ЯНГИ ЙИЛ, ЯНГИ КУН МУБОРАК!

ЯНГИ ЙИЛ, ЯНГИ КУН МУБОРАК!

Бугун борлиқ ўзгача. Атроф гулларга буркана бошлади. Эрта тонгдан ёға бошланган ёмғир қишнинг қолган-қутган ғуборини юваётгандек, гўё. Бодом гуллари ва ёмғир ифори дилга ўзгача шукуҳ бағишлайди. Янги йил, янги кун юртимизга шундай мусаффо ҳаво, юртдошларимизга байрам шодлиги, элимизга қут-барака олиб келди. Асрлар бўйлаб маънавий ҳаётимизнинг кўрку зийнати бўлиб келаётган бу ажойиб, хосиятли байрам барчамизга муборак бўлсин!

2024-03-25 10.03.44
Наврўз  ўзининг қадимий ва боқийлиги билан қадрли.  Бу айём ҳақида   “Авесто”да шундай дейилган: “Зардўштийлар эътиқодига кўра, кўклам гиёҳлари униб, дарахтлар куртак ота бошлагач, ўша атрофдаги қора кучлар маҳф бўлган”. Абу Райҳон Беруний эса Наврўз тарихи борасида Сосонийлар  давлати давридаги бу ажойиб байрам тантаналаридан ривоятлар сўйлайди. Умар Хайём “Наврўзнома” асарида шундай дейди: “Қачонки, Ҳамал қошидан ўз айланиш даври бўйлаб йўлга чиққан офтобни осмон яна уйига қайтариб келтирса, унинг бошқатдан фалак сайрига чиқишдан бошлаб оламни ўзгартириб юборадиган янги тарих бошланади”. 

2024-03-25 10.04.15
Дарҳақиқат, Наврўз билан юртимизда янги деҳқончилик мавсуми бошланади. Дала –қирга уруғ қадалади, дов-дарахтлар экилади. Хусусан, кейинги йилларда мамлакатимизда  кенг қулоч ёзаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси сабаб юртимиздаги дарахтзорлар кўпайиб боряпти.  Наврўз ташрифи билан табиат билан боғлиқ бошқа қатор экологик саналар ҳам нишонланади. Хусусан,  20 март – Ер куни, 21 март – Халқаро ўрмонлар куни, 22 март –  Жаҳон сув куни, 23 март – Бутунжаҳон метеорология куни, 25 март – Ер вақти куни, 30 март –  Чиқиндисиз дунё учун халқаро кунлари  нишонланади. 

Шулар қаторида бугун тантана қилинаётган Наврўз айёми ҳам Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қарори билан   билан бутун дунёда Халқаро кун сифатида кенг нишонланмоқда. Шундай экан, байрамингиз муборак бўлсин, азиз юртдошлар!

Ҳар кунингиз Наврўз бўлсин!

 

Абдукарим Қувватов,

бош муҳаррир.