EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

УСТАЗОДА УМИДЖОННИНГ АСАРЛАРИ

Она табиатнинг турфа мўъжизалари  доимо биз инсонларни лол этиб келади. Хусусан, ҳар бир гиёҳ, дарахт, унда битадиган мева-чевалар, уларнинг дориворлик хусусиятлари ҳақида қанчадан-қанча маълумотларни билсак, бу хусусда нақадар кам тасаввурга эгалигимиз аён бўлиб қоляпти. Чунки, биргина дарахтнинг ўзидан неча-неча бетакрор асарлар яратиш мумкин. Устазода Умиджон ва унинг шогирдлари аслида Яратган ўзи зеб бериб қўйган дарахтларга янада  чирой бахш этиб миллий ҳунармандчилигимиз намуналарини сержило санъат  асарлари  ҳисобига бойитиб боришяпти.     

Даставвал устазода Умиджон ҳақида. У избосканлик ажойиб ҳунарманд, нафақат мамлакатимиз, балки хорижий давлатларда донғи кетган Ўзбекистон халқ устаси Йўлбарсали Ўтагановнинг ота  касбига чексиз меҳр қўйган, унинг миридан сиригача эгаллашни ният қилган ўғилларидан бири саналади. Албатта, бу эзгу ният амалга ошмоқда. Ҳали болалигида ёғочга нақш солишнинг ҳадисини олган Умиджон бугун етук устага айланди.  У ёғочга ишлов бериб тайёрлаётган нақшинкор эшиклар, устунлар, жавон ва мебеллар, сувенирлар, катта-катта бинолар пештоқидаги сержило айвонлар аллақачон ўзига хос санъат асарига айланиб улгурди. Буни кўрган отанинг шодлиги чексиз. Иши, ижоди  давом этаётганлигидан, давом этганда ҳам аваллгидан-да  мукамаллашиб, сайқалланиб бораётганлигидан қувонади.

-Барча ўғилларим, набираларим  ҳам ҳунаримни эъзозлайди, давом эттиряпти, аммо, бу борада Умиджонда ўзгача салоҳият, иқтидор бор, – дейди Йўлбарс ота Ўтаганов. – Мен ёғоч ўймакорлиги ҳунари ортидан олтмиш йилда тўплаган тажрибамнинг маҳсулини бугун Умиджон яратаётган нақшлар, чизмалар, дизайнлар  мисолида кўряпман. Ушбу ҳунарнинг мен ҳали англамаган томонлари, янгилиги, замонавий ечимлари ўғлимнинг ижодида намоён бўляпти. Тўғри, бир пайтлар мен  яратган, ишлаб чиқарган маҳсулотлар юртимиз ва хорижда ўзининг муносиб баҳосини олган. Лекин, бугун Умиджоннинг ижодига мансуб лойиҳаларга талаб ўта юқори, харидоргир ва буюртмачиси кўп. Шу маънода ўғлимнинг ютуқларидан кўксим ғурурга тўлади.

Ота ҳақ гапни айтди.  Тошкент шаҳридаги “Хотира хиёбони”даги нақшли устунлар  ва айвон пештоқига ўйилган мафтункор манзаралар, Самарқанддаги Имом ал-Бухорий меъморий мажмуасидаги ўймакор эшиклар ҳамда устунлар, юртимиздаги қатор маъмурий бинолар ҳамда масжидлар, театр ҳамда маданият саройлари, сиҳатгоҳ ва зиёратгоҳлар учун ясалган нақшинкор эшиклар, ўймакор безаклар айнан Йўлбарсали ота Ўтагановнинг ижод маҳсули.  Шунингдек, уста АҚШ, Германия, Франция, Ҳиндистон, Япония, Покистон  ва Россия каби давлатларда қатор мухлисларига эга. Унинг ўймакор эшик, нақшинкор хонтахта ва курси, тош ойна, лавҳ, сандиқ ва қутича ва каби совғабоп ижод намуналари ана шу давлатларнинг музейлари, хорижлик санъат ихлосмандларининг шахсий  коллекциялардан ўрин олган.

Бугун Умиджон айнан отаси каби халқаро майдонга чиқиб боряпти. Хусусан, у  ва шогирдлари томонидан Самарандда, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти  Ислом Каримов қабри атрофида барпо этилган ўн битта   нақшинкор айвонлар давлатимиз  раҳбарларининг эътиборига, эътирофига сазовор бўлди. Шундан сўнг улар Андижондаги Боғишамол ҳудудудида, “Боғи Бобур”даги масжидга кириш эшиклари, Тошкент ва Андижондаги “Нуронийлар маканлари”га нақшинкор очиқ айвонлар,  Россиянинг Екатеринбург шаҳридаги дам олиш масканига муҳташам айвонлар, сўри, курсилар тайёрлашди. Бу йил эса  Москвада,  Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасида алоҳида лойиҳадаги нақшинкор айвонлар барпо этилди. Бундан ташқари ҳозирда устазода раҳбарлигидаги ҳунармандлар юртдошларимизнинг буюртмаси асосида кўплаб ўймакор эшиклар, жавонлар, сўри ва хонтахталар, устун ҳамда пешайвон безаклари, қўйингки, нақш солинган ёғоч маҳсулотларининг барча туридан етказиб беришяпти.  Уларнинг ижодини кўрган хорижлик тадбиркорлар ҳам ёш усталардан ўз юртида, шаҳри, уйида ўзбекона ёғоч ўймакорлиги билан безанган уй ва бинолар, эшик, сўри ва айвонлар, жимжимадор устунлар қурилишига буюртмалар беришяпти. Демак, ҳали ҳаммаси олдинда.

-Бир кун бўлса-да бўш вақтимиз йўқ, – дейди устазода Умиджон Ўтаганов.  –Қўлимиз-қўлимизга тегмайди. Ҳозирда Андижоннинг Эски шаҳар ҳудуддаги Девонабой масжиди учун катта, нашинкор эшиклар тайёрланяпти. Хориждан ҳам қатор буюртмаларимиз бор. Отамизнинг изидан бориб, миллий ҳунармандчилигимиз  анъаналарини давом эттириб кам бўлмаяпмиз.  Мақсадимиз, бу йўналишда ҳали бири-биридан бетакрор, санъат асари даражасидаги маҳсулотлар тайёрлаш, ёғоч ўймакорлигининг очилмаган қирраларини кашф этиш орқали юртимиз номини дунёга таратишдир. Бунинг учун етарли имкониятларимиз бор.  Ҳа, бугунги натижалар устазода Умиджон учун дебоча саналади. Ҳунарманд йигитнинг ҳақиқий   ютуқлари ҳали олдинда. У иқтидори, ижоди билан ҳали кўп марраларни босиб ўтади. Зеро, ҳунарни ардоқлашнинг асл моҳияти ҳам ана шунда. Табиатга зеб берган, унинг неъматларидан мўъжиза яратганлар оқибатда элимиз, юртимиз олдида қадр-қиммат топиб бораверади.

Ижтимоий тармоқларга улаш: