ЯШИЛЛИК ДУНЁНИ ҚУТҚАРАДИ

ЯШИЛЛИК ДУНЁНИ ҚУТҚАРАДИ

Курраи заминимиз катта-кичик экологик муаммолар гирдобида қолган бир пайтда инсоният унинг ечими учун турли чораларни излаяпти. Бу борада биргина  йўл  – ўрмон ва дарахтзорларни кўпайтириш вазиятни барқарорлаштиришга ёрдам беради. Шу боис Aндижон вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ходимлари ўтган йил давомида  асосий эътиборни шу масалага қаратди. 

photo_2024-01-10_11-09-12
     Жумладан, 2023 йил 11 октабрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раислигида яшил майдонларни кенгайтириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу борадаги устувор вазифалар белгилаб берилди. Унинг ижросини таъминлаш мақсадида мамлакатимизда, хусусан вилоятимизда ҳам ўтган йил куз мавсумида бир қатор амалий  ишлар бажарилди.

Хусусан, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишларни сифатли ўтказиш мақсадида   вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасида тузилган вилоят штаби, туман ва шаҳар ҳокимликларидаги  ишчи гуруҳлар фаолияти самарали бўлишига эътибор қаратилди. 

     Кўчат экиш бўйича назорат тадбирларини сифатли олиб бориш мақсадида вилоят бўйича 35 нафар ходим жалб қилинди ва уларга 32 та планшет, 1 та учувчисиз учиш қурилмаси, 16 та намликни ўлчаш жиҳозлари ажратилди.  Шу билан бирга, ҳудудларда кўчат экиш ишларини тизимли ташкил этиш мақсадида қатор амалий семинарлар ўтказилди. Кўчат нархлари барқарорлигини таъминлаш мақсадида ҳар бир туман ва шаҳарда ўрмон хўжаликлари ва кўчатчилик билан шуғулланувчи субъектлар иштирокида  20 дан ортиқ савдо нуқталари яратилди ва кўчат ярмаркалари ташкил етилди. 

photo_2024-01-10_11-09-08

     Бугунги кун ҳолатига “yahsilmakon.еcо” электрон платформасида тасдиқланган маълумотларга кўра, вилоят ҳудудида 7 миллион 213 минг туп  дарахт кўчатлари экилган. Aҳамиятлиси, вилоят миқёсида оммавий кўчат экиш тадбирлари натижасида яшил ҳудудлар майдони кўпайишига эришилди. Бундан ташқари, мавжуд 18 та чиқинди полигонлари атрофида тез ўсувчи дарахт турларидан ихота дарахтзорлари барпо этиш лойиҳаси ишлаб чиқилиб,   бу жойларга15 минг туп дарахт кўчатлари жойлаштирилган. 

Aтроф-муҳитга таъсир хавфи биринчи ва иккинчи тоифада бўлган саноат корхоналари томонидан “яшил белбоғ”лар барпо этиш мақсадида 150 минг, ўрмон фонди ерларида дарахтзорлар барпо этиш мақсадида эса 70 минг туп дарахт кўчатлари экилди.

     Aсосийси, дарахтзорларни суғориш тизимлари билан таъминлаш мақсадида ҳудудларда 6 та сув чиқариш қудуқлари қазилди ва 21 километр узунликда суғориш тизимлари жорий этилиб, сув манбаси бўлмаган ҳудудларга 30 дан ортиқ махсус техникалар бириктирилди.  Ўтган йилнинг  кузги мавсумида Aндижон давлат ўрмон хўжалиги томонидан ҳар бир маҳаллага 200 тупдан – жами 182 минг туп, мактабгача таълим муассасаларига 60 минг туп, экология вазирлиги томонидан соғлиқни сақлаш муассасаларига 40 минг туп кўчатлар бепул етказиб берилди. 

photo_2024-01-10_11-09-05

     Эндиликда ана шу кўчатлар парваришига алоҳида эътибор қаратилади. Бунинг учун мутасадди, алоқадор ходимларнинг масъулияти оширилади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023  йил 23  ноябрдаги “Республикада  яшиллик даражасини янада ошириш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини изчил  амалга ошириш орқали экологик барқарорликни таъминлаш чора-тадбирлари  тўғрисида”ги фармонига кўра, дарахт кўчатларини экиш, ҳудудларни кўкаламзорлаштиришда аҳолининг манфаатлари кучайтирилади.  Автомобиль, темир йўл, дарё ва каналлар ёқалари, давлат органлари ва ташкилотлари, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари ер участкаларининг фойдаланилмаётган қисмида “яшил боғлар” ташкил этилади ва уларни ўсиб-унишини таъминлаш  ташаббускор жисмоний ва юридик шахслар ўртасида тузиладиган икки томонлама шартнома  асосида мустаҳкамлаб қўйилади. 

     Шунингдек, касаначилик асосида кўчат етиштириш, ҳар бир ниҳолни паспортлаштириш, янги дарахтзорларни кўпайтириш ва агротехник тадбирлар асосида парваришлаш сингари қатор тадбирлар йўлга қўйилади. Натижада, келгусида мамлакатимиздаги яшил ҳудудлар майдони кенгаяди. Ундан чиқадиган тоза ҳаво нафақат осмонимиз  мусаффолигини таъминлайди, балки юртдошларимиз саломатлигини сақлашда ҳам мустаҳкам қалқон бўлади. Бошқачароқ айтганда, ер юзида қанча ўрмонлар кўпайса, яшил ҳудудлар қанчалик кенгайса экологик муаммолар шунчалар тез бартараф бўлади. Шундай экан, бу ишга ҳар бир юртдошимиз ўз  ҳиссасини қўшмоғи лозим.

 

Азизбек Акбаров,

Андижон вилояти экология, 

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва 

иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи.