташади. 2010 йилнинг баҳорида келган катта сув дарё ўзанидан чиқиб атрофдаги далаларга кириб келган, одамларни яхшигина  ташвишга ҳам солганди. Ундан кейинги йилларда ҳам сув оқими тупроқ эрозиясини юзага келтириб, қирғоқ  ўпирилишига сабаб бўлаётганди.  Бу вазиятни ўнглаш учун алоҳида дастур асосида тегишли маблағ ажратилди ва дарё соҳилида 600 метр узунликда дамба қурилиб қирғоқ мустаҳкамланди. Аммо, бу дамба қирғоқнинг асл баландлигидан 1,5-2 метр паст бўлиб  қолган. Бу мабода яна сув кўтарилса асло фойда бермайди. Шу боис Расулжон Тўйчиев республика фавқулодда вазиятлар вазирлигига ушбу масалани ўрганиб чиқиш ва камчиликни бартараф этиш юзасидан  галдаги  депутатлик сўровини юборди. 

-Расулжон Тўйчиев учун маҳалладаги муаммонинг катта-кичиги ва тоифаси қизиқ эмас, - дейди маҳалла  профилактика инспектори Мансурхўжа Султонхўжаев.- У ҳаттоки биз билан бирга юриб жойларда жиноятчиликнинг олдини олиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш ишларига ҳам яқиндан ёрдам беради. Ўз навбатида биз ҳам унга маҳалла ҳудудида табиатни муҳофаза қилиш йўналишидаги қонунбузарликларнинг олдини олиш, дарё  қирғоқларида ноқонуний ов қилиш, табиий ресурслардан рухсатсиз фойдаланишга чек қўйиш  борасида ёрдам берамиз. Ўзаро ҳамкорлик икки томонлама  самара беряпти.

Дарҳақиқат, халқ депутатлари Норин тумани Кенгаши депутати, Ўзбекистон Экологик партияси фаоли ҳисобланган Расулжон Тўйчиев ана шундай эътиборга, эътирофга  лойиқ   халқ вакилларидан бири  саналади. Бундай жонкуяр, ўз ўрнини доимо одамлар орасида деб биладиган депутатлар кўпайса жамиятга ҳам, табиатга ҳам бирдек фойдалидир.

 

Аҳмаджон Мамажонов,

Ўзбекистон Экологик партияси Наманган 

вилояти Кенгаши матбуот котиби.