EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

УММОНЛАР ҚУРУҚЛИККА “ҲУЖУМ” БОШЛАЙДИ(МИ?)

Она сайёрамизда юзага келган “иссиқхона эффекти” туфайли яқин ўн йиллар ичида кўплаб ороллар  ва орол давлатлар сув остида қолиши мумкин. Иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро экспертлар гуруҳининг ҳисоботларига кўра,    Антарктида, Арктика ва Гренландия музликлари эрий бошлаши натижасида жаҳон океанларининг сувлари аста-секин исийди ва сатҳи кўтарилади.

Турли тахминларга кўра, 2100 йилга бориб денгиз сатҳи ҳозиргидан 0,5-2 метргача кўтарилади. Бу ўз навбатида кўз ўнгимизда бир қатор мамлакатларнинг сув остида қолишини англатади.Биринчилардан бўлиб сув остига Тинч ва Ҳинд океанларидаги орол-давлатлар “шўнғийди”. Бу орол-мамлакатларнинг бутунлай бўлмаса-да, қисман, айниқса сайёҳларга мўлжалланган иншоотлари, инфратузилмалари жойлашган қисми сув остида қолиши айтилмоқда.

Маълумотда Маршалл ороллари, Кирибати Республикаси, Тувалу, Тонга, Микронезия Федератив Штатлари, шунингдек, Кука, Атигуа, Невис ва сайёҳларнинг севимли маскани бўлмиш Мальдив оролларининг сув остида қолиши таъкидлаб ўтилган.  Жаҳон океанлари кичик ёки катта давлатларга қараб ўтирмайди. Хавф нафақат орол давлатларга, балки Европадаги гуллаб-яшнаётган мамлакатларга ҳам яқинлашмоқда. Олимлар бу борада Голландияни назарда тутишади. Делфт технологик университети олимлари бундан бир неча йил муқаддам бонг уриб, Нидерландиянинг сув остида қолиши муқаррар эканини айтишган ва аҳолини хавфсиз жойга кўчириш таклифини берган эди. Башоратларга кўра, Копенгаген, Антверпен, Лондон ва Венеция ҳам сув остида қолиш хавфи бўлган шаҳарлар рўйхатига киритилган.

Осиёда Бангладеш, Бангкок, Мумбай ва Хитойнинг соҳил минтақалари, Африканинг баъзи мамлакатлари,  Австралиянинг  80 фоиз аҳолиси истиқомат қиладиган майдонлари,    

Америкада эса Нью-Йорк, Янги Орлеан ва Лос-Анжелес, Флорида, Луизиана, Калифорния, Нью-Жерси, Шимолий Каролина штатларида жойлашган 1400 шаҳар хавф остида қолади. Лотин Америкасидаги Уругвай ва Парагвай, шунингдек Аргентина пойтахти Буэнос-Айрес ҳам сув остида қолиши мумкин.   Ҳа, экологик  муаммолар сабаб юзага келган “иссиқхона эфекти” қанчалар жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги бугун аён бўляпти. Албатта, олмларнинг юқоридаги тахминларида жон бор. Аммо, ҳалокатнинг олдини олиш, жилла қурса секинлаштириш мумкин. Бунинг учун голландилик олимлар таклиф этганидек, ўрмонзорларни кўпайтириш керак. Уларнинг  фикрича, ўрмонзорлар “иссиқхона эффекти”ни пасайтириш, зарур даражада кўпайтирилганда эса йўқотиш имкониятига эга.