Shan. Avg 8th, 2020

EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

ҚЎҚОННИНГ ҚАДИМ БОҒЛАРИ

Туризм бугун мамлакатимизда нафақат иқтисодиётнинг етакчи тармоғи сифатида, шунингдек, миллий анъана ва қадриятлар, урф-одатлар, узоқ ҳамда яқин  ўтмиш билан сайёҳларни таништиришнинг муҳим воситаси тариқасида эътироф этилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2018 йил 6 февралдаги “Кириш туризмини ривожлантириш чора – тадбирлари тўғрисида”ги  ва 2018 йил 7 февралдаги “Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора – тадбирлари тўғрисида” қарорлари бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир. Айни йўналишда қадим ва навқирон Қўқонда ҳам эътиборга лойиқ экотуризм объектлари бор.

Қўқон шаҳрининг тарихий ёдгорликлар кўплиги бўйича республикамизда Хива, Бухоро, Самарқанд шаҳарларидан кейинги тўртинчи ўринда туриши унинг бой тарихи билан боғлиқ. Ўз даврида етарлича  бунёдкорлик салоҳиятига эга бўлган Қўқон хонлари шаҳарда Амир Темур Самарқандда бунёд этган 14 та боғларга монанд истироҳат боғларини барпо этишган. Қўқоннинг дастлабки ҳукмдори Шоҳруҳбий Қўқон шаҳрида ўзи учун ёзлик қароргоҳ ва Чорчаман боғини, Ширмонбулоқ маҳалласи ўрнида “Бегим Бону” ва унинг қирқ канизаги учун “Чилдухтарон” боғини барпо эттиради. 

Яна бир Қўқон хони Абдулкаримбий қалмоқлар билан бўлган жангда ҳалок бўлган жангчилар хотирасига бағишлаб “Жанжалбоғ” номли хотира боғи бунёд этади. Бугунги кунда ушбу боғ катта қабристон ўрнига тўғри келади. Қўқон хонлари хилхонаси бўлган Даҳмаи Шоҳон ва Модарихон даҳмалари ҳам айнан ушбу боғ жойлашган ҳудудда жойлашган. Қўқоннинг кўҳна маркази ҳисобланган ушбу ҳудудни тарихий қиёфасини тиклаш сайёҳлар оқимини кўпайишига олиб келади.

1750 йилда Қўқонга ҳукмдорлик қилган Эрдонабий Ҳусайн Бойқаронинг Хиротда бунёд этган “Боғи нақши жаҳон” боғига монанд равишда боғ барпо этади. Норбўтабий бўлса, Тошлоқ ва Қатағон маҳаллалари ҳудудида “Боғи Бехишт”, “Боғи Атиргул”, “Боғи раҳмат” боғларини барпо этади. Айни дамда Фарғона вилоятининг Тошлоқ тумани ҳудудига тўғри келадиган ушбу боғларни қайта барпо этилиши кичик шаҳарчалар ва қишлоқ туризмини янада ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга.

Амир Умархон бўлса, Амир Темур бунёд этган Боғишамол боғига монанд шу номдаги боғ бунёд этади. Шунингдек,  Фарғона вилоятининг Данғара тумани, Хўжа қишлоғида Бухородаги Лабиҳовуз боғига монанд боғ қурилган. Боғда ҳовуз, Ҳуббиота номли мақбара ва ҳонақоҳ мавжуд. Бу ерда азалдан мунтазам халқ сайллари ўтказиб турилган. Мазкур ҳудуднинг ўзига хос томони шундан иборатки, Фарғона водийсидаги “очиқ осмон остидаги табиат ёдгорлик музейи” мақомига эгалиги, тинчлик элчилари қўним топган лайлаклари билан машҳурдир. Бугунги кунда ҳам ушбу зиёратгоҳ зиёратчилар билан доим гавжум. Данғара тумани худудидаги ушбу зиёратгоҳни  Бобурийлар даври боғдорчилик ва ландшафт ҳусусиятларини йўқотмаган ҳолда қайта тикланиши учун барча шароитлар мавжуд. Шунингдек, Қўқон давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида жойлашганлиги туфайли туризмни бошқа турлари жумладан, экотуризм, ов туризми, агротуризмни ҳам ривожлантириш мумкин.

Ўз даврида Саййид Олимхон томонидан  “Боғи Баланд”, 1812 йилда “Боғи Беҳишт” боғлари яратилган. Бу боғлар Амир Умархон даврида  кўплаб адабий кечалар ташкил этиладиган марказ вазифасини ҳам бажарган. Қўқон хони Муҳаммад Алихон  даставвал шаҳарнинг чеккасидаги Афғонбоғ қишлоғидаги ёзги қароргоҳ ҳудудида “Шоҳаншин” боғи, 1824 йилда “Боғи Дилкушо”, “Боғи Майдон”, 1826 -1829 йилларда “Жоҳоноро” боғлари бунёд этилган. Ўша даврдаги истироҳат боғларидан бирининг ўрни айни дамда Ўзбекистон тумани Афғонбоғ қишлоғи ўрнига тўғри келади. Бу қишлоқ ўзининг шифобахш булоқлари ва бетакрор табиати билан ҳар қандай сайёҳларни ўзига ром этиши тайин. Шунинг учун ҳам ушбу “Шоҳаншин” боғини  қайта тиклаш мақсадга мувофиқдир.

Қўқон хонларидан яна бири Худоёрхон ҳам боғ барпо этишда аввалги ҳукмдорлар ишини давом эттирган.У ўзининг севимли хотини,  Наманганнинг тоғли Исковот қишлоғидаги Абдулатифхон тўранинг қизи Моҳзода Бегимга атаб барпо эттирган “Ойим боғи”  ва “Чорбоғли” боғ ҳам эътибога лойиқ манзиллардан саналган.  

Мухтсасар қилиб айтганда, Қўқон шаҳрида тарихий аҳамиятга эга бўлган ушбу боғларни кичик ҳиёбон тарзида бўлса-да қайта тикланиши ёш авлодни ватанпарварлигини ошишига хизмат қилади. Шу билан бирга сайёҳлар оқимини оширади, Қўқонни экологик жиҳатдан баҳаво шаҳарга айланишига олиб келади.

Санжарбек МАМАЮСУПОВ,

Ўзбекистон Экологик партияси

Қўқон шаҳар Кенгаши раиси.

Музаффаржон МАНСУРОВ,

Ўзбекистон Экологик партияси

Данғара тумани Кенгаши раиси.


EKOPRESS.UZ. Веб-сайт ОАВ сифатида 2019 йил 13 майда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан № 1287 рақам билан рўйхатга олинган. Муассис: “EKOJURNALIST” МЧЖ. Сайт раҳбари: Қувватов.А. Таҳририят манзили: 170400, Андижон вилояти, Бўз шаҳарчаси, Ипак йўли кўчаси, 3-уй.