EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

ЭКОЛОГЛАР УСТОЗИ

Халқимизда инсоннинг қадр қиммати қанча умр кўргани билан эмас, балки қандай яхши ишларни амалга оширгани ҳамда шогирдлари салмоғи билан ўлчанади. Ана шундай замондошларимиздан бири, экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида улкан тажрибага эга устозимиз, Ўзбекистон Экологик партияси Фарғона вилояти Кенгаши раиси Муҳаммадали Маҳмудов муборак 70 ёшини нишонлади.

Фарғона водийсида илм – фан маркази сифатида эътироф этилган Марғилон шаҳрида зиёлилар оиласида таваллуд топган устоз илмга бўлган иштиёқи сабаб Тошкент давлат университетини ҳам имтиёзли диплом билан тугатди. 1975  йилда меҳнат фаолиятини мактабда оддий ўқитувчиликдан бошлаган Муҳаммадали Маҳмудов даставал мактаб директори, кейинчалик Марғилон шаҳар халқ таълими бўлими  мудири, Марғилон шаҳар ҳокими ўринбосари, Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари вазифаларида ишлади.

Истиқлолимизнинг илк даври – 1993 – 1996 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти девони дин масалалари бўйича етакчи маслаҳатчиси,  республика Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият олиб борди. 1994 йилда адабиёт соҳасида олиб борган изланишлари натижасида фан номзоди илмий даражасини қўлга киритди. Шу билан бир қаторда Антик дунё халқаро илмий Академияси профессори унвонига эга.

1996 – 2001 йилларда “Янги кун”, “Марказий Осиё”  консерциумлари Фарғона вилояти бўлими бошлиғи ҳамда 2001 йилдан эътиборан Фарғона вилояти табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси ўринбосари лавозимларида фаолият юритди. 2018 йилдан эътиборан Ўзбекистон Экологик партияси Фарғона вилояти Кенгаши раиси лавозимида ишлаб келмоқда. Устоз юксак маънавиятли, самимий ва дилкаш инсон. Теран мулоҳазаси, табиатни асраш борасида фидокорлиги билан сафдошлари, шогирдларига ҳар томонлама ўрнакдир. Унинг мазмунли ҳаёти, бой тажрибаси барчамиз учун ибрат мактаби ҳисобланади. Шундай экан, биз – унинг сафдошлари, шогирдлари ҳамда оила аъзолари устозни табаррук 70 ёши билан қутлаш баробарида  узоқ умр, сиҳат – саломатлик,  кейинги фаолиятига янада ривож тилаймиз.