26/02/2021

EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

МУҲИМ ДАСТУРИЛАМАЛ БЎЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019  йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида экологик таълимни ривожлантириш Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори  ва шу асосда қабул қилинган Концепция доирасида бошланган  илк тадбирлар мактабгача таълим муассасаларида камол топаётган болажонларимиз қалбида ҳали боғча даврданоқ табиатга нисбатан  меҳр-муҳаббатни шакллантиришга хизмат қилади. Шу боис ушбу масалага Балиқчи туманида алоҳида эътибор қаратиляпти.

Бугун туман мактабгача таълим бўлими  тасарруфида  66  та мактабгача таълим муассасалари фаолият олиб боряпти. Уларнинг 33 таси давлат тасарруфида бўлса, 8 таси нодавлат, 4 таси давлат хусусий –шериклик асосидаги, 21 таси уй боғчалари ҳисобланади. Очиғини айтиш керак, бу мактабгача таълим муассасалари тумандаги ўн олти минг нафардан зиёд 3-7  ёшли болажонларнинг атиги  42,8  фоизи, яъни 6967  нафарини қамраб олган, холос. Демак, ҳали туманда бу борада бажариладган ишлар кўлами катта. Шу боис яқин фурсатларда яна қўшимча 40 та нодавлат мактабгача таълим муассасалари ташкил этилиши режалаштирилган. Уларнинг саккизтаси хусусий, тўрттаси намунавий лойиҳа асосда қурилган биноларда, тўрттаси давлат хусусий-шериклик асосида, ўн еттитаси хонадонларда фаолият бошлайди.

Айни дамда мавжуд мактабгача таълим  муассасаларида экологик таълимни ривожлантириш юзасидан амалий тадбирлар бошланиб кетди. Даставвал муассасалар тарбиячилари  ўртасида  бу борада тарғибот-тушунтириш ишлари олиб бориляпти. Чунки, Ўзбекистон Республикасининг Экологик таълимни ривожлантириш концепциясига кўра эндиликда  «Таълим тўғрисида» ва «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунларига мувофиқ узлуксиз таълим тизимида экологик таълимни ривожлантиришнинг асосий принципларини   белгиланади ва уларни изчиллик билан босқичма-босқич таълим-тарбия жараёнига татбиқ қилиш ва бунинг асосида таълим самарадорлигини янги босқичига олиб чиқиш, экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича давлат бошқаруви органлари ва таълим соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш асосий вазифа сифатида белгилаб қўйилган.

Концепция экологик таълим ва тарбиянинг ягона тизимда турувчи ажралмас воситалар мажмуаси бўлиб, унинг ёрдамида таълим олувчиларда коинотдаги ягона ҳаёт мавжуд бўлган ер сайёраси ҳақидаги тасаввурлар, ўз яшаш муҳити тўғрисидаги билимлар, атрофдаги олам, табиат ва инсонларни ўзаро узвий боғланганлик ҳақидаги илмий-назарий дунёқарашлар, ўз ўлкаси ва ватанининг экологик тизимлари, уларнинг пайдо бўлиши, эволюцион ривожланиши, антропоген ўзгариши, макон ва майдон бўйича тарқалиш қонуниятлари,
ушбу қонуниятлардан келиб чиқадиган экологик хусусиятлар, мамлакатимиз табиий бойликлари, уларнинг ҳолати, келажак истиқболлари ҳақидаги билимларни шакллантиришга хизмат қилади.

Шу нуқтаи назардан Концепция  мактабгача таълим тизимида ҳам экологик таълимни ривожлантиришда асосий дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Жумладан, ҳозирданоқ туманимиздаги муассасаларда бу борадаги амалий тадбирлар кенгайтириб бориляпти. Она табиат қўйнидаги машғулотлар, ҳайвонот ва ўсимлик дунёси аҳамияти ҳақидаги маълумотлар, уларнинг инсонлар турмушидаги ўрни  болажонларда катта  қизиқиш  уйғотмоқда.  Демак, Концепция ижроси доирасидаги тадбирлар фарзандларимизни ҳақиқий маънодаги табаиатсеварлар, уни асраб-авайлашнинг фидоийлари бўлиб камол топишига хизмат қилади. 

Аҳрорбек РАҲМОНОВ,   

Балиқчи тумани мактабгача таълим

бўлими мудири  вазифасини бажарувчи.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan