EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

ЭНГ КАТТА ВА КИЧИК

Курраи заминимизнинг тузилиши ҳақида бири-биридан қизиқ  маълумотлар бор. Ундаги мамлакатларнинг ер майдони, аҳолиси, табиати, саноати  ва географик жойлашуви ҳам етарлича фарқ қилади. “Бу турфа олам”нинг бугунги саҳифасидан дунёдаги қатор мамлакатларнинг катта ва кичиклиги, аҳолиси сони ҳақидаги айрим рақамлар билан танишасиз.    

Дунёдаги энг катта мамлакат – Россия. Унинг майдони 17 075 000 квадрат километрга  тенг. Бу  дунё умумий ҳудудининг 11,5 фоиз майдони демакдир. Қолган икки юздан ортиқ давлатлар эса тўқсон фоиз майдонни ўзаро “бўлиб олишган”. Янада муҳим жиҳати шуки, бу диёр ўзига хос табиати, бой ва бетакрор ўрмон фонди, узундан-узун дарёлари, тундра ва тайгадаги мусаффо ҳавоси, чексиз ҳисобланган ер ости ва усти бойликларига эга. Аммо, ҳар йили ёз ойларида бўлиб турадиган ўрмон ёнғинлари ана шу бойликларга салбий таъсир ўтказяпти. Жумладан, яқинда юз берган галдаги ёнғинлар ҳозирда 3 миллион гектардан зиёд майдонни қамраб олди. Иркутск, Тюмен, Красноярск, Хабаровск, Перм, Забайкаль вилояти ва ўлкалари, Ёқутистон ва Бурятия республикларидаги ёнғин кўлами ҳаттоки космосдан яққол кўриняпти.  Бу Россия учун мисли кўрилмаган экологик офат ҳисобланади.

Жаҳондаги энг кичик мамлакат – Ватикан. Майдони 44 гектар, холос. Ушбу мамлакат Италия пойтахти Рим шаҳрининг ғарбий қисмида,  Монте Ватикано тепалигида жойлашган. Аҳолисининг сони атиги 1000 кишига яқин. Бу мамлакат кичкина бўлишига қарамай, диний эътиқод йўналишида дунё миқёсида катта ўрин тутади. Давлат тузилиши – мутлақ теократик монархия. Давлат бошлиғи – Рим папаси.

Дунёдаги энг кичкина давлат бўлишига қарамай Ватикан иқтисодий жиҳатдан кучлидир. Жумладан, бу давлат йирик капитал маблағлар, дунёнинг бир қатор компанияларининг катта миқдордаги акциялари, Италия, Испания, Германия ва Лотин Америкаси мамлакатларида катта кўчмас мулкларга эга.   

Ер юзида энг кўп аҳолига эга мамлакат бу – Хитой. Чин юрти қарийб йигирма асрдан бери дунёда аҳоли сони бўйича биринчиликни эгаллаб турибди. 2019 йил маълумотларга кўра унинг аҳолиси сони   1 404 328 611  кишига етди.  Яъни дунёдаги ҳар бешта инсоннинг бири хитойликдир. Сўнгги йиллардаги  «бир оилага – бир фарзанд” номи билан олиб борилган фаол демографик сиёсат натижасида мамлакатда табиий ўсиш даражаси анча камайган.  Аҳоли сони бўйича Хитойдан кейинги ўринни Ҳиндистон 1 189 172 906 кишилик миқдор билан эгаллаб турибди. Асримизнинг ўрталарига бориб Ҳиндистон аҳоли сони бўйича Хитойдан ўтиб кетиши мукин. Курраи заминдаги энг кам аҳолига эга мамлакат – Уек ороллари. У ерда атиги  200  киши яшайди, холос.