EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

ДАРАХТЛАР – БИЗНИНГ ДЎСТИМИЗ!

Ўзбекистон Экологик партияси Наманган вилояти Кенгаши фаоллари
ва аъзоларининг вилоят, шаҳар ва туманлар раҳбарлари, корхона ва
ташкилот бошлиқлари, ўзини-ўзи бошқариш органлари
етакчилари ҳамда кенг аҳоли вакилларига

М У Р О Ж А А Т И 

Ҳурматли Ҳайрулло Ҳайитбаевич!

     Биз, даставвал Сизга, Сиз орқали вилоятимиз шаҳар ва туманларининг ҳокимлари, сектор раҳбарлари, тизим ва соҳа етакчиларига мурожаат қиламиз. Негаки, бугун вилоятда табиатни муҳофаза қилиш, хусусан, ўсимлик дунёси, кўп йиллик дарахтларни асраб-авайлаш, муҳофаза қилиш борасида барча бўғиндаги мутасаддиларнинг эътибори ҳамда амалий кўмаги талаб қилинади. Айниқса, ҳозирда кенг қулоч ёзган бунёдкорлик, ободончилик ва янгиланиш жараёнида бу масала янада муҳим аҳамият касб этган. Негаки, янги барпо этилаётган объектларнинг олд кўринишини очиш, уларни тўла намоён бўлишига эришиш мақсадида йиллар давомида шаҳарга кўрк бериб турган, кундан-кун кўпайиб бораётган транспорт воситаларидан чиқаётган заҳарли газ ҳамда чангни  бир қадар тутиб қолиб, кислородга айлантириб бераётган бу “беминнат фильтрлар”нинг аёвсиз кесиб юборилиши аслида экологик ҳалокат белгиси ҳисобланади.  Афсуски, кейинги пайтда биргина шу мақсадда вилоятимиз шаҳар ва қишлоқларида юзлаб ана шундай дарахтларнинг кесилиши билан боғлиқ нотўғри ҳолатлар, Ўзбекистон Республикасининг табиатни муҳофаза қилишга доир қонунларига зид, оддийгина экологик маданиятга хос бўлмаган вазиятлар учраб қоляптики, бу муаммоларни вилоят ва маҳаллий даражадаги ҳокимларимиз ёрдами билан ижобий ҳал этиш энг тўғри йўл ҳисобланади.

     Ўйлаймизки, Сизнинг раҳбарлигингизда барча шаҳар ва туман ҳокимлари  мазкур масалага алоҳида эътибор қаратади. Чунки, тобора катталашиб бораётган мазкур экологик вазиятнинг долзарблиги хусусий мулк ҳуқуқи даҳлсизлиги, сўз эркинлиги, қонун устуворлигини таъминлаш, иқтсодиётимизни ривожлантириш  каби асосий, ўз ечимини кутаётган актуал масалалардан бири ҳисобланади.

     Шу ўринда дарахтларни асраб-авайлашнинг аҳамияти ҳақида бир оғиз. Ўсимлик дунёсининг юқори вакили ҳисобланган дарахтлар биз инсонларнинг асрлар давомида суяниб келган асосий дўстимиз ҳисобланади. Айнан дарахтлар бизга ризқ беради. Улардан турар-жой қиламиз, кундалик турмуш тарзимиздан тортиб саноат ишлаб чиқариши, қўйингки, халқ хўжалигнинг барча соҳаларида кенг фойдаланамиз. Бун ҳеч ким инкор этмайди. Лекин, сўнгги йиллардаги демографик ўсиш дарахтлар  сонига акс таъсир кўрсатмоқда. Бугун бутун дунё азият чекаётган глобал экологик ҳалокат – “иссиқхона эффекти” натижасидаги ҳароратнинг кескин кўтарилиши, асрий музликларнинг эриши ҳамда атроф-муҳит, ҳавонинг ифлосланишида ҳам бош сабаб ер юзида дарахтлар, ўрмонзорларнинг камайиб кетганлигидир. Қолаверса, дарахтларнинг аёвсиз кесилиши ер қобиғидаги кислородни камайишига, озон қатламини емирилишига олиб келяптики, унинг оқибатида инсонлар  ўртасида учрайдиган касалликлар сони ва тури тез суратларда ортиб боряпти. Шунингдек, битта дарахтни кесишга ўртача беш-ўн дақиқа, уни дарахт шаклига келтириш учун эса камида ўн-ўн беш йил кераклиги эътиборга олинса, дарахтларни қайта тиклаш қанчалар мушкул ва кўп вақт талаб қилишини тушуниб етамиз ҳамда йўл қўйилган хатоларнинг бадали ҳам улкан бўлади. Мутахассисларнинг айтишича, бугун ер юздаги барча одамларни 6 ой кислород билан таъминлаш учун 36 триллион АҚШ доллари талаб қилинади. Дарахтлар эса бизга  кислородни ғирт текинга етказиб беради. Шундай экан, ҳаётимизнинг ушбу манбааини борида, ўз вақтида қадрлайлик, асраб-авайлайлик!   

     Юқоридагиларни инобатга олиб, Сиздан, вилоятимизда дарахтларни ноқонуний кесишни зудлик билан тўхтатиш, халқимизнинг миллионлаб маблағлари эвазига экилган кўчатларни кўкартириб олиш буйича тизимли иш ташкил этиш, жойларда деҳқончиликдан ташқари бўлган ер майдонларида боғлар барпо этиш, маҳаллий иқлимимизга мос келадиган, тез ўсиб, соя- салқин берадиган кўчатларни экиш бўйича ташаббускор тадбиркорларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш,  мавжуд дарахатларни  эса инвентаризациядан ўтказиб уларни ҳисоби бўйича назоратга олиш, шунингдек, вилоятимизнинг ҳар бир аҳолиси томонидан камида ўн туп маҳаллий иқлим шароитига мос дарахт кўчатларини экишга оид чақириқ билан чиқишда шахсий ташаббус кўрсатишингизни сўраймиз

    Азиз наманганликлар, вилоятимизда фаолият олиб бораётган корхона ва ташкилот, муассаса ҳамда ўқув юртлари, хусусан, қурилиш жамоалари   раҳбарлари!

