Shan. Avg 8th, 2020

EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

БУ – УРУШДАН-ДА ХАВФЛИРОҚ

Тарихдан маълумки,  урушлар инсон ҳаётига хавф солувчи энг катта даҳшатли воқелик  саналади. Сабаби, уларнинг оқибатида неча-неча одамлар бевақт ҳалок бўлади, қанча-қанча оилалар отасиз  ёки онасиз қолади, яқинларидан ажралади.

Бугун  жамиятимизда содир бўлаётган бир жараён борки, бу ана шу урушлардан ҳам анчайин хавфли ҳисобланади. Боиси, кўз ўнгимизда, эътиборсизлигимиз, лоқайдлигимиз натижасидаги мазкур жараёнда миллионлаб одамлар ҳалок бўлмоқдаки, жимгина кузатиб турибмиз. Бу – табиий мувозанатнинг издан чиққанлиги, экологик беқарорликнинг юзага келиши ҳисобланади.Фикримизнинг исботи учун эътиборингизни далилларга қаратамиз.

Мутахассисларнинг маълумотига кўра, бугунги кунда планетамизда ҳар хил ёқилғиларни ёқиш сабабли йилига 10,1 миллиард тоннадан зиёд кислород сарф бўлмоқда, қишлоқ хўжалигига яроқли ерларнинг 70 фоизи, чучук сувларнинг 20 фоизи ўзлаштирилиб фойдаланилмоқда, ўрмонлар эгаллаган майдонлар йилдан-йилга камайиб бормоқда, чўл зоналарининг майдони ошиб бормоқда, ҳаво ҳарорати йилдан-йилга кўтарилмоқда. Бунинг устига, дунё аҳолиси ҳар йили ўсиб бориб, табиий заҳиралардан хўжалик мақсадларида янада кўпроқ фойдаланишга тўғри келмоқда. Шунингдек техниканинг, саноат корхоналарининг ривожланиши ҳам атроф-табиий муҳитга жиддий зарар етказмоқда. Буларнинг оқибати ўлароқ дунёда экологик муҳитнинг ёмонлашуви билан боғлиқ турли хил касалликлар келиб чиқмоқда. Ер куррасининг тақдири учун инсон томонидан ўтган асрдаёқ бонг урилган, ҳозирги юз йилликда эса атроф-табиий муҳитга нисбатан инсоннинг таъсири ортиб кетиши натижасида дунё экологик инқироз даражасига етди. Атроф табиий муҳитни ифлослантириш, табиий ресурсларни ишдан чиқариш, экотизимдаги табиий алоқаларни бузилиши глобал муаммо касб этди. Агар инсоният ҳозирги таррақиёт йўлидан боришни давом эттирса, табиатни муҳофаза қилиш соҳасида ижобий ўзгариш ясамаса унинг ҳалокати икки-уч авлод яшаб ўтгандан сўнг юз бериши эҳтимолдан холи эмас.

Биргина экологик муҳитнинг бузилиши  натижасида қатор давлатларда ҳар куни минглаб инсонлар ҳаёти якун топяпти. Сув етишмаслиги, озиқ-овқат танқислиги оқибатида ҳалок бўлаётган болаларнинг саноғига  етиб бўлмайди. Ҳавоси бузилган, тупроғи заҳарланган ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳоли орттирган касалликларнинг кўлами ҳам қурбонларнинг ортишиги сабаб бўляпти. Уларнинг барчаси жам қилинса  рақамлар миллионларни ташкил этади. Демакки, бу ҳар қандай уруш, ҳаттоки ядро хавфидан ҳам каттароқ хатар ҳисобланади. 

Бу ҳақда бизга табиатнинг ўзи бонг уряпти. Жойларда юз бераётган экологик ҳалокатлар, ер, сув, ҳавонинг ифлосланиши, чексиз ўрмонлардаги ёнғинлар, саноат ва маиший чиқиндилар, бунинг натижасида келиб чиққан иссиқхона эффекти, асрий музликларнинг эриши, иқлим ўзгаришлари қайта-қайта янграётган огоҳлантириш ҳисобланади. Бу жуда катта хатар ва унга нисбатан асло эътиборсизлик қилиб бўлмайди. Негаки, яшаб турганимиз  курраи замин тақдирига барчамиз даҳлдормиз. Уни келажак авлодга обод ва соф ҳолда етказиш, йўл қўйган хатоларимиз оқибатида юзага келган муаммоларни бартараф этиш ва алал оқибат табиат олдидаги бурчимизни адо қилиш биринчи галдаги вазифамиздир.

Демак, огоҳ бўлинг, табиат биздан меҳр кутади, акс ҳолда қаҳрини ҳам сочиши мумкин. Аммо, унда кеч бўлади. Шу боис табиат муҳофазаси йўлида бирлашайлик, юртимиз табиий бойликларини асраб авайлайлик, токи биздан озод ва обод Ватан қолсин!


EKOPRESS.UZ. Веб-сайт ОАВ сифатида 2019 йил 13 майда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан № 1287 рақам билан рўйхатга олинган. Муассис: “EKOJURNALIST” МЧЖ. Сайт раҳбари: Қувватов.А. Таҳририят манзили: 170400, Андижон вилояти, Бўз шаҳарчаси, Ипак йўли кўчаси, 3-уй.