EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

ДАНҒАРАНИНГ СЎЛИМ МАСКАНЛАРИ

Бугунги кунда туризм нафақат иқтисодиётнинг энг етакчи тармоғи сифатида эътироф этилади. Шунингдек, халқ фаровонлигини кўрсатувчи омил, она табиатни асл ҳолатида келажак авлодга етказишнинг муҳим кафолати сифатида ҳам алоҳида аҳамият касб этяпти. 

Фарғона водийсида “Қуббат ул ислом” мақомига эга Андижон, “Ғазнайи Намангон” ёки “Намангони Эшоний” унвонига эга Наманган шаҳри, “Хўқанди Латиф” деб шарафланган Қўқон шаҳри, “Мовий сополлар очиқ осмон остидаги шаҳар” мақомига эга Риштон, “Очиқ осмон остидаги темирчилик маркази” мақомига эга Чуст шаҳри, “шаҳарларнинг онаси” “Фарғона водийси Африосиёби” номи билан машхур Ахсикент каби қадимий шаҳарлари билан ҳар қандай сайёҳни мафтун этиши мумкин бўлган улкан туристик потенциалга эга анзиллар мавжуд. Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, Фарғона водийси “Ўзбекистон марвариди” сифатида ўзининг рекриацион имкониятларининг юқорилиги билан Ўзбекистоннинг қолган барча туристик минтақалардан ажралиб туради.

Фарғона вилоятининг Данғара туманида ҳам сўнгги йилларда туризмни ривожлантириш ва янги иш ўринларини яратишга алоҳида аҳамият қаратиб келинмоқда. Жумладан, туманнинг Хўжа қишлоқ ҳудуди туристик имкониятлари билан бошқа минтақалардан фарқ қилади. Бу ҳудуднинг  бетакрор табиати, ҳусусан Сирдарё соҳилига бевосита чегарадошлиги, ўрмон ҳудулари, йил давомида бир ҳил ҳароратда чиқувчи иссиқ менерал булоқлари, тўқай терассалари, Сирдарёнинг қадимий ўзани ётқизиқларини ўзида жамлаганлиги туфайли, табиат қўйнига саёҳатга чиқиш истагида бўлган сайёҳларни ўзига тортади.

Ҳўжа қишлоқда тарихий аҳамиятга эга бўлган қарийб 30 гектардан зиёд майдонни ўз ичига олган Хоб бува зиёратгоҳи ўзига хос афсона ва ривоятларга бой ўтмиши билан ажралиб туради. Ушбу зиёратгоҳнинг яна бир муҳим – хорижлик ва маҳаллий туристларнинг қизиқтирувчи томони шундан иборатки, “Қизил китоб”га киритилган Туркистон лайлаклари йил давомида бу масаканни ўзлари учун домий ошён тутганлигидир. 100 га яқин асрий қайрағочларнинг ҳар бирида Туркистон лайлаклари уяларини кўриш мумкин. Агар бу ерга эрта тонгда келсангиз, лайлакларни ўзига хос сайраши ва парвозидан баҳраманд бўласиз.  Қўқон ўрмон хўжалиги раҳбари Мансурхўжа Хўжаев ўзининг “Данғара тилсимотлари” асарида бу ҳудуд тўғрисида қизиқарли маълумотларни келтириб ўтган ҳамда Хоб бува зиёратгоҳи ҳудуди “очиқ осмон остидаги табиат қўриқхонаси” сифатида юксак баҳолаган.

Айни дамда ушбу ҳудудга туристлар ташрифи ошиб бораётганлиги туфайли, мотель барпо этиш ишлари бошланган, хизмат кўрсатиш соҳалари, “Чинор таги” чойхонаси миллий услубда янгича қиёфа касб этиб бормоқда. Менерал булоқ ҳудудлари ҳам ободонлаштирилганлиги, йўл инфратузилмаси янгича қиёфа касб этганлиги туфайли ҳам ўзига хос кичик туристик зонага айланиб улгурди. Биз якуний хулоса ўрнида айтиб ўтмоқчимизки, ушбу зиёратгоҳ ҳудудига устоз Мансурхўжа Хўжаев таклифларини инобатга олган ҳолда “очиқ осмон остида табиат қўриқхонаси” мақоми берилса туристлар оқимининг янада ошишига хизмат қилган бўлар эди. 

Музаффаржон Мансуров,

Ўзбекистон Экологик партияси Данғара тумани Кенгаши раиси.