    Бугун Наманган вилояти улкан қурилиш майдонига айланган. Жойларда ободонлаштириш, янги жойларни ўзлаштириш каби бир қатор бунёдкорлик тадбирлари жадаллик билан олиб бориляптики, уларнинг барчаси халқ турмуш фаровонлигини ошириш, юрт ободлиги учун хизмат қилади. Бироқ,  мазкур эзгу тадбирлар ортида баъзи эътиборсизликлар ҳам кўриниб қоляпти. Жумладан, қурилиш-таъмирлаш тадбирлари баҳонасида жойларда дарахтлар оммавий равишда кесиб юбориляпти. Бу ҳолатлар неча йиллардан бери аҳолига соя-салқинлик  бериб келаётган, «инсон-табиат» мувозанатни ушлаб турган ва асосийси табиатнинг  «ўпка»си ҳисобланган дарахтларга очиқдан-очиқ хуруж демакдир. Тўғри, обод ҳолатга келтирилган жойлардаги иморатларнинг ташқи қиёфасини намоён этиш, фасад қисмларини кўрсатиш керакдир. Лекин, бу тадбирни дарахтларни қурбон қилиш эвазига бажариш услубидан воз кечиш пайти аллақачон келган. Бунинг ўрнига ана шу дарахтлар ёнига шаҳарсозликнинг замонавий талаби, ландшафт дизайнига мос қўшимча манзара берувчи бута ва гулларни жойлаштириш нафақат янги бинога, балки шаҳримизга ҳам гўзаллик ва фусункорлик бахш этади.

     Демак, янги қуриладиган ва таъмирланадиган бинолар эгалари ҳамда бунёдкорлар эндиликда бу борада баҳамжиҳат,  табиатга зарар етказмайдиган, кесиш эмас, аксинча борининг ёнига қўшиш тамойилини қўллаши зарур. Хусусан, яқиндагина Наманган шаҳридаги Нодира кутубхонасини таъмирлаш, унинг ташқи кўринишини  очиш баҳонасида унинг ҳудудидаги бир неча туп дарахт кесиб юборилганки, эндиликда бундай ҳолатни такрорланишига  йўл қўйиб бўлмайди. 

     Яна бир гап. Шаҳар ва қишлоқларимизда ободонлаштириш мақсадида вилоятимиз аҳолиси – солиқ тўловчилар томонидан тўланган солиқлар, бюджетдан ажратилган миллионлаб маблағлар эвазига янгидан-янги манзарали кўчатлар, гуллар, бутасимон ўсимликлар экилмокда. Бу албатта таҳсинга лойиқ. Бироқ деҳқончилик ва зироатчилик илмининг усталари бўлган наманганликлар  табиатнинг ўзига яраша қонун-қоидаларини яхши биладилар. Йилнинг жазирама саратонида, хусусан, 40 даражали иссиқда кўчат экиш компаниябозлигига чек қўйиш вақти келди. Ҳар қандай ниҳолларни кеч куз ёки табиатнинг уйғониш палласи ҳисобланган эрта баҳорда экиш, бу тадбирда оммавийлик ҳамда миқдор кўламини ошириш лозим. Агар шу тартибга риоя қилмасак, бугун баъзи жойларда ўз вақтида экилмаган ва қаровнинг сустлиги ёки умуман йўқлиги, кўчатларни суғориш тизимларини тўғри йўлга қўйилмаганлиги натижасида дарахтлар – янги экилган кўчатлар қуриб, нобуд бўляпти. Ободонлаштириш ташкилотлари томонидан асосан  марказий, шоҳ кўчаларига эътибор қаратилгани ҳолда иккинчи даражали кўчалар чети, қатор биноларнинг атрофи чўллашиб ётибди. Бу ҳам муаммоларнинг бошланиши, албатта. Айни масала  зудлик билан назоратга олинмаса, тизимли равишда иш ташкил этилмаса, тез  орада аҳолиси асосий даромадини соғлигини тиклашга – даволанишга сарфлайдиган «касал миллат»га айланамиз.

     Сиз билан биз – тирикликнинг энг олий вакили ҳисобланган инсонлар Она табиат фарзандларимиз. Ер юзидаги жами неъматлар башарият манфаати учун хизмат қилиб келяпти, жумладан, дарахтлар ҳам. Шу маънода дарахтлар биз учун ғоят қадрли. Уларга шунчаки эътиборсиз қараш вақти ўтди. Бугун бизнинг вазифамиз тириклик занжиридаги энг асосий халқа – дарахтларни асраб-авайлаш, улардан оқилона фойдаланиш саналади. Агар биз бугун арзимасдек кўринган мана шундай экологик муаммоларга  лоқайдлик билан қарасак, эртага маҳалла ва гузарлар дарахтларсиз ҳувиллаб қолади. Аксинча,  дарахтларни асраб-авайлаш йўлида бирлашсак, борлиқни яшилликка буркасак биздан келгуси авлодга обод Ватан қолади.   

Мурожаат Ўзбекистон Экологик партияси Наманган вилоят Кенгашининг 2019  йил 6  сентябрдаги умумий йиғилишида қабул қилинган.

Ижтимоий тармоқларга улаш: